13-МАВЗУ: КАРТОГРАФИК ВИЗУАЛЛАШТИРИШ ВА ВИЗУАЛ АХБОРОТЛАРНИНГ КАРТОГРАФИК ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ
Режа:
ГАТда картографик визуаллаштириш ва унинг анъанавий картографиядан фарқли хусусиятлари
ГАТда визуал моделлаштиришнинг параметрлари ва ўзига хос функциялари
ГАТда геоахборот методи ва визуал ахборотларнинг картографик технологиялари
ГАТда туристик харита турлари. Туристик географик тасвирлар.
1.ГАТда картографик визуаллаштириш ва унинг анъанавий картографиядан фарқли хусусиятлари
Геоахборот тизимида визуал моделлаштиришнинг аҳамияти катталигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Туристик ГАТнинг моделлаштириш концепцияси интеграциялашувга асосланган бўлиб, бир томондан, автоматлаштиришни алоҳида қисм вазифалардан комплекс вазифаларни бажаришга ўтиш, бошқа томондан эса, моделлаштириш объекти ҳаёти циклининг турли босқичлари билан боғлиқ вазифаларнинг интеграциялашувини (туристик харита), шу жумладан, режалаштириш ва ишлаб чиқариш технологиясини ўз ичига олади.
Анъанавий туристик харита имкониятлари билан таққослаганда, ГАТ эски картография усулларини сақлаган ҳолда, туристик маълумотларни бойитилган кўринишда намойиш қилиш учун асосли, янги имкониятлар беради. Оддий қоғоздаги туристик хариталар, атласлар, схемалар ва режалар икки ўлчов билан чегараланган бўлиб, улардаги асосий муаммо объектлар ва ҳодисаларнинг хилма-хиллигини уч ўлчамли фазода кўра олмаслик муаммоси ҳисобланади.
Картогрофларнинг полиграфия қобилиятлари ёки кўникмаларини чеклаш оқибатида яратилган хариталар кўринишида қуйидаги муаммолар мавжуд: бир хил ранг ва қалинликдаги чизиқлар, рангларнинг шаффофлиги ҳамда нотекис бўялиши ва бошқалар. Компютер томонидан яратилган туристик хариталар махсус асбоблар, жумладан, йирик форматли мониторлар, принтерлар, плоттерлар, видео-аниматцион қурилмалар ёрдамида яратилади. Бунда растер ва векторли тасвирлар ёрдамида тематик туристик қатламларнинг турли комбинатциялари бирлаштирилади. Натижада, рангларнинг турли градуслик кўламлари ва аниқ контурлар ҳамда фоннинг юзага келиши орқали, замон ва маконни ифодаловчи уч ўлчамли моделлар шаклланади.
1-расм. Растер ва векторли тасвирлар
Бугунги кунда яратилган автоматлаштирилган хариталаштириш дастурлари (Mapinfo, АtlasGIS ва бошқалар) кўп сонли фойдаланувчи-туристлар доирасини қамраб олиб, бунда бевосита фойдаланувчининг ўзи ҳам картографик маҳсулотларни яратиши ва бойитиб бориши мумкин. Бироқ, туристик ГАТ нафақат шартли белгилар ва масштаблар орқали оддий тематик қатламларни танлашгина эмас, балки, фойдаланувчиларга тушунарли формадаги кодланган туристик ГАТда маълумотларнинг ўзгартириш жараёни демакдир.
2-расм. Mapinfo, АtlasGIS дастурлари
Туристик ГАТда объектлар ва уларнинг аттрибутлари рақамли моделларда ифодаланади ва уларни инсонлар тўғридан-тўғри идрок эта олмаслиги сабабли, маълумотларни визуаллаштиришга эҳтиёж туғилади. Маълумотни тушунарли ва қулай тарзда тақдим этиш туристик ГАТнинг асосий вазифаларидан биридир.
Do'stlaringiz bilan baham: |