Курс иши қуйидагича тузилишга эга бўлиши мумкин:
1. Титул варағи. У қуйидаги талаблар асосида шакллантирилади. Юқорида – олий таълим муассаса ва кафедра номи, варақнинг ўртасида талабанинг фамилияси, исми, отасининг исми, курси ва факультети ёзилади. Қуйироқда курс ишининг мавзуси, яна ҳам пастроқда ўнгдан илмий раҳбарнинг фамилияси, исми, отасининг исми, чапда унинг илмий даража ва унвони кўрсатилади. Пастда – курс иши ёзилган йил қайд қилинади (1-илова).
2. Мундарижа - бунда курс ишининг режаси ва унинг боб, бўлимлари кўрсатилади. Мундарижа курс ишининг тузилишига қатъий мос бўлиши, қисқа, лўнда, кетма-кетликда ва аниқ тарзда унинг ички мантиқини очиб бериши зарур. Шунингдек, унда ишнинг ҳар бир боби ва параграфи қайси саҳифадан бошланиши аниқ кўрсатилади.
3. Кириш. Ишнинг бу қисмида тадқиқот мавзусининг долзарблиги, унинг асосий характеристикалари (тадқиқотнинг муаммоси, объекти, предмети, мақсад-вазифалари, гипотезаси) кўрсатилади.
Киришда, шунингдек, тадқиқотнинг асосий ғояси ҳақида ҳам маълумот берилади. Бу қисмда адабиётларга ҳаволалар бериш ва, айниқса, кўплаб цитаталарни келтириш шарт эмас. Ишнинг кириш қисми А-4 форматли, 2-3 варақдан иборат бўлиши зарур.
Тадқиқотнинг асосий характеристикалари тўғри шакллантирилганлиги-ни билиш учун қуйидаги саволларга жавоб беришга ҳаракат қилиниши керак:
- тадқиқот муаммосини аниқлашда – Олдин ўрганилмаган муаммолардан қайси бирини ўрганиш зарур?
- тадқиқот мавзусини танлашда – Тадқиқот муаммоси курс иши мавзусида ўз аксини топганми?
- долзарбликни асослашда - Нима учун айнан шу муаммони бугун ўрганиш шарт?
- тадқиқот объектини белгилашда - Нима текширилади?
- тадқиқот предметини аниқлашда – Объектнинг қайси янги жиҳатлари, муносабатлари, аспектлари, томонлари, функциялари тадқиқ қилиниши зарур?
- тадқиқот мақсадини шакллантиришда – Мақсадга эришиш учун нима қилиш керак? Амалга ошириладиган вазифалар воситасида мақсадга эришиш мумкинми?
-тадқиқот гипотезасини илгари суришда – Тадқиқот мақсадига эришиш учун қайси йўлдан бориш зарур?
-очиқ ҳимояга олиб чиқилаётган ҳолатларни аниқлашда - Тадқиқотнинг объекти ва предметида бошқалар сезмаган қандай хусусиятлар бор? ва ҳ.к.
Курс иши талабаларни педагогик тадқиқотга жалб қилишнинг биринчи босқичи бўлганлиги туфайли унда барча характеристикаларни кўрсатиб бериш шарт эмас. Уларнинг айримларигина, хоҳишга кўра, аниқлаштирилиши мумкин (масалан, гипотеза). Характеристикаларни шакллантириш илмий раҳбар малакаси, маҳорати, талабанинг тайёргарлиги, тадқиқот мавзунинг спецификаси ва бошқа вазиятларга боғлиқ бўлади.
Курс иши мавзусини келгусида чуқурроқ, кенгроқ доирада ўрганиб, уни битирув малакавий иш сифатида давом эттирмоқчи бўлган талабалар тадқиқот илмий тузилмасининг барча қисмларини жиддий ўйлаб кўриши зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |