в. Ҳид билиш аъзолари (ҳид билиш анализатори).
Ит бурнидаги ҳид сезиш аъзоси бурун бўшлиғининг тубида жойлашган ва ҳид сезувчи эпителий тўқимаси билан қопланган. Ундаги шиллиқ парда сариқ-қўнғир рангда бўлиб, у нисбатан бир оз қалинлашган. Шиллиқ парда деворида эса ҳид сезувчи рецепторлар жойлашган. Улардан ҳосил бўлган ўсимталар шиллиқ парданинг юзасига йўналган ҳолда ҳид сезувчи пуфакчалар билан якунланади. Ўсимталарнинг айримлари эса панжарасимон суякда ҳосил бўлган тешикчалар орқали ўтиб, бош мия таркибидаги ҳид билувчи пиёзчаларнинг ҳужайралари билан бирлашади. Пиёзчалардан чиққан нерв толалари ҳам ўзаро бирлашиб, ҳид билиш нервларини ҳосил қилади ва уларни ўз навбатида бош миянинг ҳид билувчи марказига йўналтирилади. Нафас олиш жараёнида ўзидан ҳид таратувчи моддаларнинг молекулалари буруннинг ҳид сезувчи қисмига ўтиб, ундаги ҳид сезувчи рецепторларни қитиқлайди.
Итларда ҳид сезиш қобилияти кўриш ва эшитиш қобилиятига нисбатан анча яхши ривожланган. Уларнинг бу қобилиятидан изқувар итларни тайёрлаш жараёнида унумли фойдаланса бўлади. Аммо турли хил зотга мансуб бўлган итларда ҳид сезиш қобилияти турлича ривожланганлигини таъкидлаб ўтиш лозим.
Ҳайвон организми ўта толиққанда ёки буруннинг шиллиқ пардасида яллиғланиш жараёни кечаётганда, шунингдек итларнинг бўғозлик даврида уларнинг ҳид сезиш қобилияти кескин пасайганлигини кузатиш мумкин. Шуни ҳам ёдда сақлаш лозимки, итларнинг ҳид сезиш аъзоларига бирон бир ўткир ҳидли модданинг узоқ вақт давомида таъсир қилиши ҳайвон ҳид сезиш қобилиятининг пасайишига олиб келади, яъни мазкур ҳид унга сезилмай қолади. Бундай ҳолларда ўша ҳидга нисбатан итнинг сезувчанлик қобилиятини тиклаш учун жониворнинг ҳид сезиш аъзоларига бир оз муддат ичида дам бериш лозим бўлади. Ҳид сезиш органининг бундай хусусиятини, айниқса итлар билан из топиш машғулотларини ўтказиш жараёнида эсдан чиқармаслик лозим.
г. Таъм билиш аъзолари.
Итларнинг асосий таъм билиш аъзоси тил ҳисобланади. Тилнинг шиллиқ пардасида таъм сезувчи сўрғичлар мавжуд бўлиб, улардаги рецепторлар турли хил моддалар томонидан кимёвий таъсир ўтказувчи қитиқланишни қабул қилади. Таъм билиш сўрғичларининг шаклига кўра улар уч турга, яъни замбуруғсимон, япроқсимон ва гулчасимонларга ажратилади. Бундан ташқари тилда ипсимон сўрғичлар ҳам мавжуд, аммо улар таъм сезиш учун эмас, балки оғиз бўшлиғидаги озуқани механик ушлаш учун хизмат қилади. Кимёвий моддаларнинг таъм сезувчи сўрғичлар рецепторларига қитиқловчи таъсирни ўтказиши нервларда қўзғалиш жараёнининг ривожланишига замин яратади ва кейинчалик у нерв толалари орқали марказий нерв системасига узатилади.
Итларнинг таъм сезиш рецепторлари тўрт хил таъмни, яъни шўр, аччиқ, ширин ва нордон таъмни сезиш қобилиятига эга. Таъм сезиш аъзолари итларда озуқани таҳлил қилишга ёрдам беради. Бундан ташқари, ҳазм қилиш жараёнида мураккаб рефлектор йўллар орқали шира ажратиш безлари ҳам қўзғатилади.
Итларни ўргатиш жараёнида уларни рағбатлантириш учун таъм сезиш аъзоларидан кенг фойдаланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |