2. Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлар ҳаракатини хужжатлаштириш ва ҳисоб регистрларида акс эттириш амалиётининг таҳлили
Маълумки, бюджет ташкилотлари фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбаи бўлиб, давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар хисобланади. Қўшимча молиялаштириш манбаи сифатида эса, бюджет ташкилотларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бюджет ташкилотларини маблағ билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарорига (1999) мувофиқ бюджет ташкилотини ривожлантириш жамғармасини шакллантириш ҳуқуқи берилган. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобига мaблағ билан таъминланадиган тaрмоқларда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, бюджет ташкилотларини мaблағ билан таъминлаш механизмини такомиллаштириш, бюджет мaблағларидан самарали ва аниқ фойдаланиш мақсадида ҳамда бюджет ташкилотлари харажатларини мaблағ билан таъминлашнинг янги тартибини жорий этиш мақсадида қабул қилинган. Бюджет ташкилотларининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари:
ҳисобот чорагининг сўнгги иш куни охирида харажатлар сметаси бўйича тежалган маблағлар (капитал қўйилмаларни молиялаштириш учун назарда тутилган маблағлар бундан мустасно);
фаолият ихтисослиги бўйича товар(иш, хизмат)ларни реализация қилишдан олинган даромадлар; бюджет ташкилоти балансида турган мол-мулкни ижарага беришдан олинган маблағларнинг бир қисми;
белгиланган тартибда бюджет ташкилотлари тасарруфида қолдириладиган маблағлар; ҳомийликдан олинган маблағлар ҳисобидан шакллантирилиши белгилаб берилган.
Ушбу рўйхат асосида шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, бюджет ташкилотлари нафақат фаолият ихтисослиги доирасида балки қонун билан таъқиқланмаган бошқа турдаги товар (иш, хизмат)лар ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига ҳам эгадир. Ва ушбу фаолиятдан олинган даромадлар бюджет ташкилотининг ривожлантириш жамғармаси даромадига белгиланган тартибда бюджет ташкилотлари тасарруфида қолдириладиган маблағлар сифатида ҳисобга олинади. Бюджет ташкилотлари товар (иш, хизмат)лар ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланар экан, ушбу фаолиятдан асосий мақсад фойда олишга қаратилган бўлиши лозим. Бунда эса, албатта ишлаб чиқарилаётган товар (иш, хизмат)нинг таннархини пасайтириш лозим. Чунки таннарх қанча паст бўлса, фойда ва товар (иш, хизмат)нинг рақобатбардошлилик кўрсаткичи ошиши кузатилади. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида”ги ПҚ-4086 сонли қарорида товар (иш, хизмат)лар таннархига кирувчи ягона ижтимоий тўловга ажратмалар ставкаларига ўзгартириш киритилиб, бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари ҳамда устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқни ташкил этган юридик шахслар уларнинг таркибий бўлинмалари учун солиқ ставкалари солиққа тортиладиган базага нисбатан 25 фоиз, хусусий сектор учун эса 12 фоиз қилиб белгилаб берилди.
Бюджет ташкилотларида асосий фаолиятига халақит қилмаган ҳолда товар (иш, хизмат)лар ишлаб чиқариш фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда бюджет ташкилотиниг бюджетдан ташқари даромадларини оширишга имкон яратиш мақсадида бюджет ташкилотларида товар (иш,хизмат)лар ишлаб чиқариш таннархи таркибига кирувчи ягона ижтимоий тўловга ажратмалар ставкаларини солиққа тортиладиган базага нисбатан 12 фоиз миқдорида белгилаб беришни мақсадга мувофиқ, деб хисоблаймиз. Бюджет ташкилотларида бюджетдан ташқари маблағлар улушини оширишда товар (иш, хизмат)ларни реализация қилишдан олинадиган даромадларни шакллантириш имконияти бир мунча юқори. Негаки, ҳозирда фаолият юритаётган бюджет ташкилотларининг катта қисмини ижтимоий соҳа ташкилотлари ташкил этиб, уларда қўшимча тарзда пуллик таълим ва тиббий хизматларни кўрсатиш мумкин (1-жадвал).
Do'stlaringiz bilan baham: |