КИРИШ Мавзунинг долзарблиги. Ҳозирги замон глобаллашув даврида ЎзбекистонРеспубликаси ижтимоий-иқтисодий ҳаётини эркинлаштириш шароитида жаҳон хўжалигида иштирок этиш жараёнларини ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг устувор йўналишларида куч-ғайратни жамлаш зарурияти юзага келди. Етакчи халқаро иқтисодий, молиявий, ва гуманитар ташкилотлар, илғор Европа мамлакатлари ва АҚШ, Осиё қитъаси давлатлари, МДҲ мамлакатлари ва айниқса, Россия, шунингдек Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ана шундай йўналишлар жумласига киради. Ўзбекистон миллий иқтисодиётининг жаҳон хўжалик тизимига чуқур интеграциялашуви муаммоларини ҳал қилиш учун республиканинг экспорт салоҳиятини анча мустаҳкамлаш, экспорт қилинаётган тайёр маҳсулотлар ассортименти ҳажмини ошириш ва кенгайтириш, республиканинг жаҳон бозоридан ўрин олишини фаол мустаҳкамлаш зарур. Ҳозирги вақтда амал қилаётган рағбатлантиришлар ва имтиёзлар билан бирга, миллий ишлаб чиқаришнинг экспортга йўналтирилганлигини кучайтириш, импорт қилинадиган маҳсулотларнинг ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни оқилона асосланган ҳолда ривожлантириш билан уйғун равишда якуний маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни экспорт қилишни рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш муҳимдир.
Шу нуқтаи назардан давлатлараро иқтисодий интеграция — иқтисодий ривожланиш даражаси бир-бирига яқин бўлган давлатлар бирлашишининг объектив жараёнидир. У фақат тегишли мамлакатлар ташқи савдо алмашуви соҳаси, уларнинг бозор алоқаларини (халқаро ҳамкорликда бу кўпинча учраб туради) қамрабгина қолмай, балки мазкур мамлакатлар моддий ишлаб чиқариши соҳасига чуқур кириб боради, турли даражада ва ҳар хил шаклларда қайта ишлаб чиқариш тузилмаларининг тобора мустаҳкамроқ ўзаро ҳамкорлигига олиб келади.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгач, ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий соҳада кўпгина ютуқларга эришди – бу республикамизнинг жаҳон ҳамжамиятида фаол иштирок этиш ва Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига мос келадиган кўп томонлама сиёсат юритиш давлатимизнинг жаҳон хўжалигида тутган ўрнини мустаҳкамлашнинг муҳим шартидир.
Бошқа давлатлар билан ўрнатиладиган ҳамкорлик, минтақавий интеграция давлатнинг ҳар хил эҳтиёжларини қондириш ва самарадорлигини оширишнинг муҳим омили ҳисобланади ва фан-техника тараққиётини жадаллаштиришга, миллатлар ва элатларнинг яқинлашувига, аҳолининг турмуш даражасини оширишга ёрдам беради.
Ўзбекистоннинг бозор иқтисодиётига ўтиши унинг олдига жаҳон иқтисодиётига интеграциялашиш муаммосини кўндаланг қилиб қўйди. Бу борадаги кун тартибида турган энг долзарб вазифалардан бири Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиши, турли интеграция бирлашмаларида иштирок этиши ва унга аъзо-мамлакатлар билан ўзининг савдо-иқтисодий ҳамда сиёсий алоқаларини такомиллаштириш лозимлигидан далолат беради ва бу танланган мавзунинг долзарблигини белгилайди.
Курс ишининг мақсад ва вазифалари. Курс ишининг мақсади жаҳон иқтисодиётида ва минтақаларда интеграция жараёнларини ҳар томонлама ўрганиш асосида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги доирасидаги интеграцион интилишларнинг ўзига хос хусусиятларини, ўрганиш ҳамда мазкур бирлашма мамлакатлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборатдир. Мақсадга эришиш йўлида курс иши олдига қуйидаги вазифалар қўйилди:
халқаро иқтисодий интеграциянинг назарий ва услубий асосларини ўрганиш;
глобаллашув даврида мамлакатлараро интгерацион ҳамкорлик ривожланишининг объектив омиллари ва шарт-шароитларини таҳлил этиш;
МДҲ ҳудудидаги интеграцион жараёнларнинг шаклланиши ва ривожланиш хусусиятларини таҳлил қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг интеграцион жараёнлардаги иштироки ҳолатини ўрганиш ва МДҲ ва Марказий Осиё доирасидаги савдо-иқтисодий алоқаларини ривожлантириш истиқболлари бўйича таклифлар бериш.