Қачондан бошлаб Ёш хиваликлар сиёсий партия сифатида расмий фаолият олиб бора бошлаган?
Бу ҳакда Полвонниёз қожи Юсупов «Ёш хиваликлар тарихи» номли хотираларида шундай ёзади: «Бир куни (1918 йилнинг март ойлари) Юсуф афанди (Юсуф Ибрагимов - фавқулодда комиссар) маслаҳат берди: «Сизлар Ёш хиваликларнинг инқилобий қўмитасини тузинг», деб. Ман айтдим: «Бизлар 3-4 одаммиз, нечук қўмита очармиз?», Юсуф афанди айтди: «Ҳеч зарари йўқ, 1-4 одам бас турур. Бориб-бориб аъзоларингиз кўп бўлиб кетар», деб бизлар учун қўмита очмоққа буйруқ қилди. Мани раис сайлади. Отажон маҳрам Сапаевни саркотиб, Бобожонбойни муовин, Муҳиддин Умаровни хазиначи сайлаб, қўмита учун муҳрлар, дафтарлар тайёр қилмоққа буюрди»5. Фикримизча, ана шундан кейин Ёш хиваликлар партияси расмий фаолият олиб бора бошлаган.
Ёш хиваликларнинг сиёсий фаолияти тўғрисидаги расмий маълумотлар айнан шу даврдан бошланади.
1918 йил июль ойида Ёш хиваликлар ўз дастурларини ишлаб чиқдилар. Бунда улар ўзларини Хива инқилобий партияси, деб атаганлар. «Манифест» тарзидаги бу дастурнинг дастлаб қуйидаги пунктлари бўлган:
1. Хон ва унинг ҳукумати томонидан мамлакатдаги якка бошқарувни бутунлай тугатиш.
2. Хива ҳудудини Туркистон Республикасига қўшиб, РСФСР таркибига киритиш.
3. Хива хони, тўралар, беклар ва вазирларнинг бойлиги, ҳар хил кўринишдаги мол-мулкларини халқ бойлиги деб эълон қилиш.
4. Йирик ер эгалари мулкларидан камбағаллар ҳаётини яхшилашда фойдаланиш.
5. Шариат ҳукми билан вақфларнинг барча даромадини фақат халқ маорифи учун сарфлаш.
6. Хивадаги янги ерларни ўзлаштириш учун Амударёдан ариқлар чиқариш.
7. Болаларни бепул ўқитиш учун Хивада мактаблар очиш.
8. Хивадаги шаҳар ва қишлоқларда бепул даволовчи касалхона ва даволаш муассасаларини очиш.
9. Хива хони томонидан камбағал аҳолидан мажбуран тортиб олинган ер ва бошқа бойликларни ўз эгаларига қайтариш.
10.Асфандиёрхон ҳукмронлиги даврида хазинага тушган халқ бойлигининг нимага сарфланганлигини аниқлаштириш.
11. Кўприклар ва алоқа йўлларини яхшилашга киришиш.
12.Беклар томонидан камбағал аҳолидан мажбуран тортиб олинган ер ва мулкларни ўз эгаларига қайтариш.
13.Мажбурий текин меҳнат (бегор)ни бутунлай тугатиш.
14.Хон ва унинг ҳукуматини тугатиш, халқ ҳокимиятини тузиш ва юқоридаги дастурни амалга оширишга тезда киришиш, халқ ҳокимиятига қарши бўлган хон тарафдорлари, буржуазия ва аксилинқилобчиларга қарши аёвсиз кураш олиб бориш1.
Полвонниёз ҳожи Юсупов ёзишича, ушбу дастур Шокир Сиддиқов раислиги ва Давид Бакиров котиблигида ўтказилган мажлисда қабул қилинган. Ёш хиваликлар инқилобий қўмитаси котиби Отажон маҳрам Сапаев дастурнинг Хивани Туркистон республикасининг бир қисмига айлантиришдан иборат бўлган 2-моддасига қарши чиқиб: «...ушбу ҳурриятдан тамоми маҳкум халқлар истифода қилиб, ўз истиқлолини олган вақтларида, биз Ёш хиваликлар ўзимизда бўлган мустақиллигимизни йўқ қилсак ватанга, миллатга хиёнат қилган бўлурмиз, тарихда ёмон отли бўлурмиз», - дейди. Лекин кўпчилик бу моддани олиб ташласак шўролар ҳукумати бизга ёрдам бермас, деган андиша билан унинг қолдирилишига овоз беришган2.
Ушбу дастурнинг аниқлаштирилган 12 моддадан иборат варианти «Хива инқилобчилар партиясининг яқин вазифалари» номи билан 1920 йил 8 январда Тошкентдаги «Известия» газетасида босиб чиқарилган3.
1918 йил август бошларида Ёш хиваликлар инқилобий қўмитасининг аъзоларини жойларда инқилобий уюшмалар тузиш учун жўнатилади. Ҳужжатларда Ёш хиваликлар инқилобий қўмитасининг штампи ва муҳри нусхаси яхши сақланган. Юмалоқ шаклдаги муҳрга айлана тарзда «Младо-Хивинский Революционннй Комитетъ" деб доира ичига араб ҳарфида "Ёш хиваликлар инқилобий қўмитаси" ва кириллчада Ташкентъ" сўзлари ёзилган. Демак, 1918 йил 5 июнда Ёш хиваликлар инқилобий партияси ўз дастури, тузилиши, муҳрига эга бўлган расмий ташкилот сифатида тўла шаклланган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ёш хиваликлар ҳаракати 1904-1905 йилларда ҳамфикрлар, 1910 йил бошларида манфаатлар гуруҳи сифатида шаклланган бўлса, 1917 йилда амалдорлар, маърифатли бойлар, миллий буржуазия ва зиёлиларнинг Хива хонига мухолифатдаги сиёсий куч, 1918 йилда эса расмий сиёсий партия сифатида намоён бўлган.
Do'stlaringiz bilan baham: |