Бюджет тақчиллиги ва уни молиялаштириш ҳақидаги иқтисодчи олимларнинг илмий қарашлари.
Кўпгина иқтисодчилар давлат молиясини самарали бошқариш ва давлат бюджетини баланслаштиришдан воз кечиш зарурлигини билдирди. С.Слихтер, В.Катчинес каби иқтисодчилар кўп ҳаракат қилиш ва давлат бюджети тақчиллигидан қўрқиш керак эмаслигини уқтирдилар. Иқтисодиётдаги таназзулдан сўнг, бюджет даромад ва харажатлари балансга эга бўлиши керак, деб ҳисобладилар. Бундай шароитда давлат бюджетининг цикл асосида баланслаштирилиши концепцияси келиб чиқди.
Бюджетни доиравий асосда баланслаштириш ғоясига кўра, давлатнинг молиявий сиёсати имкони борича иқтисодий жараёнлар билан мос равишда амалга оширилиши зарур. Иқтисодий танглик ва турғунлик даврида содир бўлган тақчиллик иқтисодий ўсиш йилларида юзага келадиган тақчилликни қоплашга ишлатилади. Бу ғоянинг асосий муаммоси шундан иборатки, иқтисодий ўсиш ва инқирозлар иқтисодий доирада бир хил бўлмаслиги мумкин, шунинг учун иқтисодиётни барқарорлаштириш муаммоси бюджетни баланслаштириш муаммосига қарши чиқади. Масалан, йирик иқтисодий инқироз натижасида юзага келадиган бюджет тақчиллигини қисқа муддатли иқтисодий ўсиш жараёнида вужудга келадиган бюджет профицити ёки ижобий қолдиқ билан қоплаш етарли бўлмайди.
С. Меланднинг фикрича, давлатнинг молия сиёсати иложи борича, иқтисодий ритм билан синхронлашуви керак. Таназзул ва депрессия вақтида юз берадиган камомад юксалиш давридаги вужудга келадиган бюджет профицити ҳисобига қопланиши керак. Бюджетнинг «цикл асосида баланслаштирилган бюджет» назарияси, цикл асосида баланслаштириш орқали ҳукумат цикл сиёсатига қарши туради ва бир вақтнинг ўзида бюджетни баланслаштиради. Шунда бюджет ҳар йили балансга эга бўлиши мумкин эмас. Унинг иқтисодий цикл давомида баланслашуви етарлидир. Бу бюджет тақчиллиги тўғрисидаги концепциянинг асоси жуда содда, аниқ ва қизиқарлидир. Ҳукумат иқтисодиёт ривожланишининг пасайишини олдини олиш учун солиқларни камайтиради, харажатларни оширади, натижада бюджет тақчиллигини ҳосил қилади. Келгуси инфляцион юксалиш даврида солиқни кўпайтиради ва ҳукумат харажатларини қисқартиради. Шу асосда ҳосил қилинган ижобий қолдиқ иқтисодиётдаги ҳолатни пасайиш даврида ҳосил бўлган фарқни қоплаш учун ишлатилиши мумкин. Аммо буларни амалга ошириш жами талабни янада пасайишига олиб келади. Иккинчи комцепциядаги энг асосий муаммо шундан иборатки, иқтисодий фаолиятнинг кўтарилиши ва таназзул вақт давомийлиги нуқтаи назаридан фарқ қилади. Масалан, таназзул даври 3 йил, юксалиш даври 2 йил бўлиши мумкин, унда 3 йилда юзага келтирилган дефицит миқдорини 2 йилда пайдо бўлган бюджетнинг «ижобий сальдо»си билан қоплаб бўлмайди.
Давлат молиясини бошқаришда иқтисодий юксалиш ва иқтисодий динамика назарияларини ривожланиши билан капитал жамғаришни тезлаштирувчи янги, кўпроқ самара берувчи воситалар қидирилди. Бюджет сиёсатини амалга ошириш ва иқтисодий билимлар ичида ўз ўрнига эга бўлган функционал молия ғояси асосида бюджет эмас, балки иқтисодиёт баланслаштирилиши керак, деган қоида молиянинг дастлабки вазифаси, деб қабул қилинган. Функционал молия ғояси янги бўлишига қарамасдан, иқтисодиёт ва бюджет сиёсатида муҳим ўринни эгаллаган. Шу ўринда иқтисодчи олим Р.Линдкольм фикрини келтириб ўтиш ўринли бўлади: «молиянинг эски қоидаси бўйича бюджет баланслаштирилиши керак эди, янги қоида бўйича эса бюджет иқтисодиётни баланслаштириши керак». Мазкур назарияга кўра, бюджетни ҳар йили ёки доиравий асосда баланслаштириш иккиламчи масаладир.
Do'stlaringiz bilan baham: |