Хоразм Маъмун академияси. Маъмунийлар академияси — Хоразмда Х аср охири —ХI аср бошларида фаолият кўрсатган илмий муҳит бўлиб, Маъмунийлар давлати (992—1017 йй.) тарихи билан бевосита боғлиқ. Али ибн Маъмун (997—1010) тоғаси Абу Наср ибн Ироқ таклифи билан саройда илм аҳли учун яхши шароит яратиб берган. Шу тариқа 1004 йилдан бошлаб Гурганжда «Дорул ҳикма ва маориф» (баъзи бир манбаларда «Мажлиси уламо») номини олган илмий муассаса тўла шаклланган. Бу илмий муассасада худди Афинадаги «Платон», Бағдоддаги «Байт ул-ҳикмат» академияси фаолиятига ўхшаб илмнинг барча соҳаларида тадқиқот ва изланишлар олиб борилган, жуда кўп манбалар тўпланган, таржимонлик ишлари бажарилган; ҳинд, юнон, араб олимларининг ишлари ўрганилган; Ал-Хоразмий, Ал-Фарғонийларнинг ўлмас асарлари, илмий ишларидан фойдаланилган ва тадқиқ қилинган. ХVIII—ХХ аср тарихчи олимлари томонидан илмий муассаса ҳар томонлама ўрганилган ва ўз фаолияти нуқтаи назаридан бу даргоҳ ўз даврининг академияси бўлганлиги исботланган ва унга «Маъмун академияси» номи берилган. Хоразм Маъмун академияси олимлари Юнонистон, Яқин ва Ўрта Шарқ, Ҳиндистон илм-фан ютуқларини ижодий, танқидий ўрганиб, уни янада юксак босқичга кўтарганлар. Академия аъзоларининг аксарияти олим сифатида Марказий Осиёда шаклланганлар. Уларнинг илмий фаолияти, асарлари туфайли Қадимги Хоразм бадиий санъати, адабиёти, астрономияси, математикаси, суғориш маданияти ютуқлари жаҳон тамаддуни хазинасига кирган ва бутун инсоният манфаатларига хизмат қила бошлаган.
Хоразмшоҳ Маъмун ибн Маъмун (Маъмун II) саройидаги олимлар шуҳрати ўз даврида узоқ ўлкаларга тарқалган. Бу эса Маҳмуд Ғазнавийнинг ғашига теккан. У уюштирган суиқасд натижасида 1017 йилнинг баҳорида Маъмун II ўлдирилган ва ўша йилнинг июнида куёви учун қасос олиш баҳонаси билан Маҳмуд Ғазнавий Хоразмга бостириб кирган. Катта қирғин ва талон-торожликлар натижасида Хоразм Маъмун академияси фаолияти тугатилган ва бу ердаги олимларнинг кўпчилиги Ғазнага мажбуран олиб кетилган.
Ўзбекистан Республикаси биринчи президентининг «Хоразм Маъмун академиясини қайтадан ташкил этиш тўғрисида»ги фармони (1997 йил 11 ноябр.) Ўзбекистоннинг илмий салоҳиятини юксалтириш, унинг жаҳон илмий ҳамжамиятидаги ўрнини мустаҳкамлаш, минтақаларда фанни янада ривожлантириш ҳамда истеъдодли ва фидойи олимларни қўллаб-қувватлаш, юқори интеллектуал муҳит яратишдаги миллий анъаналарни ривожлантиришда қуйилган муҳим қадам бўлди.
4. IX-XII асрларда халифаликдан ажралиб чиққан мустақил давлатлар Сомонийлар, Қорахонийлар, Салжуқийлар ва Ғазнавийлар, Хоразмшоҳлар даврида бу мустақил марказлашган давлатларни янада мустаҳкамлаш учун ислом динига, унинг таълимотига, тарихий аҳкомларига эътибор бир неча бор кучаяди. Шаҳарларда масжидлар ва мадрасалар қурилишига эътибор берила бошлади. Бу даврда ислом таълимотига бебаҳо ҳисса қўшган Имом ал-Бухорий ва Исо ат-Термизий каби кўплаб уламолар етишиб чиқдилар. Улар шу кунга қадар ҳадис илмининг энг кўзга кўринган, бутун мусулмон дунёси томонидан тан олинган алломалар даражасига кўтарилган зотлардир. Имом Бухорий(810-870 йй.) ислом дини масалаларига бағишланган йигирмага яқин асар ёзди. Шу китоблар орасида Бухорийнинг бутун дунёга машҳур қилган асари «Ал-Жоме ас-саҳиҳ» («Ишончли тўплам»)дир. Бу асар 160 қисмдан иборат бўлиб, 3450 бобни ўз ичига олади. Бухорий ҳадисларни тўплаш ва баён этишда унинг ҳақиқийлига асосий эътибор берган, унинг ҳақиқатга яқинлигини исботловчи далилларни келтирган ва шу асосда ҳадисларни классификация қилган олимдир.Биринчи президентимиз И.Каримов: “Ал-Жоме ас-саҳиҳ” китоби ислом динида Қуръони каримдан кейинги иккинчи муқаддас манба бўлиб,аҳли ислом эътиқодига кўра, у башарият томонидан битилган китобларнинг энг улуғи ҳисобланади, ”49 –деган фикрларни билдирган..
Do'stlaringiz bilan baham: |