машқлар тизими ишлаб чиқилган. Айни пайтда, инсон ўзини моддий эҳтиёжлардан холи
қилиши, гўшт, балиқ, тухум, маст қилувчи нарсаларнинг барчаси, жумладан, спиртли
ичимликлар, тамаки, қаҳва, чой истеъмол қилиш, никоҳсиз жинсий ҳаёт кечириш ва
қимор ўйинлардан воз кечиши зарур, деб ҳисобланади.
Кришначиликда медитация деб аталувчи, ибодатхонада ўтказиладиган диний
маросимлар ҳар куни соатлаб бажарилади. У махсус ҳаракатлар, Санкиртана – биргаликда
худо Кришнани «Харе Кришна, Харе Кришна, Кришна Харе, Харе, Харе Рама, Харе Рама,
Рама, Рама, Харе, Харе» деган, махамантра («озод бўлишнинг буюк қўшиғи»)ни куйлаш
билан шарафлаш амалиётини қамраб олади. Буларнинг ҳаммаси, уларнинг таъбирича,
ақлни тозалаш, фикрни ташқи дунёдан халос этиш, бутун диққат-эътиборни худога
нисбатан муҳаббатга йўналтириш учун бажарилади.
«Халқаро Кришнани англаш жамияти»да ўз эргашувчиларининг мол-мулкларини
жамият ҳисобига хайр-эҳсон қилишлари ҳамда ибодатхонада руҳонийлик вазифасига
ўтишлари рағбатлантирилади. Бу таълимотни қабул қилган ҳар бир кишига янги -
санскритча ном берилади. Жамоа аъзолари сари, дхоти ва бошқа ҳинд миллий
либосларини киядилар.
Кришначилар томонидан миссионерлик фаолияти ўтган асрнинг 70-йилларида
бошланган. Улар томонидан амалга ошириладиган тарғиботчилик ҳаракатининг ўзига хос
хусусиятлари қаторида кўчаларда ибодат кийимларида юриб қўшиқлар айтиш ва
адабиётларини тарқатиш, «Ҳаёт учун озуқа» деб номланадиган, бепул озиқ-овқат
тарқатиш акциялари ўтказилишини кўрсатиш мумкин. Бундай ҳаракатларнинг асосий
объектлари сифатида одатда талабалар, мактаб ўқувчилари, қариялар ва меҳрибонлик
уйларида истиқомат қилувчилар танлаб олинади.
5. Ўзбекистонда фаолияти аниқланган норасмий диний жамоа ва секталар. Тарих
шуни кўрсатадики, чуқур ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар бошидан кечираётган жамиятда
ривожланишнинг «ягона тўғри йўли»ни, агар жамиятдаги вазият салбий томонга йўналган
бўлса, «ягона нажот йўли»ни билишга даъво қилувчи турли диний жамоалар ёки секталар
вужудга келиши кузатилади. Ўзбекистонда ҳам 1990-йилларнинг бошида муайян
даражада харизма ва ташкилотчилик қобилиятларига эга, ўзига ишончи юқори бўлган
айрим «янги диндорлар» ўз ғояларини бошқаларга ҳам тарғиб қила бошладилар. Оқибатда
республикада бир неча норасмий диний жамоалар шаклланди. Уларнинг аъзолари орасида
махсус диний маълумотга эга шахслар деярли учрамайди.
Норасмий диний жамоалар илгари сураётган диний-ғоявий қарашларнинг
аксарияти соф диний характерга эга бўлиб, «халифалик қуриш» каби диний-сиёсий
мақсадларга қаратилмасада, ақидавий жиҳатдан ҳанафийлик мазҳаби таълимотига
мутлақо зид ғояларни тарғиб этиш ва ўзларига эргашмаган мусулмонлар ва бошқа дин
вакилларига ўта кескин муносабат билдирилади. Жамоа ичида айрим ҳолатларда
фуқароларнинг қадр-қимматини камситувчи тартиблар жорий қилинган ва жамиятга
салбий муносабатлар шакллантирилган. Оқибатда жамоа аъзоларининг жамият ва
ижтимоий алоқаларнинг узилиб қолиши, улар ва бошқа фуқаролар орасида ўзаро
можаролар келиб чиқиши, айрим адептларнинг оилалари барбод бўлиши каби ижтимоий
иллатлар кузатилмоқда. Жамоа раҳбарлари эса ўз тарафдорларини шахсий манфаат
йўлида фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Ҳозирги кунда республикада фаолияти
кузатилаётган норасмий диний жамоалар қаторига «Маърифатчилар», «Шоҳидийлар» ва
«Бахшиллочилар»ни киритиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: