Сабзавот маккажўхориси. Маккажўхори сабзавот ўсимлиги сифатида дони мумпишиқлик даврига келганда фойдаланилади (25-расм). Ширин маккажўхори донида шохсимон эндосперм бўлмайди ва пишиш даврида усти буришиб қолади. Янги териб олинган ёки тезда музлатилган сўтаси қайнатиб истеъмол этилади. Ширин маккажўхори етилмаган пайтда дармондориларга, қанд (5% атрофида) ва яхши мазага эга бўлади.
25-расм. Ширин маккажўхори Шерзод нави сўтаси ва донининг кўриниши
Маккажўхори бир-йиллик узун пояли ўсимлик, йирик баргларга эга, айрим жинсли ўсимлик. Оталик гуллари (рўвагида) поянинг ўзида, оналик гуллари (сўтагида) барг қўлтиғида жойлашади. Гуллаш даврида оналик гуллари сўта учига чиқади. Илдиз тизими попуксимон, 2 м ва ундан ортиқ чуқурликка кириб боради. Илдизнинг асосий қисми юқори қаватда жойлашади. Поянинг пастки қисмида қўшимча илдизлар ташкил топади, бу ўсимликни чопиқ қилиш имконини беради.
Сабзавот маккажўхориси қурғоқчиликка чидамли. Унинг уруғи 10°С да униб чиқа бошлайди. Уруғининг униб чиқиши, ўсиши ва ривожланиши учун мақбул ҳарорат 25-30°С ҳисобланади. Бундан паст ҳарорат ўсимликнинг ўсишини секинлаштириб қўяди, +10°С дан паст ҳароратда ўсиши тўхтайди. 2-3°С совуқда эса маккажўхори ҳалок бўлади. Тропик ўлкадан чиққан макажўхори ёруғсевар, қисқа кунда тез ривожланади.
Маккажўхори қурғоқчиликка чидамли экин, лекин у намга айниқса, сўтаси шаклланаётганда талабгор бўлади. Илдиз тизими яхши ривожлангани учун маккажўхори тупроқ озуқасига бошқа сабзавот экинларига нисбатан кам талаб қўяди. Бироқ ўғитларни ҳам яхши қабул қилади.
Турли навлардаги ширин маккажўхорининг униб чиқишидан сут пишиқлигигача 60-100 кун, физиологик пишишига 115-190 кун ўтайди. Ўзбекистон шароитида ширин маккажўхорининг ўртапишар «Кубанская консервная-148» ва кечпишар «Смена-144» навлари ўзининг юқори маҳсулотдорлигини кўрсатди. Сабзавот маккажўхорисининг ҳар гектарига 90-120 кг азот ва фосфорли ҳамда 45-60 кг калийли ўғитлар солиш тавсия этилади. Азотли ўғитларни экишгача ва ўсув даврида, фосфор ва калийли ўғитларни эса экишгача солинади.
Ширин маккажўхори апрелмай ойларида ёки эртаги сабзавотлар йиғиштириб олингач, июннинг иккинчи ярмида – июл бошида экилади. Маккажўхорининг қуруқ ёки хўлланган уруғи экилади, бунда гектарига 15-20 кг уруғ сарфланади. Қатор ораларини 70 см ва ўсимлик оралари 30 см қилиб экилади.
Ўсув даврида сабзавот маккажўхориси яганаланади, суғорилади, қатор ораларига ишлов берилади ва чопиқ қилинади. Яганалаш, маккажўхори 3-4 чинбарг чиқаргач амалга оширилади. Ер ости суви чуқур бўлган бўз ва ўтлоқ тупроқларда сабзавот маккажўхориси 4 тадан 6-7 мартагача суғорилади, айниқса, гуллаш даврида суғориш миқдори кўпайтирилади.
Сўталарини донининг сут пишиқлигидан мум пишиқлигига ўтиш пайтида йиғиштириб олинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |