Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўзбекистон республикаси маданият вазирлиги ўзбекистон давлат консерваторияси


-мавзу.IX-XII асрларда ўзбек давлатчилиги.Аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси



Download 361,06 Kb.
bet9/21
Sana21.02.2022
Hajmi361,06 Kb.
#46573
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   ...   21
Bog'liq
Tarix Маърузалар (1)

5-мавзу.IX-XII асрларда ўзбек давлатчилиги.Аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси.
Режа:
1.Марказлашган феодал давлатларнинг вужудга келиши: Тохирийлар, Сомонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар.Қорахонийлар ва Хоразмшохийлар .
2.IX-XII асрларда маданий юксалишнинг шарт-шароитлари.
3.IX-XII асрларда аждодларимизнинг илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси.
4. IX-XII асрларда ислом дини ва сўфийлик.
1. VIII аср охири - IХ аср бошида халифаликни ларзага келтирган оғир сиёсий вазият Аббосийларни Мовароуннаҳр ва Хуросонда олиб бораётган сиёсатини ўзгартиришга мажбур этди. Эндиликда улар шарқий вилоятларни бошқаришда давлат ишларига маҳаллий зодагонларни жалб этиш ва уларнинг қўли билан бу вилоятларни халифалик тасарруфида тутиб туришга ҳаракат қиладилар. Натижа аббосийлар кўзлагандек бўлиб чиқмади. Маҳаллий зодагонлар Мовароуннаҳр ва Хуросонни аста-секин ўз тасарруфларига олибгина қолмай, халифалик марказида ҳам ҳокимиятни бошқаришда тобора кўпроқ иштирок эта бошладилар. Бунга айниқса, халифа Ҳорун ар-Рашид (786—809) вафотидан сўнг унинг ўғиллари Маъмун билан Амин ўртасида 809-813 йилларда тахт учун бўлган кураш катта йўл очиб беради.
Маъмун узоқ йиллар мобайнида Хуросон ва Мовароуннаҳрнинг ноиби бўлиб, маҳаллий зодагонлар билан жуда яқинлашиб кетган эди. Араблар халифа­лик тахтига Аминни кўтарадилар. Ҳирот вилоятининг зодагонларидан бушанжлик Тоҳир ибн Ҳусайн бошлиқ Хуросон ва Мовароуннаҳр мулкдорлари Маъмунга ёрдам берадилар. 813 йилда улар Бағдодга юриш қилиб, уни қўлга киритдилар. Маъмун халифалик тахтига ўтқазилади. Тоҳир ибн Ҳусайнга Бағдодда юксак лавозимлар берилади. Маъмун эса Сомонхудотнинг набираларини Мовароуннаҳрнинг муҳим шаҳар ва вилоятларига ноиб қилиб тайинлади. Нуҳга Самарқанд, Аҳмадга Фарғона, Яҳёга Шош ва Уструшона, Илёсга эса Ҳирот вилоятлари тегади. Бунинг эвазига ака-ука Сомонийлар Мовароуннаҳрнинг ҳар йилги хирожидан жуда катта маблағни Тоҳирийлар орқали халифа хазинасига юбориб турганлар. IХ аср географи Ибн Хурдодбеҳнинг ёзишича, Шошдан 607 минг, Суғддан 326 минг, Фарғонадан 280 минг, Уструшонадан эса 50 минг кумуш дирҳам тушган.
821 йилда Тоҳир ибн Ҳусайн Хуросон ва Мовароуннаҳрнинг ноиби этиб тайинланади. У халифаликдан мустақил бўлишга ҳаракат қилади. Хутбадан хали­фа номи чиқариб ташланади. Бироқ кўп вақт ўтмай Тоҳир ибн Ҳусайн тўсатдан вафот этади.37 Хуросон ва Мовароуннаҳр бошқаруви Тоҳирийлар хонадонига мерос бўлиб қолади. Тоҳир ибн Ҳусайннинг ўғли Абул Аббос Абдуллоҳ ноиблиги (830-844) даврида маъмурий марказ Марвдан Нишопур шаҳрига кўчирилади.
Тоҳирийлар даврида Сомонхудот авлодлари Мовароуннаҳр шаҳарларида маҳаллий ноиб эдилар. Тоҳирийлар уларни ўзларига тобе деб билганлар. Хуро­сон ва Мовароуннаҳрда Араб халифалигининг бир асрдан ортиқ давом этган бевосита ҳукмронлиги тугаб, икки маҳаллий сулола сиёсий жиҳатдан қарор топди ва мустақил давлат шаклланди. Тоҳирийлар ва Сомонийлар исломни ўз тасарруфидаги вилоятларда арабларга нисбатан анча муваффақият билан тарқатдилар. Давлатнинг ташқи чегаралари мустаҳкамланди.
Тоҳирийлар расман ўзларини халифага тобе деб кўрсатсалар ҳам, амалда мутлақо мустақил иш юритадилар. Улар даставвал сиёсий ҳокимиятни мустаҳкамлашга ва қишлоқ хўжалигини тартибга солишга ҳаракат қиладилар. Абул Аббос Абдуллоҳнинг топшириғи билан Хуросоннинг билимдон фиқҳшунослари деҳқончиликда сув манбаларидан фойдаланиш тартиблари, сув тақсимоти қоидалари ҳақида рисола ёзиб маъмурларга тақдим этдилар. Бу рисола икки аср мобайнида сувдан фойдаланувчилар ўртасида дастуруламал бўлиб хизмат қилди. Тоҳирийлар давлат бошқаруви, фуқароларига муносабат ва айниқса солиқ тартибларига алоҳида аҳамият берди. Шубҳасиз, бу билан меҳнат аҳлинигина эмас, балки умумдавлат манфаатлари кўзда тутилган. Тоҳирийлар замонида ҳам меҳнат ахли мулкдор деҳқонларнинг жабр-зулмидан, оғир солиқларидан безор бўлиб, мамлакатда тез-тез қўзғолон кўтариб турарди. Қўзғолонда айниқса, “ғозийлар” фаоллик кўрсатардилар. Улар кўчманчилар ҳужумини даф этиб туриш мақсадида, асосан, камбағал ҳунарманд ва ерсиз зироатчилардан тузилган кўнгилли лашкар эди. IХ асрнинг 60-йилларида Хуросон­да ғозийлар фаоллигида халқ қўзғолони авж олиб кетади. 873 йилда Тоҳирийлар ҳукмронлиги тугатилиб, янги Саффорийлар давлати ташкил топади. Мамлакатда содир бўлган бундай сиёсий ўзгаришдан сўнг Мовароуннахр Хуросондан ажралиб ўз мустақиллигини тўла тиклаб олиш имконига эга бўлди.
Бу даврда Мовароуннаҳрнинг Самарқанд, Фарғона, Шош (Тош­кент) ва Уструшона вилоятларида Со­монийлар хонадонининг вакиллари ноиб эди. Юртга аввал Нуҳ, сўнгра Аҳмад бошчилик қилади. Улар ҳатто ўз номларидан мисдан чақалар зарб этадилар. Аҳмад вафотидан (865) кейин унинг ўғли Наср I (865-892 йилда Самар­қанд ҳокими; 875 йилдан Мовароуннаҳр амири) Самарқандни марказга айлантиради. Бухоро воҳаси, Нахшаб (Қашқадарё), Чағонруд (Сурхондарё) водийларидан ташқари Мовароуннаҳрнинг барча вилоятларини бирлаштириш ва уни Хуросондан ажратиб олиш чораларини кўради. Тоҳирийлар давлатининг барҳам топиши билан мустақил бўлиш учун қулай шароит пайдо бўлади. Чунки саффорийлар Мовароуннаҳрга ҳукмронлик қилишни уддасидан чиқа олмайдилар. Бухоро зодагонларининг илтимосига биноан, Самарқанд ҳукмдори Наср ибн Ахмад Бухорога ноиб қилиб укаси Исмоилни (874) юборади. Шундай қилиб, IХ асрнинг охирги чорагида Мовароуннаҳр Сомонийлар тасарруфига ўтган.
Сомонийларнинг тобора кучайиб бориши Араб халифалигини хавотирга солган. Шу боисдан халифа Саффорийлар билан Сомонийларни тўқнаштириб, Хуросон ва Мовароуннаҳрда ўз таъсирини қайта тиклашга ҳаракат қилади. Натижада 900 йилда улар ўртасида бошланиб кетган уруш Исмоилнинг ғалабаси билан тугайди. Шундан кейин Исмоил Сомоний Хуросонни ҳам ўз давлати таркибига қўшиб олди. Халифа Исмоилга Сомоний давлатини тан олишга мажбур бўлди.38
Сомонийлар ўз тасарруфидаги улкан мамлакатни бошқаришда даставвал ихчам давлат маъмуриятини ташкил этдилар. Маъмурият подшо саройи ва девонлар (марказий ҳокимият) дан иборат эди. Наршахийнинг маълумоти бўйича, Сомонийлар ҳокимияти, асосан, ўнта девон бошқарувида идора этиларди. Улар орасида вазир девони бош бошқарув маҳкамаси бўлиб, давлатнинг маъмурий, сиёсий ва хўжалик тартиботи унинг бевосита назорати остида тутиб туриларди. Барча девон бошлиқлари вазирга тобе эди.
Наср II ибн Ахмад (914—943) даврида Бухоронинг Регистон майдонида 943 йил Дор ул-мулк саройи (вазирлар махкамаси) ва унинг қаршисида девонлар учун махсус сарой қурилган. Маҳкама хизматчилари араб ва форс тилларини пухта эгаллаган, Қуръон тафсири ва шариатнинг асосий қоидаларини яхши биладиган, турли фанлардан етарлича хабардор бўлган саводли аслзодалардан танлаб олинган. Вилоят девонлари маҳаллий ҳокимга, айни вақтда марказий маҳкаманинг тегишли девонига бўйсунарди. Вилоят ҳокимлари баъзан вазир деб юритиларди. Улар сулолавий хонадонга тегишли амирзодалар ёки собиқ маҳаллий ҳукмдорлар ҳамда зодагон деҳқонлардан тайин этиларди. Булардан ташқари ҳар бир шаҳарда раис (шаҳар бошлиғи) ҳамда муҳтасиб (назоратчи) бўларди. Уларни ҳокимнинг ўзи маҳаллий аслзода ёки кўпинча олий табақа руҳонийларнинг нуфузли вакилларидан тайинлар эди. Мансабдорлар маошига давлат йиллик даромадининг деярли ярми сарфланарди.
Мовароуннаҳрда ислом руҳонийларининг обрўси ошиб, пойтахт Бухоро Шарқда ислом динининг энг нуфузли марказларидан бирига айланди. Шаҳарларда кўплаб ибодатхоналар, жумладан жоме масжид, хонақоҳ (ғарибхона)лар бино қилинди. Худди шу даврда мусулмон Шарқидаги илк мадрасалардан бири (Форжак) Бухоро шаҳрида қад кўтарди. Мад­раса шаҳарнинг Дарвозаи Мансур маҳалласида амир ҳаммомининг ёнида жойлашган эди.
Мамлакат маънавий ҳаётининг таянчи бўлган ислом мафкурасига бу даврда “устод” — дин ва илм пешволари раҳнамолик қиларди. Кейинчалик бу атама тарк этилиб, дин пешволари ва ислом уламоларининг раҳнамоси “шайхулислом” деб янада улуғланди. Шайхулисломдан кейин хатиблар турарди. Сомоний­лар ислом мафкурасининг ривожига катта аҳамият беради. Масжид, мадраса ва хонақоҳлар қуриш учун махсус жойлар ва уларнинг сарфу харажати учун катта-катта мулклар ажратилиб берилади. Натижада диний муассасалар тасар­руфидаги ер-мулклар тобора кўпайиб, янги турдаги хўжалик — вақф таркиб топади. Масалан, Наршахийнинг ёзишича, Исмоил Сомоний Афшина қишлоғининг экин ерлари ва атрофидаги яйловларни Бухоро мадрасасининг талабаларига вақф қилиб беради, шунингдек, амир Регистон майдонига туташган Даштак қамишзорини мулкдор араб лашкарбошисидан 10 минг дирҳамга сотиб олиб, Бухо­ро шаҳрининг жоме масжиди вақфига қўшиб беради. Шу тариқа масжид ва мадрасалар тасарруфида катта-катта ер ва мулклар тўплана борди.
Сомонийлар мамлакатни ташқи ва ички душман хуружларидан муҳофаза қилишга катта эътибор берадилар. Хусусан, Исмоил Со­моний яхши қуролланган ҳарбий қўшин ва турк ғуломларидан махсус сарой қўшинини тузади. Турк ғуломининг ҳарбий хизмати қатъий белгиланган тартибда ўтар эди. Энг қобилиятли ва узоқ йиллар хизмат қилган айрим ғуломлар хайлбоши (отлиқ отряд бошлиғи), сўнгра эса нуфузли ҳожиб лавозимларига кўтариларди. Ҳожиблар бошлиғи ҳожиб ул-ҳужоб ёки ҳожиб ул-бузрук Сомонийлар саройида олий унвон эди. Ҳожиб ул-ҳужоб саройда катта нуфузга эга бўлиб, айни вақтда у бутун турк қўшинининг бошлиғи эди. Қўшиндан ташқари озод меҳнат аҳлидан тузилган мунтазам ҳарбий қўшин ҳам бўлиб, унинг таъминоти билан махсус маҳкама — ариз девони шуғулланар эди. Қўшинларга хизмат ҳақи ҳар уч ойда тўланар эди. Сомонийлар ҳокимиятни қадимги давлат бошқаруви анъаналарига суяниб бошқарди.
Сомонийлар давридаги сиёсий барқарорлик ва иқтисодий кўтарилиш маданий ҳаётнинг равнақига имкон берди. Бухоро, Самарқанд, Насаф, Гурганж, Марв ва Нишопур каби шаҳарлар илмий ва маданий марказ сифатида тараққий қила бошлайди39.
Халқ Сомонийлар­нинг ҳарбий юришлари, ҳукмрон сулоланинг ички низолари, маҳаллий ҳокимларнинг бошбошдоқлик ҳаракатлари билан боғлиқ ўзаро курашларидан безор бўлган эди. Бундай ички сиёсий вазият оқибатда мамлакатни иқтисодий тангликка олиб келди. Бундай оғир аҳволдан чиқиш учун 942 йилда аҳолидан икки марта солиқ ундириб олинади. Сиёсий вазият, айниқса, Нуҳ ибн Наср (943— 954) ва унинг набираси Нуҳ ибн Мансур (976—997) ҳукмронликлари даврида ниҳоятда кескинлашди. Кетма-кет такрорланган исёнлар марказий ҳокимиятни заифлаштирди. Бу даврда Еттисув вилоятида ташкил топган Қорахонийлар давлатининг Мовароуннаҳрга қилган ҳужумидан 999 йилда Сомоний­лар ҳокимияти бутунлай барҳам топди.
Х аср ўрталарида Иссиқкўлнинг жануби ва Қашқарда яшаган яғмо қабилалари кучайиб, қўшни чигил қабилалари билан ягона иттифоққа бирлашади. Сўнгра улар Еттисувдаги қарлуқларни бўйсундириб, у ерда Қорахонийлар давлатини ташкил қилдилар.Бу янги давлатнинг подшолари буюк ҳукмдор маъносини англатувчи «арслонхон» ва «буғрохон» унвонлари билан юритилган. Буюклик ёки улуғлик эса қадимда туркий халкларда «қора» сўзи билан сифатланган. Улар ҳукмдорлик қилган давлат тарихда Қорахонийлар давлати номи билан шуҳрат топган. Аслида «арслон» чигил қабиласининг тотеми, қабила аждоди ибтидоси ҳисобланган. «Буғро» эса оғир юк кўтарадиган туя маъносини англатиб, яғмоларнинг тотеми бўлган. Қорахонийлар қабилавий удумига мувофиқ қабила бошлиқлари орасида энг ёши улуғини «арслонхон» ёки «буғрохон» даражасига кўтариб, ҳукмдор, яъни қорахон қилиб сайлашган ва у «тамғачхон», яъни хонлар хони деб юритилган. Давлат сулоласининг асосчиси Абдулкарим Сотуқ Буғрохон (Қорахон) номи билан аталган40.Сатукнинг отаси Вазир Арсланхон унвонига эга эди.
Сатук Буғрахон авлодларида “буғра” унвонидан ташқари яна Арслон, тўнга,тавғач, Илек-тегин ва бошқа унвонлар ҳам бўлган.41
992 йилда Қорахоннинг набираси Ҳорун ибн Мусо ибн Сотуқ Буғрохон бошлиқ қабилалар Мовароуннаҳрга ҳужум қилиб Бухорони деярли қаршиликсиз ишғол этганлар, чунки Сомонийларнинг марказий ҳокимияти ички зиддиятлар туфайли кучсизланиб қолган эди. Буғрохон ватани Қашқарга қайтишда йўлда вафот қилади. Вазиятдан фойдаланиб амир Нуҳ ибн Мансур Бухоро тахтини Ғазна ҳукмдори Сабуқтегин ёрдамида 994 йил қайтариб олади. Нуҳ Сабуқтегинни Хуросон ноиби қилиб тайинлайди. Натижада Ғазна ва Хуросонда Са­буқтегин ва унинг ўғли Маҳмуднинг сиёсий ҳукмронлиги мустаҳкамланиб, Ғазнавийлар давлати ташкил топади.
996 йилда Қорахонийлар Наср ибн Али бошчилигида Мовароуннаҳрга яна ҳужум бошлайди. Сабуқтегин ўғли Мах­муд Ғазнавий бошчилигида 20 минглик қўшин юбориб Бухорони эгаллайди. Сомонийларга Мовароуннаҳрнинг мар­казий қисмигина берилади, холос. Бироқ 999 йил баҳорида Наср ибн Али Бухорони босиб олиб, Сомонийлар ҳокимиятига бутунлай барҳам берди. Қорахонийлар билан 1001 йил тузилган шартномага мувофиқ Амударёдан шимолдаги ерлар Қорахонийлар тасарруфига ўтади. Султон Маҳмуд эса Амударёдан жанубдаги ерлар, шу жумладан, Хуросонга ҳукмдор бўлиб олади. Мовароуннаҳр эл-юрт ва вилоятларга бўлиниб, уларни Қорахонийлар сулоласи вакиллари элоқхон ва такинлар бошқарди. Марказий ҳокимият анча заиф бўлиб, элоқхонлар хоқонларга номигагина итоат этганлар. Қорахонийлар дав­лати пойтахти дастлаб Қашқарда, сўнг Боласоғун, Ўзган шаҳриларида бўлиб, кейин яна Қашқарга кўчирилган. Шундай қилиб, 10-аср охирида Сомонийлар мулки ўрнида 2 та давлат ташкил топди: бири - Қашқардан Амударёгача чўзилган, Шарқий Туркистоннинг бир қисми, Еттисув, Шош, Фарғона ва қадимги Суғдни ўз ичига олган Қорахонийлар давлати; 2-си Сабуқтегин ва Султон Маҳмуд даврида кучайган ва Ҳиндистон шимолдан Каспий денгизи жанубга қадар вилоятларни эгаллаган Ғазнавийлар давлати эди.
Гарчи Амударё чегара қилиб белгиланган бўлса-да, аммо Қорахонийлар Хуросонни ўз тасарруфидаги вилоятлар деб ҳисобларди. Орадан кўп вақт ўтмай Қорахонийлар билан Ғазнавийлар ўртасида шиддатли урушлар бошланади. 1006 ва 1008 йилларда Қорахонийлар Хуросон устига 2 марта қўшин тортадилар, Балх, Тус ва Нишопур шаҳарлари забт этилади. Лекин Султон Маҳмуд Ғазнавий Хуро­сонни ўз давлати тасарруфида сақлаб қолишга муваффақ бўлади ва 1011-1012 йилларда Қорахонийлар билан сулҳ тузади. Хоразмда 1016 йил халқ қўзғолони вақтида хоразмшоҳ Абулаббос Маъмун қатл этилди. 1017 йилда Султон Маҳмуд шу баҳонада Хоразмни босиб олади. Хоразмга ўз ҳожиби Олтинтошни ноиб тайинлаб, кўп бойлик ва асирлар билан Ғазнага қайтади. У ўзи билан бирга Абу Райҳон Беруний ва бошқа бир қанча олим ва шоирларни мажбуран олиб кетади.
1030 йилларда Сирдарё этакларида яшовчи ўғузлардан ажралиб Салжуқийлар номи билан Хуросонга бориб ўрнашган ўғуз қабилалари кучайган. Бу сулоланинг вужудга келиши Салжуқ номи билан боғлиқ. Салжуқнинг отаси Тукак (Тукан) ўғуз-туркманларнинг қиниқ уруғидан бўлиб, мусулмон динини қабул қилиш тарафдори бўлган.42
Салжуқийлар ўз вақтида ер-мулк бериб ҳомийлик қилган Ғазнавийларга қарши тазйиқ кўрсатадилар. Салжуқийлар билан жиддий кураш бошланади. Бундай вазиятдан фойдаланган Қорахонийларнинг маҳаллий ҳукмдори Иброҳим Бўритакин 1038 йилда Амударё юқори оқимидаги вилоятлардан Хутталон, Вахш ва Чағониённи Масъуд I Ғазнавийдан тортиб олади. Кўп вақт ўтмай у Мовароуннаҳр, жумладан, Фарғонани ўзига бўйсундириб, мустақил сиёсат юрита бош­лайди. Натижада, Қорахонийлар 2 мустақил давлат — пойтахти Боласоғунда бўлган Шарқий Қорахонийлар ва маркази Самарқанд бўлган Мовароуннаҳр Қорахонийлар давлатига ажраб кета­ди. Бу ғалабалардан сўнг Иброҳим Тамғач «Буғрохон» унвонига сазовор бўлади.
1040 йилда Данданакон жангида Масъ­уд Ғазнавий салжуқийлардан қақшатқич зарбага учрайди. Ғазнавийлар тасар­руфида Ғазна, Қобул, Кандаҳор ва Панжоб вилоятларигина қолиб, у кичик давлатга айланади. Салжуқийлар Тўғрулбек замонида 1055 йилда Бағдодда ўз сиёсий ҳукмронликларини ўрнатадилар. Аббосий халифа эса фақат диний ишлардагина мутасадди бўлиб қолади ва Тўғрулбекни «Шарқ ва Ғарб султони» деб тан олишга мажбур бўлади. Салжуқийлар Хоразм томондан Хутталон, Чағониён, Жанд ва Савронга юриш қилиб, Қорахонийлар билан бир неча бор тўқнашадилар.Салжуқийлар XII асрнинг бошларига келиб, бугунги Марказий Осиё ҳудудини бутунлай ўз назорати остига оладилар.43 1130йилда султон Санжар Қорахонийлар давлати пойтахти Самарқандни ишғол этади. Натижада Қорахонийлар Санжарга тобе бўладилар.
Қорахоний ҳукмдорлари гарчи ўтроқ ҳаётга кўчмаган бўлсалар ҳам, деҳқончилик воҳалари ва шаҳар маданиятига эътибор билан қарадилар. Боласоғун, Қашқар, Тароз, Ўзган, Самарқанд ва Бухоро пойтахт шаҳарлар бўлиб қолди. Айни вақтда Мовароуннаҳр, айниқса, Зарафшон водийсида кўпгина деҳқончилик майдонлари ва боғлари топталиб яйловга айлантирилди. Натижада мулкдор деҳқонлар билан чорвадор кўчманчилар ўртасида зиддият кучайиб, Қорахонийларнинг тазйиқи билан нуфузли деҳқонлар ер-мулк ва қўрғонларини ташлаб кетишга мажбур бўлдилар. Улар мамлакатда тўтган сиёсий мавқеларидан ҳам ажралдилар. Шу вақтдан «деҳқон» истилоҳи ҳам «қишлоқ ҳокими»ни англатувчи асл маъносини йўқота бориб, қишлоқ меҳнаткашлари учун умумий номга айланди.
Зодагон деҳқонлардан мусодара қилинган ерлар давлат тасарруфи («мулки султоний»)га ўтказилди. Бундай ерлардан тушган даромад давлат хазинасини тўлдирарди, маълум қисми эса иқто қилиб бериларди.
Олтинтош сулоласи 1017— 1041-йилларда Хоразмни Ғазнавийлар номидан бошқарган. Салжуқийлар Ғазнавийларни енгиб Хуросонни эгаллагач, 1043 йилда Хоразмни ҳам бўйсундирдилар. Салжуқийлар ҳукмдори Маликшоҳ I (1072-1092) ўз маъмурларидан Ануштегинни 1077 йилда Хоразмга ноиб қилиб тайинлайди. Ануштегин вафотидан сўнг Хоразмда унинг вориси Қутбиддин Муҳаммад (1097—1127) ноиблик қилади. Гар­чи у «хоразмшоҳ» унвонини тикласа ҳам Султон Санжарнинг ноиблигича қолди. Хоразмда мустақиллик учун кураш ХП асрнинг 2-чорагидан кучайди. Қутбиддин Муҳаммаднинг ўғли Алоуддин Отсиз Салжуқийларнинг заифлашганидан фойдаланиб, Хоразмни тобеликдан чиқаришга ва мустақил давлатга айлантиришга ҳаракат қилди. Даставвал Отсиз Хоразмшоҳ туркман ва қипчоқларни ўзига бўйсундирди. Хоразм билан иқтисодий жиҳатдан боғлиқ бўлган Сирдарё этаклари ва Манғишлоқ ҳамда Марв ва Нишопурни эгаллади. Қипчоқ ва туркманлардан кучли ёлланма қўшин ташкил этиб, бир неча бор Султон Санжар­га қарши исён кўтарди.
ХП асрнинг 2-ярмида Мовароуннаҳр ва Хуросонда сиёсий вазият янада кескинлашади. 1153 йилда хуросонлик кўчманчи ўғузлар қўзғолон кўтариб Султон Сан­жар қўшинини енгдилар ва ўзини асир олдилар. Бунинг оқибатида Салжуқийлар давлати кескин зарбага учраб, парчаланиб кетади.
1172 йил Хоразм ҳам Қорахитойларга бўйсундирилди. Аммо Қорахитойлар Хоразмнинг ички ишларига аралашмай, фақат бож ва ўлпон йиғиш билан кифояландилар.
Отсизнинг сиёсатини унинг ворислари Эл-Арслон ва Такаш давом эттирадилар.Хоразм давлати, айниқса, Такаш даврида жуда кенгаяди. 1187-1193 йилларда у Нишопур, Рай ва Марв шаҳриларини бо­сиб олади. 1194 йилда эса Салжуқийлар султони Тўғрул III га қақшатқич зарба бериб, Ғарбий Эронни ҳам Хоразмга қўшиб олди ва шу билан Хоразмни Салжуқийлар тасарруфидан бутунлай халос қилди. Орадан бир йил ўтгач, Такаш халифалик ерлари бўлмиш Ироққа бос­тириб киради. Унинг даврида Хоразм давлати ерлари 2 баравар кенгайди.
Такашдан сўнг унинг ўғли Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳам Хоразм давлатини кенгайтириш сиёсатини давом эттирди. Бу даврда Хоразм улкан давлатга айланган эди. Даставвал Муҳаммад Хоразмшоҳ Ҳирот ва унинг атрофлари ҳамда Хуросоннинг Хоразм давлати тасарруфига киритилмаган вилоятларини забт қилишга киришди. У 1212 йилда Мовароуннаҳрни Қорахонийларнинг сўнгги вакиллари қўлидан тортиб олди ва шу билан Қорахонийлар ҳукмронлиги бу ерда бутунлай барҳам топди. Бухоро Хоразмшоҳлар давлатига қўшиб олинади ва сўнгги садри жаҳон мансабидан маҳрум қилинади.
Бухорони эгаллагач, Муҳаммад Хоразмшоҳ Самарқандни, Еттисув ўлкасини ҳам босиб олади.
XIII аср бошида Хоразм жуда кенг майдонни эгаллаган буюк давлатга айланган эди. Унинг чегараси Орол ва Кас­пий денгизи соҳилларидан Ироққа қадар борар, жануби-шарқий чегараси Ғазна вилоятидан, Еттисув ва Дашти Қипчоқдан ўтар эди. Пойтахти Гурганж шаҳри бўлган. Саройда Муҳаммад Хоразмшоҳ «Искандари Соний» (Иккинчи Искандар) деб улуғланган.
Ўзган ҳамда Самарқанд шаҳарларида Муҳаммад Хоразмшоҳ номи билан тангалар зарб этилди.
Бироқ Хоразм давлатида синфий кураш ва вилоят ҳукмдорларининг исёнлари давом этаверди, лашкарбошилар орасида ва саройда фитналар кучайди.
Давлатнинг мунтазам қўшини қанғли-қипчоқ ва туркманлардан тузилган, умумий сони Чингизхон ҳарбий кучига нисбатан бирмунча ортиқроқ бўлган. Салтанатни ҳокимлар, ноиблар, вазирлар, лашкар бошлиқдаридан иборат кучли ҳарбий зодагонлар, муставфий (дафтардор ҳисобчилар), қозилар ва бошқа кўпгина сарой мансабдорларидан иборат улкан аркони давлат қуршаб турарди. Юқори амалдорларнинг кўпчилик қисми йирик ер-сувларга эга бўлган мулкдор оқсуяк табақани ташкил этарди. Кўпгина мансаблар, одатга кўра, ота-бободан мерос бўлиб ўтар эди. Уларнинг кўпчилиги подшога итоатсизлик қилиб, ўзбошимчалик билан йўл тутар эдилар. Шундай қилиб, сиртдан жуда кучли, нуфузи буюк кўринган Хоразмшоҳдар давлати сиёсий жиҳатдан унчалик мустаҳкам эмас эди. Ҳатто айрим вилоят ҳокимлари хоразмшоҳларга номигагина бўйсуниб, амалда деярли мустақил эди. Султон олий даргоҳи ичида кучли низо ҳукм сурарди. Айниқса, Муҳаммаднинг онаси Туркон хотун ўз қўлида катта ҳокимиятни тўплаган. У қўшиннинг олий саркардалари ҳисобланган қипчоқ оқсуяклари билан уруғ-қабила алоқалари орқали боғланган эди. У ўз қабиладошлари манфаати йўлида саройда кўтарилган барча фитналарга бошчилик қилар эди. Ҳатто уларда шоҳга қарши адоват руҳини уйғунлаштириб қўйган эди. Асосий солиқ ва муттасил ҳашарлардан ташқари йилига бир неча бор тўпланадиган турли хил тўлов ва йиғимлардан тинкаси қуриган мамлакат фуқаросининг норозилиги кучайиб, мамлакат сиёсий ҳаёти инқирозга юз тўтган бир пайтда Хоразмшохлар дав­лати жангари мўғул ва бошқа қабилаларнинг Чингизхон бошлиқ босқинига дучор бўлади.
2. Минтақамизнинг қадимий тарихи ва маданияти, бунда яшаб ўтган Шарқ мутафаккирлари ва файласуфларининг жаҳон цивилизациясига қўшган хиссаси беқиёсдир. Ўтмишдаги алломаларнинг бебаҳо мероси қанчадан-қанча авлодларнинг маънавий–руҳий онгини ва турмуш тарзини шакллантирган эди ва у ҳамон таъсир кўрсатмоқда.
Ўлкадаги бу тараққиёт қачон бошланган эди унга туртки бўлган омиллар нималардан иборат эди. Мана шу саволларга жавоб беришга ҳаракат қилиб кўрамиз.
Марказий Осиёдаги илк уйғониш даври араблар томонидан бу ҳудуднинг босиб олиниши ва унинг халифалик таркибига киритилишидан бошланди. Халифалик таркибига киритилган ўлкаларда фақат ислом динигина эмас, балки араб тили ва унинг имлоси жорий этилди.Чунки араб тили халифаликнинг давлат тили бўлса, ислом дини унинг мафкураси эди.44
Арабларнинг ижтимоий-маданий тараққиёти VII аср бошларида араб қабилаларининг бирлашишига олиб келди. Ислом дини ҳамма учун баб-баравар тамойиллар, миллатларнинг этник келиб чиқишига қарамасдан, дин олдида ҳамманинг тенг ҳуқуқлигини таъминлайди. Натижада араблар тез вақт ичида Хитойдан Испаниягача бўлган ҳудудни бирлаштирган халифалик давлатини тузадилар. Халифаликда тараққиёт даражаси турлича бўлган мамлакатлар ва халқларнинг бир давлатга бирлашуви, улар ўртасида яқин алоқаларнинг ўрнатилиши, иқтисодий ҳаётнинг равнақ топиши ички ва ташқи савдо алоқаларининг ривожланишига туртки бўлди. Натижада халифаликни ташкил этган халқлар маданияти Европадаги тарқоқ давлатлар, мамлакатлар маданиятидан юқори даражада бўлди. Металлургия, тўқувчилик саноатида қатор янгиликлар кашф этилди, қоғоз, сопол ва шиша буюмлар ишлаб чиқариши йўлга қўйилди, маъданлар қазиб олиш ва қайта ишлаш тараққий эттирилди. Қишлоқ хўжалигидаги Марказий Осиё халқлари ютуғи сунъий суғориш, гидротехник иншоотлардан фойдаланиш, тўғонлар, ариқлар, сув омборлари қуриш, боғдорчилик, пахта, техник (пахта, шакарпоя) ўсимликлар экиш кабилардан бошқа халқлар ҳам баҳраманд бўлдилар. Халифалик ҳудудларида ҳунармандчилик, бозор учун буюмлар ишлаб чиқариш, ички савдо алоқалари, товар айирбошлашлар кенг йўлга қўйилди. Бу даврда қуруқлик орқали амалга оширилган қитъалараро (Буюк Ипак йўли) билан қаноатланмай денгиз, дарё сув йўлларидан ҳам кенг фойдаланилди.
Жамият ҳаётидаги ўзгаришлар турли муаммоларни келтириб чиқарди. Уларнинг ечимини топиш илм-фаннинг ривожига эҳтиёж туғдирди. Жумладан, математика, астрономия, табиий фанлар, кемасозлик ва катта иншоотлар қуриш кабилар учун зарур эди. Аҳолининг кўпайиши, шаҳарлар сонининг ошиши ва умумий тараққиёт даражаси табобат фани ривожини тақоза қилди. Саноат, ҳунармандчилик тараққиёти маданиятчилигини юксалтирди. Бу даврда ал-кимё ( ал химия) фани ҳам тараққий этди.
Араб тили фақат халифаликни ташкил этган халқлар ўртасида алоқа тилигина бўлиб қолмай, илм-фан тилига айланади. Унинг илмий грамматикасини ишлаб чиқишда Марказий Осиёлик олимлар Абдулла Хоразмий (вафоти 976 й), Маҳмуд Замахшарий (1074-1144), Юсуф Саккокий (1160-1229) катта ҳисса қўшдилар.
Халифаликда илмий изланишлар эрта, Уммавийлар давридаёқ бошланди, кўплаб сурёний олимлар халифалар саройида хизмат қилдилар.
Аббосийларнинг ҳокимият тепасига келиши (749) билан маданий ҳаётда бир қанча ўзгаришлар рўй берди. Араб-ислом маданияти, илм-фани ривожининг энг юқори чўққиси Аббосийлар даврига тўғри келди. Давлат тузуми ва идораси, урф-одатлар, ҳаёт тарзи, маданият, меъморчилик каби соҳаларда халифаликнинг шарқий вилоятлари, Эрон ва Мовароуннаҳрдан кўпроқ ибрат олинганини, бу минтақалардан чиққан арбобларга суянилганини кўрамиз.
Халифаликнинг пойтахти 762 йилда Дамашқдан Бағдодга кўчирилади. Олимлар ҳам янги пойтаҳтга ўтадилар. Тез орада Бағдод давлатнинг илмий марказига айланади. Аббосий халифалар ал-Мансур (754-775), Хорун ар-Рашид (786-809) ва унинг ўғли ал-Маъмун (813-833) илм-фан, айниқса фалсафа, математика, астрономиянинг ривожига ҳомийлик қиладилар. Хорун ар-Рашид даврида Бағдодда кўплаб кутубхоналар ташкил этилади. Уларнинг энг йириги халифа кутубхонаси эди. Кутубхоналарга халифаликнинг турли минтақалари ва хорижий юртлардан китоблар келтирилади, уларни кўплаб таржимонлар, олимлар бошқа тиллардан араб тилига ағдарадилар.
Бағдодда ижод этган олимларнинг кўпчилиги юртдошларимиз бўлиб, “араб фани” деб аталмиш илмнинг аксарият ижодкорларини ташкил этадилар.
Хорун ар - Рашид ўғли Маъмун аввал Хоразм, кейинчалик Хуросон ноиби этиб тайинланган эди. 813 йилда Маъмун халифа бўлгач, Мовароуннаҳрда бошланган хайрли иш илм-фан ривожига ҳомийлик қилишни кенгроқ миқёсда давом эттиради. Маъмун давридан бошлаб табобат, фалсафа, фалакиёт , математика каби фанларга оид рисолалар грек, сурёний, санскрит, паҳлавий ва хоразм тилларидан араб тилига ағдарилади. Бунинг натижасида ўша давргача инсоният яратган маънавий бойликларни ўзлаштириш ва янада ривожлантириш осонлашади.
Хозирги фанларнинг пойдевори ўша вақтларда яратилган. Диний эътиқоди ягона бўлган турли миллат, халқ вакилларининг ақл заковати, идроки, билими, маънавий бойликлари бир мақсадга қаратилганлиги ва ислом динининг бирлаштирувчи кучи туфайли илм-фан ва маданият бобида умуминсоний ғалабага эришилди.
Аббосийлар давридаги маданиятнинг ажойиб хусусийти ва аҳамиятли томони шундаки, фаннинг ва бадиий ижоднинг ҳамма соҳаларида диний мафкуравий чекланганликдан кўтарилиб, дунёвийлик таъминланган. У давр олимлари ислом ақидаларига маҳкам боғланиб қолмаган, эркин фикрлаш даражасига кўтарилганлар. Улар инсон табиатнинг энг олий маҳсули эканини тасдиқлайдилар.
Халифа ҳокимияти, халифаликнинг инқирозга юз тутиши, Шимолий Эрон, Марказий Осиё, Шимолий Африка, Испаниянинг халифаликдан ажралиб чиқиши натижасида Бағдод маданий, илмий марказлик ҳусусиятини йўқотади. Янги давлатлар, айниқса, Мовароуннаҳрда арабларгача бўлган маданий марказлар -Хоразм, Бухоро, Марв,Самарқанд каби шаҳарларда иқтисодий, маданий ҳаёт тез ривожланади.
3. Юқорида қайд этганимиздек, халифалик ҳукмронлиги тугаб, Мовароуннахрда IX асрнинг 2 ярмида маданий ҳаётда янги давр бошланади. Сомонийлар давлатининг қарор топиши билан маданий ҳаётнинг жонлаштириш учун кенг йўл очилади.
Бу даврда Сомонийлар давлатининг пойтахти бўлган Бухоро Марказий Осиёнинг сиёсий ва маданий марказига айланган, шаҳарда кўплаб мактаб кутубхона, мадрасалар, масжидлар ташкил этилган, бинолар, саройлар ва истеҳкомлар қурилган эди. Бухоро Сомонийлар даврида Марказий Осиёнинг энг обод, гўзал шаҳрига айланган эди.
Сомонийлар илм-фан, адабиёт, санъат, умуман маданиятнинг тараққиётига катта аҳамият берганлар. Улар саройга олим, шоир, бастакор, муҳандис кабиларни жалб этганлар. Бу даврда аҳолининг тили суғд, тожик ва туркий бўлса-да, араб тили ҳам кенг тарқалган эди. Араб тили илм-фан, адабиёт, дин, фикҳ тили ва жаҳондаги энг катта давлат бўлган халифаликда халқаро алоқа тили эди.Шунинг учун араб тилини билмай ижод қилиш ёки бирор вазифага тайинланиш мумкин бўлмаган.
IX – X асрда Бухорода форс тили шунчалик ривож топадики, бу тил ҳалигача адабий форс тили сифатида қўлланилмоқда.
Бухорода Сомонийлар саройи кутубхонаси Шарқдаги кутубхоналарнинг энг йириги ҳисобланган. Сомонийлар даврида Бухоро Ибн Сино, Рудакий, Дақиқий, Балъамий, Наршахий каби буюк зотларнинг ватани бўлган. Сомонийлар даврида Бухорода бадиий адабиёт, аввал араб, кейинроқ, X асрда халқ ижодий анъаналарига суянган форс-тожик тилидаги лирик ва этник шеърият тараққий этади.
Рудакий, Фаррухий, Шоҳид Балхий, Дақиқий,Абу Зарраъа, Абу Шукур Балхий, Фирдавсий ижоди ҳам худди Сомонийлар даври анъаналари асосида шаклланди.
Халифа Маъмун ибн Хорун ар-Рашид бекорга бир гуруҳ Марказий Осиёлик олимлар–Хоразмий, Марвлик Абу Мансур, Фарғоналик Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Касир, Марвлик Аҳмад ибн Абдуллоҳ (Ҳабаш ал-Ҳосиб), Марваррудлик Холид ибн Абдумалик кабиларни Бағдодга олиб кетган эмас. Бу олимлар Маъмун томонидан Бағдодда ташкил этилган “Байд ул-ҳикма”нинг асосини ташкил этдилар ва аш-Шаммасия ва Дамашқ яқинидаги Қайсиюн тоғидаги обсерваторияларда илмий кузатувлар олиб бордилар.Бу хусусда Абдухалимов Б. қуйидаги фикрларни билдирган:”Байт аль-Ҳикма” аль-М-ансур, Хорун ар-Рашид ва аль-Маъмунларнинг шахсий эътибори, ҳомийлиги ва молиявий ёрдамида фаолият кўрсатган,45.
Бундан ташқари маданият ривожига жамиятнинг ўқимишли кишилари, маҳаллий зодагонларнинг, жумладан Сомонийлар давлатидаги катта сиёсий арбоблар ҳисобланган Баъламий ва Жайхоний оилалари вакилларининг қўллаб-қувватлаши ўз таъсирини ўтказмасдан қўймади. Хуросон, Чоғониён ва бошқа вилоятлар ноиблари сомоний ҳукмдорларнинг эътиборини ҳукмдор табақа қатламида илмий-адабий ва бадиий фикрлашнинг ривожланишига қаратишга муваффақ бўлдилар. Улар давлат хизматига фан, адабиёт ва санъат вакилларини жалб этишга эътибор бердилар ва бу билан уларнинг моддий аҳволини яхшилашга эришдилар. Мана шунинг ўзи Сомонийлар давлати сиёсий арбобларининг тараққиётида ўйнаган катта ролидан далолат беради.
Уйғониш даври ёрқин юлдузларидан бири –Муҳаммад ибн Мусо Хоразмийдир(790-847).“Ал-жабр” номи билан фан дунёсига танилиб,математика фанига асос солган Хоразмий ўз замонасининг беназир алломаларидан биридир.Математика,геометрия,астрономия,география, тарих ва бошқа фанлар соҳасида ижод қилган.Унинг “Ал-жабр вал муқобала” ( “ “Тенгламалар ва қаршилантириш”) ,”Ҳисоб –Ал Ҳинд” (“Ҳинд ҳисоби”),” “Китоб ат-Тарих”(“Тарих китоби”) ва бошқа асарлари фанда олимга жаҳоншумул шуҳрат келтирди.Хоразмийнинг ўрта асрлардаёқ лотин тилига ўгирилган “Астрономия жадвали” , “Қуёш соати ҳақида рисола “ асарлари Шарқ ва Ғарбда илм-фан равнақига катта таъсир кўрсатгани шубҳасиздир.
IX асрда яшаб, ижод этган буюк алломаларимиздан бири Аҳмад Фарғонийдир (861). Унинг илмий фаолияти “Байт ул-Хикма” билан боғлиқдир. Фалакиётшунослик, математика, география фанлари бўйича ижод қилган. “Фалакиёт рисоласи”, “Фалак сфералари сабабияти”, “Ал-Мажистий” (Птоломейнинг “Алмагест” асари), “Илм ал-ҳайя” (“Фалакиёт илми”) асарлари Англия, Франция, АҚШ, Марокаш, Миср ва Санк-Петербургда сақланмоқда.
“Ал-Фарғоний жадваллари”, “Устурлоб билан амал қилиш ҳақидаги китоб” Хиндистонда, “Ой, Ернинг устида ва остида бўлганида вақтни аниқлаш рисоласи”нинг қўлёзмаси Коҳирада, “Етти иқлим хиби” асарининг қўлёзмаси Германияда ,”Устурлоб ясаш ҳақидаги китоб “ қўлёзмаси Берлин ва Париждадир, олимнинг бу асарларидаги кашфиётлари бутун жаҳон фани ва маданиятига катта ҳисса қўшилди.Хусусан,унинг 812 йилда Қуёш тутилишини олдиндан башорат қилиши, Ернинг думалоқ шар шаклида эканлигини очганлиги Фарғонийга шуҳрат келтирди. У Нил дарёсидаги сув сатҳини ўлчайдиган иншоат барпо этди. Илмий-техник ва меъморий жиҳатдан ҳоят улуғвор бу қурилма Нил дарёсининг Сайёлот уул-Род мавзесида хозирга қадар сақланиб қолган.46
Унинг асарлари лотин, олмон, инглиз, француз, рус ва бошқа тилларга таржима қилинган.
Шарқ алломаларининг йирик намояндаларидан бири – Абу-Наср ибн Ўзлуғ ибн Тархон ал-Фаробийдир (873-950 ).У ўзининг ҳар томонлама қобилиятлари орқасида илк ўрта асрлардаги энг буюк мутафаккирлардан бирига айланди ва қомусий олим даражасига кўтарилди47. Фаробда таълим олиб, Бухоро, Самарқандда, Бағдод ва Дамашқда яшаб, илм билан шуғулланган. Фаннинг барча соҳаларида ижодқилган. 160 дан ортиқ асарлар муалифи. Аристотелнинг “Метафизика” асари мақсадлари ҳақида”, “Мусиқа китоби”, “Бахт – саодатга эришув ҳақида”, “Фозил одамлар шаҳри”, “Қондунлар ҳақида” китоб асарлари шулар жумласига киради. Агар илм фан ривожидаги ўзининг қўшган буюк хизматлари учун Аристотел “биринчи муаллим” унвонига сазовор бўлган бўлса, Форобий эллин донишмандлигини, Аристотелни яхши билганлиги, қомусий ақли ва илм – фан тараққиётига катта ҳисса қўшганлиги учун “Ал Муаллим ас-Соний” – “Иккинчи муаллим”, “Шарқ Аристотели” деган мўътабар унвон олган.
Яна бир Шарқ дунёсининг буюк даҳоларидан бири – Абу Али ал-Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн ал- Ҳасан ибн Али ибн Сино (980-1037) Бухоро яқинидаги Афшона қишлоғида туғилган. Буюк қомусий олимдан фалсафа, мантиқ, руҳшунослик, адабиётшунослик, шеърият, мусиқа, геология, минерология, физика, математика, тиббиёт, фалакиёт ва бошқа соҳаларга оид 450 дан ортиқ асарлар қолган. Лекин бизгача 242 асари етиб келган. Шундан 80 таси фалсафа, илоҳиёт ва тасаввуфга, 43 таси табобатга, 19 таси мантиққа, 26 таси руҳшуносликка, 23 таси тиббиётга, 7 таси фалакиётга, 1 таси математикага, 1 таси мусиқага, 2 таси кимёга, 9 таси одоб илмига, 4 таси адабиётга, 8 таси бошқа олимлар билан бўлган ёзишмаларга тегишлидир.
“Китоб аш - Шифо”, “Донишнома”, “Тиб қонунлари” ва бошқалар буюк асарлари ҳисобланади. “Тиб қонунлари” XII асрдаёқ лотин тилига таржима қилинган. Ҳозирги даврда дунёдаги барча халқлар тилларига ўгирилган.
Ибн Сино Шарқда “Шайҳур - раис”, Ғарбда “Авиценна” номлари билан шуҳрат топди.
Хоразмда ташкил этилган Маъмун академиясининг порлоқ юлдузларидан бири Абу Райҳон ибн Аҳмад Берунийдир (973-1048). У Хоразмнинг Кат шаҳри яқинда туғилган. Маҳмуд Ғазнавий Хоразмни эгаллагач, илмий фаолиятини Ғазна шаҳрида давом эттирган (1017 й.). География, геология, астрономия, геодезия, физика, минерология, кимё, ботаника, фармакология ва бошқа соҳаларга оид 154 та асар ёзган, лекин бизгача 30 таси етиб келган. “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, “Ҳиндистон”, “Минерология”, “Геодезия” асарлари олимга шуҳрат келтирган. У илк бор ернинг думолоқ шаклда эканлигини аниқлаб, глобусни яратган. Ўз асарларида Колумбдан 460 йил аввал Америка қитъаси борлигини башорат қилган.
Беруний ўзининг 45 дан ортиқ фалакиётга оид асарларида Коперникдан 5 аср олдин оламнинг маркази Ер эмас, балки Қуёшдир, деган хулоса чиқарди. Ернинг Қуёш атрофида айланишини биринчи бор илгари сурди. 20 дан ортиқ ҳинд тилидаги асарларни арабчага таржима қилган. Берунийнинг илмий мероси жаҳон фани ва маданиятига қўшилган бебаҳо ҳиссадир.
X – XII асрларда Мовароуннаҳрда тарих ва географияга бўлган қизиқиш ва эътибор кучайди. Шу даврда Гардизийнинг “Зайнул ахбор” (“Хабарлар кўрки”), Байҳакийнинг ўттиз жилдлик тарихий асари, Мажуддуддин Адноннинг “Тарихи мулуки Туркистон” (“Туркистон мамлакати тарихи”), Муҳаммад Наршахийнинг “Тарихи Бухоро” каби асарлари форс – тожик тилига таржима қилинди.
Бу даврда туркий халқларнинг қадимдан давом этиб келаётган оғзаки адабиёти билан бир қаторда ёзма адабиёти юзага келди.
XI асрда яшаб,ижод қилган Маҳмуд ибн Муҳаммад Қошғарий бошланҳич маълумотни ўз қишлоғида, юқори маълумотни Қошғар мадрасаларида олган, араб,форс, туркий каби 7-8 тилни пухта эгаллаган. Сўнг Бухоро, Самарқанд, Марв, Нишопур шаҳарларида билимини оширган.48 1074-1075 йилларда “Девону луғатит турк”(“Турк тилининг луғати”) асарини ёзди.Олим бу асарда дунё ҳаритасини илова қилади ва Рус(Кичик Осиё)дан то Хитойгача чўзилган ерларда яшовчи туркий халқлар тарихи,географияси,этногенези,урф-одатлари, турмуш тарзи,маданияти ҳақида ғоят қимматли маълумотлар беради.Бундан ташқари туркий халқлар оғзаки ижоди ва ёзма адабиётига доир 300 дан ортиқ шеърий парчалар,мақоллар, ҳикматли сўзлар ва лавҳалар берилган.Бу асар жуда кўп тилларга,жумладан немис,турк.озарбайжон тилларига таржима қилинган.
Қорахонийлар салтанати даврининг буюк сиймоларидан бири боласоғунлик улуғ олим Юсуф Хос Ҳожиб бўлиб, у ўзининг дидактик бадиий-фалсафий “Қутадғу билиг” (“ Саодатга бошловчи билим “) асари билан жаҳонга машҳур бўлди.Туркий тилда ёзилган бу асар муқаддима, хотимадан ташқари 73 бобдан иборат.Унда аҳлоқ-одоб,илм-маърифат,бола тарбияси,жамиятда киши ўзини қандай тутиши, сўзнинг аҳамияти ва қадри, меҳмондорчилик қоидаси,турмуш тарзи ва инсон маънавий оламининг кўпгина масалалари ёритилган.
ХII асрда туркий тилда ижод этган шоир ва мутафаккирлардан яна бири Аҳмад Югнакийдир.Ундан ягона мерос – “Ҳибат ул Ҳақоиқ” номли асар сақланиб қолган.Асар туркий адабий тилининг қимматли ва нодир ёдгорлиги бўлиб ҳисобланади.Шоир ўз асарида илм-фан,олим ва фозилларни улуғлайди,маърифатпарварликни тарғиб этади.
Бу давр туркий адабий тиллари, хусусан, эски ўзбек ва уйғур тилларининг вужудга келишида муҳим босқич бўлди.
Бу даврда Бухорода айниқса шеърият равнақ топади. Унинг ривожига тожик классик поэзиясининг асосчиси Абу Абдуллоҳ Жаъфар Рудакий, Абу Мансур Дақиқий, Абдулхасан Балхий, Абулқосим Фирдавсий ва кўпгина бошқа шоирлар ғоят катта ҳисса қўшадилар.
Рудакий (-941) “Калила ва Димна”, “Синдбаднома”, “Ароис ун-нафоис”, “Даврони офтоб” асарларини, “Жўйи Мулиён”, “Майнинг онаси”, “Қарилик” қасидаларини ёзган.
Абулқосим Фирдавсий (934-1020) форс-тожик адабиётининг классик шоири. У дунёга машҳур шеърий “Шоҳнома” асарини яратди. Бу асар жаҳон адабиёти хазинасининг ноёб дурдоналаридан ҳисобланади.
IX–XII асрларда дунёвий фан ва маданият билан бир қаторда ислом маданияти ҳам ривожланди. Ҳадисчиликнинг ривожланишида IX аср олтин давр деб ҳисобланади. Ислом дунёсида энг нуфузли деб топилган 6 та ишончли ҳадислар тўпламининг муаллифлари шу асрда яшаб ижод қилганлар. Улар Исмоил Бухорий, Ат-Термизий ва бошқалардир.
Х-ХII асрларда Мовароуннаҳрдаги юксалиш ҳамма соҳаларда содир бўлди.Самарқанд,Бухоро,Урганч,Термиз,Ўзган,Марв ва бошқа шахарларда сарой,масжид, мадраса, минора, хонақо,мақбара,карвонсаройлар қурилди. Бухоро шаҳридаги Исмоил Сомоний,Тим қишлоғидаги Аработа,Карманадаги Мирсайид Баҳром мақбаралари, Бухородаги Номозгоҳ, Минораи Калон, Вобкент ва Жарқўрғон миноралари ҳамда кўпгина бошқа бинолар ўша давр меъморчилигининг намуналаридир.
Меъморчилик билан бир қаторда наққошлик,уймакорлик, кулолчилик, мисгарлик, заргарлик, хаттотлик санъатлари ҳам ривожланди.
IX–XII асрларда мусиқа санъати ҳам ғоят тараққий этган. Қўшиқ жанри кенг тарқалган. Бу даврда созандалар руд, танбур, қубуз, рубоб, най, сурнай, карнай, қўшнай, табл, барбат, даф, кўс,табурок, зир, чағона, шайнур, арғунун, қонун каби турли торли, зарбий ва пуфлаб чалинадиган асбоблардан кенг фойдаланилган. Янги созлар ихтиро этилган. Рудакийнинг замондоши Абу Хифз Суғдий шоҳруд ( найга ўхшаш) номли торли асбоб яратган эди. Абу Бакр Рубобий, Бунаср, Буамир, чангчи Лукарий каби созанда ва хофизлар бўлган. Рудакий ҳам руд ва танбур чалган, хушовоз хофиз бўлган. “Шошмақом”га пойдевор бўлган “Рост”, “Ҳусравоний”, “Бода”, “Ушшоқ”. “Зерафканда”, “Буслик”, “Сипоҳон”, “Наво”, “Баста”, “Тарона” каби янги куйлар яратилган. Форобий ва Ибн Синолар мусиқа ва мусиқашуносликда нодир асарлар яратадилар.

Download 361,06 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   ...   21




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish