2.Экскурсия хизматларининг ўзига хослиги
Экскурсия хизмати сифатини белгиловчи қуйидаги муҳим шароитлар мавжуд:
сайёҳларга хизмат кўрсатишни ташкиллаштирувчи мамлакатнинг тайёрлиги;
сайёҳларни қабул қилувчи мамлакатнинг шартнома мажбуриятларини бажариши;
қабул қилувчи мамлакатнинг таклиф этаётган асосий ва қўшимча хизматларининг сифати;
сайёўларга хизмат кўрсатишда иштирок этувчи гуруҳ раҳбари ва экскурсоводнинг ташкилотчилик қобилияти, уларнинг ўз ҳатти-ҳаракатларини корхона ва ташилотлар билан келишган ҳолда амалга ошира олиш ва ҳамкорлик қила олиш қобилиятлари;
гуруҳининг қатнашчиларининг тартиб интизоми, маданият даражаси вақизиқишлари.
Шундай қилиб, экскурсия хизмати кўрсатиш икки томонлама акт бўлиб, унинг сифати кўп нарсаларга қабул қилувчи мамлакатнинг ташкилий томонлари, сайёҳлар гуруҳи, унинг ўзига хослиги ҳамда экскурсовод ва гуруҳ раҳбарининг келишган ҳолда харакат қилишига боғлиқ.
Экскурсия фаолияти мазмуни ва ташкиллаштирилиши нафақат тадбир турига балки унинг қаерда ўтказилишига ҳам боғлиқ.
Ушбу фаолиятнинг амалга оширилиш жойи Нью-Йорк, Париж, Рим каби йирик сиёсий, иқтисодий, маданий марказлар бўлса, турли ихтисосликдаги - тарихчи, иқтисодчи, муҳандис, санъатшунос экскурсоводлар томонидан сайёҳларга хизмат кўрсатишни ташкил этиш осон кечади. Сайёҳлар тунайдиган ва кўнгил очиш билан вақт ўтказадиган жойларда ҳам экскурсия хизматини кўрсатиш осон кечади.
Одатда ушбу фаолият доимий ва мавсумий экскурсоводлар томонидан олдиндан тузилган режа асосида тарихий ва маданий диққатга сазовор жойларда хизмат кўрсатилиб, яқин атрофда харакатланувчи автобуслардаги сайёўларга сайёҳлик комплексида меҳмонларнинг фаол дам олишлари учун шароитлар мавжудлигини эслатишади ва таклиф қилишади.
Экскурсовод сайёҳларнинг меҳмонхонада жойлашишида иштирок этади ва гуруҳ раҳбари билан бирга администраторга сайёҳларни тўғри жойлаштиришга кўмаклашади. Бу борада гуруҳдаги оилавий сайёҳлар ва кекса сайёҳларга алоҳида илтифот кўрсатишга ҳаракат қилишади.
Рўйхатдан ўтгандан сўнг сайёҳлар номерларига кетишларидан олдин экскурсовод барчани куннинг дастури, биринчи учрашув вақтини белгилайди, овқатланиш шароитлари ва бошқалар билан таништиради. Агар гуруҳ меҳмонхонага кечаси келадиган бўлса, биринчи учрашув нонуштадан олдин эрталаб белгиланади. Гуруҳ раҳбари ва экскурсовод биргаликда админстратор билан гуруҳнинг меҳмонхона хужжатларини тўлдиради.
Сайёҳлар билан биринчи учрашув вақтида овқатланиш шароитлари, сайёҳлик ресурслари – пляжлар, даволаш муассасалари, спорт майдончалари ва бошқалардан қандай фойдаланиш, сайёҳлик комплекси ташқи дунё билан қандай коммуникация алоқалари орқали боғланиши, қандай транспорт воситаларидан фойдаланиш мумкинлиги, яқин атрофдаги шаҳар, диққатга сазовор жойларга қандай қилилб бориш мумкинлиги, экскурсия дастурига киритилган мавзулар ва кунлар ва бошқалар тўғрисида тўлиқ маълумотлар берилади.
Экскурсия хизмат кўрсатишининг муҳим томони сайёҳлар гуруҳини овқатлантириш хисобланади. Гуруҳ учун ресторанда махсус жой ҳозирланади. Бироқ экскурсовод сайёҳлар овқатланишидан ёки олдин ёки кейин тамадди қилади ва у овқатланиш вақтида гуруҳ билан бирга бўлиши шарт. Гуруҳ таркиби, унинг миллатига қараб экскурсовод бош ошпаз билан биргаликда ҳар кунги овқатланиш менюсини тузиб чиқади. Шундай қилиб сайёҳлик комплекси имкониятлари ва сайёҳлар ҳоҳишларини мослигига эришиш мумкин.
Экскурсовод – сайёҳлик корхонасининг вакили сифатида тузилган шартномага асосан кўрсатилаётган хизматлар сони ва сифатини назорат қилиб боради. У ташкил этилган сайёҳлик гуруҳи ва ишлаб чиқарилаган жойнинг ўзида истеъмол қилинадиган махсулотлар ишлаб чиқарувчи сайёҳлик корхонасининг манфаатларини ҳимоя қилади.
Экскурсия хизмати кўрсатишга сайёҳлик комплексида ташриф вақтида амалга оширилиши режалаштирилган баъзи тадбирлар, экскурсиялар ҳам киради. Уларнинг баъзилари саёҳатнинг умумий нархига кирса баъзи бирлари сайёҳлар томонидан ўша жойда тўлов амалга оширилади.
Уларни ташкил этиш ва ўтказиш комплекснинг экскурсия хизмати кўрсатиш бўлими бошчилигида экскурсоводлар томонидан амалга оширилади. Улар сайёҳлар мамлакатда бўлиш вақтида сайёҳлар билан узвий боғланган. Агар гуруҳ экскурсияга кетадиган бўлса, бу ҳақда меҳмонхона, ресторан раҳбариятини огоҳлантириши ва бу орқали гуруҳнинг саёҳат вақтида овқатланишини таъминлаши, театр, музей ва бошқаларга ташриф буюриш учун билетлар олишларига тўғри келади.
Экскурсия хизматини кўрсатиш комплекснинг ўзида ҳам амалга оширилиши мумкин. Гуруҳ раҳбари ва экскурсовод биргаликда сайёҳларнинг бўш вақтларини рационал тақсимлашга алоҳида эътибор қаратишади. Байрамлар, оилавий тадбирлар, дўстлик кечалари, туғилган кунларни нишонлаш ва бошқаларни ташкил этадилар.
Экскурсия хизматининг сифати сайёҳларнинг фаолллиги, уларнинг дастурга киритилмаган қўшимча тадбирларда иштирокига боғлиқ бўлиб, бу орқали туризм хўжалигининг самарадорлиги ошади, мамлакатга қўшимча валюта тушуми таъминланади.
Якка тартибда ташкиллаштирилган ва ташкиллаштирилмаган туризмда экскурсия хизматини кўрсатиш жуда чекланган бўлиб, сайёҳларнинг ташриф вақтларида экскурсоводларнинг бўлиши мажбурий эмас.
Ташкиллаштирилмаган сайёҳлар экскурсоводларнинг фақат ўзлари учун керакли деюб хисоблаган хизматларидангина фойдаланишади ва тўловни олдиндан амалга оширишади.
Экскурсия хизматларини кўрсатишда учта асосий омил – сайёҳларга хизмат кўрсатадиган мамлакатнинг моддий базаси, техник тараққиёт натижаларидан фойдаланиш ва кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш хизмат кўрсатиш даржасини белгилаб беради.
Сайёҳларга хизмат кўрсатишда қўзғалмас моддий асос ва харакатланувчи жамоат ва махсус транспорт воситалари; сайёҳлик комплекси ва корхона эга бўлган жойлаштириш воситалари, умумий овқатланиш корхоналари, маданий кўнгил очар муассасалардан иборат моддий база иштирок этади.
Ушбу моддий-техник базанинг жамланмаси сайёҳлик хизматлари ишлаб чиқариш, уни таклиф этиш ва реализация қилишни таъминлайди. Моддий базанинг сифати кўрсатилаётган экскурсия хизматининг юқори даражада бўлишини таъминлайди. Моддий-техник асос яхшиланиши билан сайёҳларга кўрсатиладиган хизматлар сифати ҳам яхшиланиб боради. Бунинг исботи сифатида оммавий халқаро туризм бошланган даврларда қурилган ва ҳозирги даврда қурилган етакчи сайёҳлик комплексини таққослаб кўриш кифоя.
Сайёҳларга хизмат кўрсатувчи транспорт воситалари сезиларли даражада ўзгарди. Айниқса ҳаво транспортида катта тарққиёт кузатилмоқда, бироқ бошқа транспорт турларида ҳам кучли рақобат, техник тараққиёт натижасида сайёҳларга хизмат кўрсатишда ўзига яраша хисса мавжуд.
Асосий транспорт воситаларининг муқим моддий асоси ҳам экскурсия хизматларининг сифатига боғлиқлик жиҳати бор. Темир йўл вокзаллари, денгиз ва автовокзаллар, аэродромларда сайёҳлар оқимининг ҳаракати бошланади ва якунланади. Бу асоссиз туризм хозирги кундаги кўринишда ва шаклларда мавжуд бўлмас эди.
Турли транспорт вокзалларида сайёҳларни жойлаштириш учун қулай жойлар, кутиш заллари, радиоахборот, микрофонлар, телефонлар ва бошқалар туфайли экскурсовод сайёҳларга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлди. Техник тараққиёт ютуқларидан фойдаланиш экскурсия хизмати кўрсатишнинг яхшиланишида ва унинг такомиллашишида жуда муҳим омил хисобланади.
Юқорида таъкидланганидек экскурсовод турли хил фаолиятларни ташкиллаштирувчи ва уни ижро этувчи хисобланади. Унга ушбу фаолиятни амалга оширишнинг сифати, кўп жиҳатлари бевосита боғлиқ.
Экскурсоводнинг иши – бу жонли меҳнат сарфи бўлиб, на механизация орқали на автоматлаштириш орқали уни амалга ошириб бўлади. Экскурсия фаолияти экскурсоводсиз амалга оширилиши мумкин эмас. Экскурсовод меҳнати сарфи моддий хусусиятга эга бўлмаган хизматларни кўрсатиш билан боғлиқ бироқ ушбу меҳнат ижтимоий фойдали ва зарур бўлиб, кўпгина кишиларнинг саёҳатларининг бегона мамлакатларда, жойларда бўлишида ташрифни енгиллаштиради. Экскурсоводлар кўмагида сайёҳлар кўпгина мажбуриятлардан озод бўлишади, ахборот олиш, маълумотлар ва бошқалар олишда вақтларини тежашади ва ўзларининг дам олишларини, кўнгил очишларини рационал тарзда ташкил этишади.
Экскурсоводнинг иши тартиб-қоидалар, топшириқлар, инструкциялар орқали қатъий белгиланган бўлиб, у ўз хизмат вазифасини бажариши лозим. Одатда экскурсовод ваколатли орган томонидан тасдиқланган олдиндан тузилган дастур асосида ишлайди. Экскурсоводнинг мажбуриятлари тасдиқланган дастурлар томонидан амалга оширилиши лозим бўлсада у сайёҳлар билан бевосита мулоқот мобайнида қўшимча хизматларни, маданий ва спорт тадбирларига билетлар олиш, тарихий ва маданий диққатга сазовор жойларга ташрифларни амалга ошириш, валюта алмаштиришда кўма кбериш, сувенирлар сотиб олиш ва бошқаларда ўз хизматларини таклиф этиши мумкин.
Экскурсоводнинг мажбурияти ва жавобгарлиги хорижга экскурсия уюштирилганда, анжуман иштирокчиларидан иборат катта гуруҳлар билан ишлаганда ортиб боради.
Бундай ҳолатларда таклиф этилаётган хизматлар сифати ва миқдорини шартномага асосан назорат қилиб бориши, хорижий божхона, чегара хизматлари, сайёҳлик фирмлари олдида миллий сайёҳлик ташкилотининг, мамлакатнинг вакили сифатида шартнома муносабатларида иштирок этишини яхши тушуниши ва шунга яраша муносиб харакат қилиши лозим.
Экскурсия фаолиятини амалга оширишда кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакаси муҳим аҳамиятга эга. Экскурсовод учун шахсий маданият, сиёсий, иқтисодий, тил ва профессионал тайёргарлик ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ушбу сифатлардан бирортасида камчилик бўлса экскурсовод бошқа вазифаларини ҳам бажара олмайди.
Экскурсоводга юқори даражада умумий маданият талаб этилиши унинг исталган сайёҳ билан мулоқотга киришиши учун зарур. Умумий маданият унинг сайёҳларга касби, ёши, миллий мансублиги, анъаналарини хисобга олган ҳолда дифференциялашган тарзда хизмат кўрсатиш имконини беради. Бу ёндошиш экскурсоводга туристлар ишончини қозониш, экскурсия хизматларини кўрсатишда кичик кўнгилсизликлар олдини олишда кўмак беради.
Экскурсоводларнинг аҳлоқий барқарорлиги учун сиёсий тайёргарлик муҳим аҳамият касб этади. Бу йўналишда минтақадаги беқарорлик хусусан Афғонистон ва Тожикистондаги террор ва куч ишлатиш ҳолатлари Ўзбекистон Республикасида миллий истиқлол ғоясини қўллаб-қувватлашни зарурий талабга айлантирди.
Туризм иқтисодий жараёнлар устунлик қиладиган фаолият бўлиб, бу ҳолат экскурсоводдан нафақат бой маданиятга эга бўлиш балки туризм соҳасида валюта ва молиявий сиёсат масалаларни ечишини ҳам талаб қилади. У молиявий хисоботлар, экскурсиялар калькуляция қилиш, муайян маршрутларда саёҳат дастурларини ва бошқаларни тузишни билиши лозим.
Экскурсоводнинг тил тайёргарлигишарт бўлиб, усиз хорижий турист билан бевосита мулоқотга киришиш имкони бўлмайди. Экскурсовод қанчаликтилларни кўп билса у шунчалик туризм бўйича мутахассис сифатида мувоффақиятли ишлаш, ўз мамлакати нуфузии ошириши мумкин.
Экскурсовод меҳмонхоналар, ресторанлар, магазинлар, туристик бюролар, маданий кўнгилочар муассасалар экплуатацияси билан боғлиқ баъзи технологик жараёнларни билиши лозим.
Бу билимлар жойлаштириш, овқатланиш ва кўнгил очиш билан боғлиқ шартнома мажбуриятларини бажаришни енгиллаштиради. Бошқа тарафдан у товар ва хизматлар ишлаб чиқарувчиларни хорижий туристларнинг истеъмол талаби тўғрисида маълумот бериш орқали хизмат кўрсатиш сифатини оширишда кўмаклашиши мумкин.
Ўз хизмат вазифасини бажариш учун турли туристик комплекс корхоналари бўғинлари билан ўзаро муносабатларга киришади. У “Саёҳат”, “Тадбирлар”, “Жойлаштириш”, “Молиявий-бухгалтерия”, “Ташвиқот ва реклама”, “Маданий жамоатчилик фаолияти” бўлимлари, алоҳида жойлаштириш ва овқатланиш корхоналари раҳбарияти, транспорт корхоналари хайдовчилари ва бошқалар билан алоқаларни ўрнатиши лозим. Хизмат кўрсатиш сифатига боғлиқ бўлган барча бўғинларни билиш талаб этилади. Экскурсовод туристларга хизмат кўрсатишда воситачи, мувофиқлаштирувчи, раҳбар ва хўжайин, барча хизматлар вакили ва ёрдамчиси сифатида иштирок этади.
Экскурсоводдан маърузачи сифатида экскурсия иши соҳасида чуқур билим, суҳбат олиб бориш усуллари, гапириш техникаси ва бошқаларни билиш талаб этилиб, бу сифатлар экскурсион суҳбатдан яхши натижаларга эришишни таъминлайди.
Экскурсоводнинг ташкилотчилик қобилиятлари экскурсион хизмат кўрсатиш сифатига ижобий ёки салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Унинг маҳорати ва тажрибаси хизмат кўрсатиш соҳасининг барча турларида хизмат кўрсатиш даражасини белгилаб беради. Туристларнинг ташриф режа-дастурларини бажариш, уларнинг экскурсия ва бошқа маданий тадбирларда иштирок этиши асосан экскурсоводнинг ташкилотчилик ва ишбилармонлик сифатларига боғлиқ.
Агар экскурсоводнинг ўзи юқори даражадаги тайёргарлик ва ҳар тарафлама профессионал тайёргарликни ўзида мужассамлаштирса у экскурсион фаолият сифатига ижобий таъсир этиб, туристик хизмат кўрсатиш даражаси ошиши, хўжалик туризми ривожланишида мувоффақиятларга эришади.
Шундай қилиб, экскурсион фаолият кўпрежалилиги билан ажралиб туради. У ахборот-маълумот, ташвиқот ҳамда ташкилотчилик, воситачилик, кунгил очиш ва оператив фаолиятни ўзи ичига олади.
Экскурсия хизматлари сайёҳларга комплекс хизмат кўрсатишнинг ажралмас қисмидир. Экскурсия хизматларининг моҳияти миллий мехмондўстлик билан боғлиқ фаолият бўлиб, давлатнинг маданий-тарбиявий, иқтисодий ва ижтимоий сиёсати таъсирида шаклланади ва ривожланади.
Экскурсия – бу объектнинг диққатга сазоворлигига эга бўлиб учун ташриф буюриш орқали дунёқарашнинг кенгайтирилиши ва борлиқни билиш шакли хисобланади.
Экскурсия сайёҳлик хизмати шакли сифатида бир қатор белгиларга эга:
экскурсия қилинадиган ресурсларнинг мавжудлиги;
экскурсант ва экскурсоводларнинг мавжудлиги;
белгиланган маршрут ва белгиланган вақтда экскурсия қилиш;
мақсадга йўналитирилганлиги;
темтика асосида амалга оширилиши.
Экскурсияга талаблар:
ахборотнинг ишончлилиги;
маданий-билиш аҳамияти;
тушунтиришнинг тўлиқлиги;
тузулишнинг аниқлиги ва ижронинг тугалланиши;
экскурсантлар манфаатлари қондирилиши.
Экскурсия бир қатор сабабларга кўра таснифланади:
тузилиши бўйича;
тематикаси бўйича;
қатнашчилар таркиби бўйича;
ўтказиш жойига кўра;
харакатланиш усулига кўра;
давомийлигига кўра;
ўтказиш шаклига кўра.
Таркибига кўра экскурсиялар кўпрежали (обзорли) ва тематик экскурсияларга бўлинади.
Тематик экскурсиялар одатда бир мавзу ёки бир мавзуга бириктирилган гуруҳ воқеаларга бағишланади.
Бу каби экскурсиялар бир неча гуруҳларга бўлинади:
табиатшунослик
экологик
тарихий
маданиятшунослик
адабиёт
ишлаб чиқариш ва бошқа.
Бу гуруҳларнинг ҳар бири синфларга ажратилиши мумкин. Масалан, археологик экскурсиялар:
ўлкашунослик;
ҳарбий-тарихий;
этнографик;
археологик.
Ўз навбатида ушбу гуруҳ синфларга бўлиниши мумкин. Масалан, археологик экскурсиялар гуруҳчаси қуйидагиларга:
ер усти-археологик;
сув ости-археологик.
Экологик экскурсиялар яна қуйидаги гуруҳчалар бўйича таснифланади:
шаҳар экологияси;
экология ва инсон;
экология, ўсимлик ва ҳайвонот олами;
сув ва ҳаво ҳавзаси экологияси ва бошқалар.
Санъатшунослик экскурсиялари бир неча гуруҳчаларга бўлинади:
картина галареялари ва кўргазма заллари;
ҳалқ бадиий санъати;
театр;
тарихий-мусиқали ва бошқалар.
Шуни таъкидлаш керакки экскурсияларнинг бу каби таснифланиши шартли хисобланади.
3. қатнашчилар таркибига кўра экскурсиялар қуйидагиларга:
индивидуал;
гуруҳли;
маҳаллий аҳоли учун экскурсиялар;
келувчи туристлар учун;
мактаб ўқувчилари ва талаблар учун экскурсиялар;
ногиронлар ва бошқалар учун экскурсиялар.
Экскурсияни ўтказиш жойига кўра қуйидагича таснифлаш умумкин::
шаҳар;
шаҳар ташқариси;
шаҳарлараро маршрутларда йўлдаги ахборот.
Ҳаракатланиш усулига кўра экскурсиялар пиёда, транспорт воситаларидан фойдаланиб ва комбинациялашган. Дунёнинг бир қатор шаҳарларида махсус пиёда сайр қилиш зоналари (кварталлар) фаолият юритиб барча транспорт турлари юриши таъқиқланган.
Хорижда экскурсия зоналарида бир қатор ҳолатларда экологик тоза ва овозсиз транспорт (ҳаракатланувчи тротура, автобус ва бошқалар) воситаларидан фойдаланилади.
Экскурсиялар давомийлиги бир неча соатдан суткагача бўлиши мумкин.
Дам олиш кунлари маршрутларида турли давомийликдаги бир қанча экскурсиялар назарда тутилиши мумкин.
Экскурсияларни ўтказиш шаклига кўра одатдаги, реклама, оммавий экскурсия, экскурсия-сайр, экскурсия-маъруза, экскурсия-концерт ва бошқалар бўйича таснифланади.
Юқорида келтирилган экскурсиялар классификацияси туроператорлар турларни яратаётганда уларнинг ишини енгиллаштиради ҳамда экскурсоводнинг экскурсияни ўтказиш бўйича методикасини ишлаб чиқишини енгиллаштиради.
Экскурсияни тайёрлаш бир неча босқичда амалга оширилади:
экскурсия мавзусини танлаш;
танланган мавзу бўйича янги экскурсияларни яратиш;
ушбу экскурсияни ўтказиш бўйича экскурсоводни тайёрлаш.
Экскурсия мавзусини танлаш экскурсиялар “банки”ни (портфели) мақсадли яратиш ёки аниқ буюртма бўйича потенциал талабга боғлиқ. Экскурсия мавзуси барча ташриф объектларии ягона бир бутунликда бирлаштириш керак.
Шундай қилиб, экскурсия –туристик қизиқиш объектлари, диққатга сазовор жойларга ташриф буюриш мақсадида қисқа муддатли мавзули маршрут.
Экскурсия хизматини кўрсатиш туристларга комплекс хизмат кўрсатишнинг ажралмас қисмидир. Экскурсия хизматини кўрсатиш таркиби миллий меҳмондўстликни кўрсатиш билан боғлиқ фаолият бўлиб, давлатнинг ижтимоий, маданий-тарбиявий, маърифий, иқтисодий сиёсати таъсирида ташкил этилади ва ривожлантирилади.
Экскурсовод – туристик корхона вакили бўлиб, у тузилган шартномага асосан таклиф этилаётган товар ва хизматлар миқдори ва сифатини назорат қилади. У уюшган туристлар ва туристик ташкилотлар манфаатларини ҳимоя қилиб, ташриф жойида товар ва хизматларни ишлаб чиқаради ва таклиф этади.
Бу ерда хизмат кўрсатувчи ва хизмат кўрсатилувчилар ўртасида кўп режали муносабатлар вужудга келади ва амал қилади. Шу сабабли туристларга экскурсия хизмати кўрсатиш муҳим аҳамият касб этади. экскурсия хизматини кўрсатиш сифатини ошириш:
маҳаллий маданият, мусиқа, театр, санъат ва ҳунармандчиликнинг ҳақиқий хусусиятлари ва ўзига хослигини таъкидлайдиган экскурсия мавзусини такомиллаштириш;
маҳаллий аҳолининг туристик диққатга сазовор жойлар, объектлар ва хизматлардан фойдаланишига имкон бериш;
маҳаллий аҳолини экскурсия фаолиятига жалб этиш мақсадида уларни молиявий рағбатлантириш, профессионал тайёргарлигини ташкил этиш ва ўргатиш;
диққатга сазовор жойнинг юкланиши меъёрдан ортиб кетмаслигининг олдини олиш учун назорат чораларини кўриш;
маҳаллий аҳолини туризмнинг қадриятлари билан, туристларни эса маҳаллий одат ва анъаналар билан таништириш;
танлама маркетинг ва туристик диққатга сазоворликлар ва объектларни назорат қилиш усули орқали маҳаллий одат ва анъаналарга ҳурмат билан қарайдиган туристларни рағбатлантириш;
маҳаллий аҳолини соҳани бошқаришнинг барча бўғинларида самарали ишлаши учун профессионал қилиб тайёрлаш. Бу маҳаллий аҳоли учун иш ўринлари сони ортишига ҳамда туристик қониқиш даражаси юқори бўлишига олиб келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |