VII асрнинг иккинчи ярмида хорижийлар орасида раҳбарларининг исми
билан аталадиган бир неча фирқалар пайдо бўлди. Ана шундай мутаассиб фирқалар
орасида энг муросасиз ва шафқатсиз жамоа номини олган Нофиъ ибн Азрақ (в.685й.)
бошчилигидаги «Азрақийлар» оқими алоҳида ўрин эгаллайди. Азрақийлар гуноҳи
кабира (катта гуноҳ) қилган барча мусулмонларни «кофир» деб, уларнинг
таълимотига қўшилмаган кишиларга қарши жиҳод эълон қилиш, ҳаттоки, қария,
аёл ва болаларнинг қонини тўкишни ҳалол, деб билганлар.
IX аср охирида Жанубий Ироқда юзага келган қарматийлар намоз, рўза, закот, ҳаж
каби амаллар фарз қилинмагани, Қуръон оятларида масжид қуриш ёки у ерда йиғилиш
ҳақида ҳукмлар йўқ, деган даъво билан масжидларга боришни ман қилиш
даражасигача борган эди. Ҳаракат ўз номини унинг асосчиси Ҳамдон ибн Ашъаснинг
лақаби Қармат сўзидан олган бўлиб, унинг маъноси манбаларда турлича «калта оёқ» ёки
«қизил кўз» каби маъноларда ифодаланган. Исломдаги мавжуд қоида ва тартибларнинг
моҳиятини бузиб талқин қилиш оқибатида улар ҳаттоки, ҳажга келувчилар Каъбага
сиғиниб, Аллоҳга ширк келтиришмоқда, деган даъволар остида 930 йилда Маккага ҳужум
қилиб, уни талон-тарож қилиб, ҳожиларнинг бир қисмини қул қилишган, бир қисмини
эса ўлдиришган. Каъбани вайрон қилиб, қора тошни иккига бўлиб, Баҳрайнга олиб
кетишган, фақат 20 йилдан кейин катта тўлов эвазига у Маккага қайтариб берилган.
Қарматийлар ислом тарихида ўчмас доғ қолдирган жиноятларни содир этган.
XI аср охирида Эронда юзага келиб, махфий равишда иш кўрган «ҳашшошийлар»
(арабча – ҳашиш (наша) чекувчилар, гиёҳвандлар) террорчилик оқими эса ҳокимиятни
эгаллаш мақсадида уларга хайрихоҳ бўлмаган ҳукмдорларга суиқасд уюштириш
амалиётини олдинга сурган эди. Узоқ вақт ҳашшошийлар кўплаб ҳукмдорларга таҳдид
солиб турган, ҳаттоки, айрим Европа мамлакатлари раҳбарлари ўз хавфсизликларини
таъминлаш учун уларга тўлов тўлашга мажбур бўлган. Шу билан бирга, «ҳашшошийлар»
замонавий террорчилар томонидан ҳам кенг қўлланилаётган, оддий кишилар ва ёшларга
гиёҳванд моддаларни истеъмол қилдириб, ўлса шубҳасиз жаннатга тушишига
ишонтирган.
Диний мутаассибликка асосланган ихтилофлар оқибатида чексиз низолар,
келишмовчиликлар, ҳатто қонли урушлар келиб чиқиб, катта талофатларга ва жамиятнинг
инқироз томон юз тутишига сабаб бўлган. Бузғунчилик ва зўравонликка асосланган,
эътиқодий бирликка таҳдид солган бундай оқимлар фаолияти ўз даври уламолари
томонидан қаттиқ қораланган ва таъқиб қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Вақт ўтиши билан, мазкур ғоялардан янада кенг фойдаланган ҳолда, шунингдек,
ўзгача талқин ва моҳият касб этган янгидан янги мутаассиб оқимлар фаолияти пайдо
бўлди. Замонавий воқелик диний экстремизм ва халқаро терроризмнинг салоҳияти сифат
ва миқдор жиҳатидан жиддий ўсганини кўрсатмоқда. Бу ўз навбатида диний экстремизм
ва терроризмнинг глобал хавфсизликка йўналтирилган жиддий таҳдидга айланишига
замин яратмоқда. Диний-экстремистик ва террорчи гуруҳлар глобаллашув жараёнлари ва
йирик давлатлар орасидаги геосиёсий манфаатлар тўқнашувидан ҳамда фан-техника
ютуқларидан фойдаланган ҳолда экстремизм ва терроризмга қарши кенг кўламли кураш
олиб борилаётган муҳитга мослашишга харакат қилмоқда. Диний экстремизм ва
терроризмнинг жамият барқарорлигига салбий таъсири халқаро террорчилик тизимида
етакчи ўринларни эгаллаб турган қуйидаги диний-сиёсий ташкилотларнинг моҳияти
таҳлил қилинганда янада яққол намоён бўлади.
«Мусулмон биродарлар» жамоаси («Жамоат ал-Ихвон ал-муслимин»).
«Мусулмон
биродарлар» ҳаракатига 1928 йил март ойида Мисрнинг Исмоилия шаҳрида Ҳасан ал-
Банно (1906-1949) томонидан асос солинган. Ташкилотнинг асосий ғоялари Ҳасан ал-
Банно ва Саид Қутб томонидан тарғиб қилинган.
«Мусулмон биродарлар» ўз тарихида бир неча босқичларини босиб ўтган. Дастлаб
«Мусулмон биродарлар» ташкилоти ХХ аср биринчи ярмида мавжуд бўлган кўп сонли
майда исломий гуруҳлардан бири ҳисобланарди. Шунинг учун Ҳасан ал-Банно ўз
тарғиботларини одамларга кенгроқ ёйиш мақсадида, Мисрнинг бир қанча шаҳарларига
сафар уюштирган. Кейинчалик эса турли шаҳар ва минтақаларга ўзининг вакилларини
юборган. Бундай сафарлар натижасида, қисқа вақт ичида, яъни 1930-йиллар охирига
бориб, мамлакатнинг деярли барча минтақасида ташкилотнинг бўлимлари фаолият юрита
бошлаган. Ташкилот «Аллоҳ – бизнинг мақсадимиз, Қуръон – қомусимиз, Пайғамбар –
бизнинг етакчимиз, Жиҳод – бизнинг йўлимиз ва Аллоҳ йўлида қурбон бўлиш бизнинг энг
олий орзуимиздир» деган тамойилни ўзининг бош шиори қилиб олган.
1950-1960 йилларда «Мусулмон биродарлар»га раҳбарлик қилган Саййид Қутб
ташкилот фаолиятининг янада радикаллашувига замин яратди. Хусусан, у 1965 йилда
ёзган «Йўлдаги белгилар» китобида араб жамияти «жоҳилия» даврига қайтиб, маънавий
таназзулга учради, бундай вазиятда асл диндорлар жамиятдан ажралиб, алоҳида жамоалар
тузишлари ҳамда жоҳилияга айланган жамиятни исломлаштириш учун жиҳод олиб
боришлари лозим, деган ғояни илгари сурди. Бунда у «жиҳод» тушунчасини динсизларга
ҳатто, унинг талқинига қўшилмаган мусулмонларга қарши қуролли кураш маъносида
қўллай бошлади. Саид Қутб илк марта дунёвий ҳукумат ва ўзига қўшилмаган
мусулмонларга нисбатан «такфир» (кофирликда айблаш)ни қўллаган ҳолда исломга
умуман ёт бўлган – «фитна» (амалдаги давлат тузумига қарши қуролли қўзғолон кўтариш
амалиёти)ни ёқлаб чиқди. Ҳозирда фаолият юритаётган қатор диний-экстремистик
ташкилотлар учун ҳам бундай ёндашув мафкуравий асос бўлиб хизмат қилди.
Маълумотларга кўра, «Мусулмон биродарлар»нинг минтақавий бўлинмалари
Баҳрайн, Миср, Иордания, Яман, Қатар, Кувайт, Ливан, Бирлашган Араб Амирликлари,
Покистон, Саудия Арабистони, Судан, Сурия, Туркия, Буюк Британия, Дания,
Швейцария, АҚШ, Франция ва Германия каби мамлакатларда фаолият юритган. Ўтган
давр мобайнида «Мусулмон биродарлар»нинг маҳаллий бўлимларидан ажралиб чиқиб,
мустақил фаолият юритаётган бир қатор диний-экстремистик ва террорчи ташкилотлар
мавжуд. Улар қаторида Мисрда фаолияти кузатилган «ал-Жамоа ал-исломия», «ал-
Жиҳод», «ат-Такфир вал-ҳижра», Жазоирдаги «Қуролланган ислом гуруҳи», «Ислом
жиҳоди», Саудия Арабистонидаги «Жумаймана ал-Утейбий», кўпчилик давлатларда
илдиз отишга ҳаракат қилаётган «Ҳизбут-таҳрир ал-исломий» каби ташкилотларни
кўрсатиш мумкин.
XX асрнинг сўнгги йилларига келиб, диний уюшма сифатида очиқ фаолият
юритган «Мусулмон биродарлар»нинг сиёсий қаноти терроризмдан воз кечиб, парламент
типидаги партияга айланганини эълон қилди ва жамиятдаги таъсири янада кенгайиб
борди. Ҳаттоки, 2005 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида бўлиб ўтган «Миллий Мажлис»
сайловларида «Мусулмон биродарлар» ҳаракатининг аъзолари «Ислом – муаммолар
ечими» шиори остида парламент сайловларида «мустақил номзодлар» сифатида
қатнашиб, умумий ҳисобда 20 фоиз овозга эга бўлди ва мамлакат парламентида энг йирик
мухолифат (оппозиция) блокини ташкил этди. Бунинг натижасида умумараб диний
ҳаракатига айланган «Мусулмон биродарлар» ташкилотининг фаолияти ошкора сиёсий
тус олди. 2011 йил 25 январда Мисрнинг пойтахти Қоҳирада бошланган йирик норозилик
намойишлари 11 февралда Президент Ҳусний Муборакнинг истеъфоси билан якунланди.
2012 йил мамлакат президентини сайлаш учун бўлиб ўтган икки босқичли сайлов
натижаларига кўра, 30 июнда «Мусулмон биродарлар» ташкилотнинг сиёсий қаноти
ҳисобланган «Адолат ва озодлик партияси» раҳбари Муҳаммад Мурсий Миср президенти
этиб сайланди. Кўп ўтмай, 2013 йил 3 июлда «Мусулмон биродарлар» ҳаракати вакили
бўлган Муҳаммад Мурсий оммавий норозиликлар натижасида ҳарбийлар томонидан
ҳокимиятдан четлаштирилди.
Юқорида қайд этилган таҳлил «Мусулмон биродарлар»нинг узоқ йиллар давомида
олиб борган фаолияти Мисрда даврий равишда ижтимоий-иқтисодий беқарорликни
келтириб чиқариши билан бир қаторда мусулмон дунёсига мансуб бошқа давлатларда
радикал диний-сиёсий ташкилотлар вужудга келишига мафкуравий ва ташкилий замин
яратгани ҳақида хулоса чиқариш имконини беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |