9.7. Мақсадли тушумлар ҳисоби.
Грантлар, субсидиялар ва беғараз ёрдамларни ҳисобга олиш 1998 йил 3 декабрда Адлия вазирлиги томонидан 562-рақам билан тасдиқланган «Давлат субсидиялари ҳисоби ва давлат ёрдамини изоҳлаш» номли 10-сон БҲМС билан тартибга солинади.
Грант (субсидия) деганда хўжалик юритувчи субъектларга улар белгиланган шартларни бажарганларида иқтисодиётни ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида давлат ёки халқаро хорижий ташкилотлар томонидан кўрсатиладиган пул ёки натура кўринишидаги ёрдам тушунилади.
Шу билан биргаликда субсидия ва грантлар турли нодавлат, халқаро ташкилотлар ва жамғармалар томонидан маълум дастурларни амалга ошириш учун корхоналар томонидан тақдим этилиши мумкин.
Грант ва субсидиялар қуйидаги ҳисобварақларда ҳисобга олинади:
8810-«Грантлар»;
8820-«Субсидиялар».
Мазкур ҳисобварақларда ўз сармоясига киритилувчи ҳамда корхона фаолиятини молиялаш манбаи сифатида кўриб чиқиладиган ажратилган грант ва субсидияларнинг мавжудлиги ва ҳаракати тўғрисидаги маълумотлар ҳисобга олинади.
Пул шаклида олинган грантлар қуйидагича акс эттирилади:
Д-т 5110, 5210-«Пул маблағлари»ҳисобварақлари
К-т 8810-«Грантлар».
Грантлар ҳисобига устав капиталининг ортиши қуйидагича акс эттирилади:
Д-т 8810-«Грантлар»
К-т 8310, 8320, 8330 Устав капиталини ҳисобга олиш ҳисобварақлари.
Грант ажратган ташкилотнинг грант суммасини корхона устав сармоясига бадал сифатида киритиш ҳақидаги қарори зарур. Устав капиталининг ошишига ҳамда янги муассис пайдо бўлишига барча муассисларнинг розилиги ҳам керак ва таъсис ҳужжатларини қайта рўйхатдан ўтказиш лозим:
Д-т 8810-«Грантлар»
К-т 8530-«Текинга олинган мол-мулк».
Субсидияни олиш шакли уни ҳисобда акс эттириш тартибига таъсир этмайди. Активларга тегишли давлат субсидиялари қуйидагича акс эттирилади:
активнинг фойдали хизмат муддати давомида даромад сифатида тан олинадиган мақсадли тушумлар сифатида;
келиб тушган активнинг баланс қийматини камайтиради ҳамда амортизацияланадиган активдан фойдали фойдаланиш муддати давомида ҳисобланадиган эскиришни қисқартириш йўли билан молиявий натижалар тўҒрисидаги ҳисоботда акс эттирилади.
Шунингдек, 8800-«Мақсадли тушумлар» гуруҳида қуйидаги ҳисобварақлар очилган:
8830-«Аъзолик бадаллари»
8840-«Мақсадли фойдаланиладиган солиқ имтиёзлари».
8830-«Аъзолик бадаллари» ҳисобварағида таъсис ҳужжатлари билан белгиланган жамият аъзоларининг аъзолик бадаллари акс эттирилади. Аъзолик бадалларининг тушуми 8830-«Аъзолик бадаллари» ҳисобварағи кредити бўйича пул маблағларини ҳисобга олиш ҳисобварақлари билан корреспонденцияда акс эттирилади.
Солиқ солишдан озод этиш натижасида бўшаган маблағлар суммаларини мақсадли вазифаларни бажаришга йўналтиришнинг ҳисоби 8840-«Мақсадли фойдаланиладиган солиқ имтиёзлари» ҳисобварағида амалга оширилади.
Бюджетга тўловлар бўйича (турлари бўйича) қарзларни ҳисобга олиш ҳисобварақлари бўшаган маблағлар суммасига дебетланади, 8840-«Мақсадли фойдаланиладиган солиқ имтиёзлари» ҳисобварағи кредитланади. Солиқ солишдан озод этиш натижасида бўшаган маблағлар суммалари имтиёзли давр кўрсатилган тақдирда – имтиёзли давр тугагач, қолган ҳолларда эса - ҳар йили 8840-«Мақсадли фойдаланиладиган солиқ имтиёзлари» ҳисобварағи дебетидан 8530-«Бепул олинган мол-мулк» ҳисобварағи кредитига ҳисобдан чиқарилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |