Таклиф қилинаётган тавсияларнинг самарадорлик тамойилида тавсиялар албатта таклиф қилинаётган одамга ёрдам бериши шарт. Тест натижалари асосида таклиф қилинаётган тавсиялар бефойда ёки қўшилмаган тасодифий ҳолатларни келтириб чиқармаслиги керак.
Психодиагностика билан шуғулланувчи одамларга, махсус малакавий талаблар қўйилади. Асосийлари қуйидагилардир:
Назарий тайёргарлик;
Психодиагностик методикаларни ва уларни ўтказиш шарт-шароитларини мукаммал билиши;
Бирон бир методикани амалиётда қўллай олишда зарурий тажрибага эга бўлиши.
Ҳар қандай психодиагностик методика бўшлиқдан пайдо бўлмайди, балки (ташхислаш) ўрганилаётган объектнинг психологик назарияси асосида вужудга келади ва ривожланади. Масалан, интеллект тестлари, интеллектнинг ҳаётий воқеликларда намоён бўлиши, аҳамият тузилиши ва унинг табиати ҳақидаги илмий тасаввурларга асосланади. Шахс тестлари, шахснинг тузилиши шахс хусусиятларининг тараққиёти ва табиати, илмий маъноси ҳақидаги назарияларга асосланади.
Психодиагностик методикалардан тўғри фойдалана олиш учун албатта унинг назарий асосларини билиш шарт, акс ҳолда психодиагност тадқиқот натижаларининг анализи, шарҳлаш ва хулосаларда хатоликларга йўл қўйиши мумкин.
Экспериментатор бирон бир психологик тестни мукаммал ўзлаштириб олмаган бўлса ва ҳеч бўлмаганда ўзида ёки бошқа бир одам синаб кўрмаган бўлса, уни қўллашга ҳақли эмас. Бундан ташқари психодиагностик методикаларни қўллашнинг шарт-шароитларига қаттий амал қилиш шарт. Аммо ҳар қандай воқеликда ҳам психологик ташхис билан ким шуғулланишидан қаътий назар – мутахассисми ёки қизиқувчими қуйидаги маънавий-ахлокий меъёрларга қатъий риоя қилиши шарт:
Шахсни ўз ҳоҳишисиз психологик тадқиқотга жалб қилиш ман қилинади, фақат баъзи бир ҳодисалар бундан истисно, яъни суд ёки тиббиёт амалиётлари агар қонун билан чегараланмаган бўлса;
Психологик тестлар ўтказишдан олдин синалувчи, тадқиқот жараёнида ўзи англамаган ҳолда, ўз фикри ва ҳиссиётлари ҳақида маълумотлар бериб қўйиши тўғрисида огоҳлантириб қўйилиши керак;
Ҳар бир одам агар қонун билан чегараланмаган бўлса, тест натижаларини қачон, ким ва қандай мақсадда қўлланилиши ҳақида билишга ҳақлидирлар;
Психологик тест натижалари тадқиқот ўтказган шахс томонидан синалувчига тушунарли бўлган шаклда тайёрлаб тақдим қилинади;
Балоғат ёшига етмаган болалар билан ўтказилган тест натижаларини уларнинг ота-оналари ёки уларга маъсул шахслар билишга ҳақлидир;
Агар тест шахснинг психологик тараққиёт даражасини аниқлаш мақсадида ўтказилса, у ҳолда синалувчи на фақат тестнинг мақсадини, балки ким томонидан нима асосида тест натижаларининг хулосаси чиқарилишини билишга ҳақлидир;
Амалиётда психологик тестларни қўллашда асосий жавобгарлик улардан фойдаланаётган шахслар, ташкилотлар ва психологлар зиммасидадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |