9.3. Устав капитали ва уни шакллантириш манбаи. Устав фонди (устав капитали) таъсис ҳужжатларида белгиланган ҳиссаларнинг (пулда ифодаланган ҳолдаги) йиғиндисини акс эттиради. Устав фондига (устав капиталига) ҳиссалар шаклида киритиладиган моддий ва номоддий активлар таъсисчилар (иштирокчилар) ўртасидаги келишувга кўра баҳоланади, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса, баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланиши керак.22 Устав капитали - ҳуқуқлар ва имтиёзлар олиш учун корхона муассислари томонидан таъсис ҳужжатларига мувофиқ қўшилган (тўланган) ҳамда корхонанинг хўжалик фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган моддий бойликлар, пул маблағлари ва харажатлар мажмуидир.
Устав капиталини ташкил қилиш амалдаги қонунлар ва таъсис ҳужжатлари асосида амалга оширилади.
Устав капиталига ҳисса шаклида қўшиладиган моддий ва номоддий активлар таъсисчилар келишувига ёки юридик шахс ижроия органининг қарорига кўра баҳоланади ва ҳисобга олинади.
Устав капитали ўзида хўжалик субъектини ташкил қилиш вақтида унинг таъсис ҳужжатларида белгиланган миқдорда фаолият кўрсатишини таъминлаш учун таъсисчиларнинг улушлари йиғиндисини ифодалайди.
Ташкил этилаётган хўжалик субъектининг устав капитали унинг муассислари (иштирокчилари) томонидан киритилган маблағлар ҳисобига жамланади. У муассисларнинг умумий мол-мулки ва айни вақтдаги юридик шахс сифатида субъектнинг мол-мулки ҳам ҳисобланади. Демак, бу устав капитали бир томондан корхона ўз маблағлари манбаи бўлса, иккинчи томондан эса, ҳар бир муассиснинг мол-мулкидир.
Устав капиталининг шакллантириш тартиби Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ҳамда корхона ва ташкилотларнинг ташкилий - ҳуқуқий шаклларига мувофиқ таъсис ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Мулкчиликнинг турли шакллардаги корхоналарда устав капиталининг миқдори қуйидагича белгиланади:
давлатга қарашли корхоналарда - устав фонди миқдори унинг хўжалик фаолиятини амалга ошириш учун давлат томонидан бириктирилган мол-мулк суммасига мувофиқ келади. Бу миқдор таъсис ҳужжатларида корхонани ташкил қилиш ва унинг балансига мол-мулкни ўтказиш тўғрисидаги буйруқда қайд этилган миқдорга мос келиши керак.
Давлат корхонасининг устав капитали - давлат томонидан корхонанинг доимий тасарруфига текинга берилган моддий ва пул маблағлари суммасидир. Устав капитали ҳисобига асосий ва айланма маблағлар шаклланади.
Корхонага асосий восита мавжуд ишлаб чиқариш ҳажмига ва ишлаб чиқаришга хизмат кўрсатиш объектларига қараб, айланма маблағлар эса нормативлар асосида берилади. Норматив юқори ташкилот томонидан белгиланади, аммо уларни тақсимлашни корхонанинг ўзи мустақил амалга оширади.
Амалдаги тартибга кўра корхона устав капитали миқдори унинг таъсис ҳужжатларида қайд этилган миқдорига мувофиқ бўлиши керак. Давлат корхонаси учун юқори турган ташкилотнинг корхонани ташкил этиш ва унинг балансига устав капиталини ўтказиш тўғрисидаги буйруғи таъсис ҳужжати ҳисобланади.
Баъзи ҳолларда давлат корхонасининг устав капитали ҳажми ўзгариши мумкин. Устав капитали миқдорини фақатгина юқори ташкилот ўзгартириши мумкин.
Акциядорлик жамияти устав капитали унинг акциядорлари сотиб оладиган акцияларининг номинал қийматидан иборат бўлади. Бунда чиқариладиган жами акцияларнинг номинал қиймати бир хил бўлиши мумкин.
Акциядорлик жамиятининг устав капитали миқдори кўпайиши ёки камайиши мумкин. Устав капиталини кўпайтириш қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан амалга оширилиши мумкин. Жамият томонидан қўшимча акциялар фақат жамият уставида белгиланган эълон қилинган акциялар миқдори доирасида жойлаштирилиши мумкин.
Акциядорлик жамияти устав капиталини камайтириш фавқулодда ҳолларда юз беради ва уни кўпайтиришдаги сингари тартибда амалга оширилади. Устав капитали миқдорининг камайиши акциялар умумий сонининг қисқариши билан боғлиқ бўлади, шу жумладан, жамиятнинг ўзи ҳақини кейинчалик тўлаш билан акцияларни сотиб олиши ҳам шу ҳисобга киради.
Амалдаги қонунларга биноан акциядорлик жамияти устав капиталига ҳисса тариқасида пул билан баҳоланадиган ва таъсисчилар томонидан жамият акциялари ҳақини тўлаш учун киритиладиган моддий бойлик, мулкий ёки ўзга ҳуқуқларни тўлашлари мумкин. Жамият таъсис этилағтганда унинг акциялари пулини тўлаш шакллари жамиятни ташкил этиш тўғрисидаги шартнома ёки жамият уставида, қўшимча акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар пулини тўлаш уларни жойлаштириш тўғрисидаги қарорда кўрсатилади.
Акциядор таъсис йиғилиши белгиланган муддатларда, аммо жамият рўйхатдан ўтгандан кейин бир йилдан кечикмай акцияларнинг тўлиқ пулини тўлаши керак. Акцияларни сотиб олиш муддати ўтганидан кейин акциядорлар жамияти уларни ўз ихтиёрига қараб сотишга ҳақли.
Амалдаги қонунларга мувофиқ ҳиссаларга бўлинган устав капиталига эга бўлган жамият маъсулияти чекланган жамият деб аталади. Бундай жамият устав капиталидаги бўлинган ҳиссалар миқдори таъсис ҳужжатларида белгилаб қўйилади, унинг иштирокчилари мажбуриятлар бўйича фақат ўз мулки доирасида жавоб беради.
Маъсулияти чекланган жамиятнинг устав капитали фақат муассисларнинг ҳиссалари ҳисобига ташкил топади ва унинг кўпайиши ёки камайиши ҳамманинг розилиги билан ҳисса қўшувчиларнинг кўпайиши ёки камайиши билан юз бериши мумкин.
Жамият иштирокчиси ўз ҳиссасини жамият рўйхатга олинган санадан кейин бир йил давомида тўлаши лозим.
Қўшма корхона Ўзбекистон ҳамда хориж корхоналари ҳиссалари асосида ташкил топади. Қўшма корхонанинг устав капиталига ҳисса тариқасида табиат ресурсларидан, интеллектуал мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи, ноу-хау, моддий ва пул воситалари, шу жумладан, чет эл валютаси берилиши мумкин.
Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ корхона мулкдорлари (муассислари) ўз улушларини корхона рўйхатга олингандан сўнг бир йил давомида киритишлари шартдир.
Акс ҳолда, устав капитали миқдори жойлаштирилмаган акциялар суммасига камайтирилади (агар корхона акциядорлик жамияти мақомига эга бўлса).
Муассисларнинг бадаллари пул маблағлари, шунингдек, асосий воситалар, номоддий активлар ва бошқа кўринишдаги активлар ҳисобига киритилиши мумкин. Бироқ бу ерда киритиладиган активлар турлари корхонанинг Низомида кўрсатилиши лозим. Масалан, корхонанинг Низомида устав капитали нақд пул билан шакллантирилиши белгиланган (ёзилган) бўлса, муассис асосий воситаларни кирита олмайди. Бу ҳолат Низомни бузган деб баҳоланади ва кири-тилган мол-мулк эса солиқ муассасалари томонидан корхона текинга олган, қиймати солиққа тортиладиган базага киритилиши керак бўлган мулк сифатида қаралади. Муассислардан асосий восита ва номоддий активлар олинаётганда корхона кейинги ойдан бошлаб амортизацияни ҳисоблаб ёзиши керак. Агар корхона мол-мулк солиғини тўловчиси ҳисобланса, у ҳолда имтиёзли икки йил ўтгандан сўнг мазкур воситаларнинг қиймати мол-мулк солиғи бўйича базани оширади. Устав капиталининг миқдори ташкил этилаётган хўжалик субъектларида турлича белгиланган, жумладан, акциядорлик жамиятининг устав капиалининг энг кам миқдори жамият давлат рўйхатидан ўтган санада Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курси бўйича 400 000 (эллик минг) АҚШ долларига тенг бўлган суммадан кам бўлмаслиги керак. Масъулияти чекланган жамиятларнинг устав капитали қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 40 (қирқ) баробаридан кам бўлмаслиги керак.