Деворларни текшириш. Деворларни текширишни девор конструкцияси ва материалини, терма ва қопламаларнинг ҳолатини, мавжуд деформацияларни (дарзлар, вертикалдан оғишлар, қатламланиш, чўкиш) сарбасталарнинг бузилганлиги ва деворлардаги заифлашган қисмларини аниқлаш учун ташқи тарафдан кўришдан бошлаш керак.
Девор материалининг мустаҳкамлигини аниқлаш учун 400 см2 деворнинг сувоқ ёки қоплама қисми тозаланиб Кашкаров болғаси билан билак зарбасида ўртача куч билан бетон юзасига ораларидаги масофа камида 30 мм дан иборат 10-12 белги (чуқурча) тушириб, чуқурчанинг диаметрини бурчаклик масштаб билан ўлчанади. Чуқурча диаметрларининг ўртача арифметик қийматини топиб, солиштирма эгри чизиқдан фойдаланиб бетон синфи топилади. Кашкаров болғасининг Физдел болғасидан фарқи, унинг учида махсус юмшоқ метал ўзакнинг мавжудлигидир. Ҳозирги кунда бетон мустаҳкамлигини аниқлаш учун электрон акустик аппарат – ультратовушли, зарбий импульсли асбоблар қўлланилади. Ультратовушли усулда бетондан ультратовушнинг ўтиш тезлиги ва бетон намунасининг сиқилишга бўлган мустаҳкамлиги орқали эмпирик боғлиқлик бўйича аниқланади. Мустаҳкамликни бузмасдан аниқлаш усуллари эксплуатация қилинаётган биноларни текширишда қўлланилади. Деворлари деформацияланган биноларни текширишда деформациянинг пайдо бўлиш сабабларини аниқлаш муҳимдир.
Устунларни текшириш. Устунларни текшириш уларнинг конструкциясини, кесимини, терма сифатини, мавжуд деформацияларини, вертикалдан оғишни, дарзларни устун йўналишини аниқлаш бўйича қилинадиган кўрикдан бошланади. Устуннинг мустаҳкамлигини Кашкаров ёки Физдел болғаси билан уриш орқали аниқланади. Уришни полдан 1,2-1,5 м юқорида икки тарафидан амалга оширилади.
Ораёпмаларни текшириш. Ораёпмаларни текширишда уларнинг хили, материали ва конструкцияси, таъмирлаш лозим бўлган қисмларининг холати, деворга бириккан ерларида захлаш ёки музлаш мавжудлиги, дефектлар (солқилик, устун сувоғининг ҳолати, девор ва ўртадевор билан бирикув жойларидаги дарзлар) аниқланади. Ораёпманинг конструктив схемасини топиш, темирбетон конструкциядаги арматурани ва унинг жойланишини аниқлаш учун замонавий асбоблар қўлланилади. Ораёпманинг солқилигини прогибомер ёки нивелир билан аниқланади.
Аниқланган дефектларнинг изоҳли руйхати жадвал шаклида тайёрланади (2-3-иловалар, қ).
13.3.Конструкция ва унинг элементларини ишончли ҳисоби
Бино ва иншоотларни ҳисоблаш ва эксплуатация юклардан уларнинг конструктив элементларидаги ички зўриқишларни аниқлаш қурилиш механикаси ва материаллар қаршилиги усуллари асосида амалга оширилади. Ҳисоб-китоблар махсус тизимли дастур (CKAD, STAAD, ЛИРА, SELENA, Monomax, STARK ва ҳ.к.)лар ёрдамида, мухандислик усулларида ҳам амалга оширилиши мумкин.
Ҳисоблар текшириш натижасида олинган маълумотларга асосан ва мос равишдаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда олиб борилади. Бу кўрсаткичлар қуйидагилардир:
бинони ва унинг конструктив элементларини геометрик параметрлари: оралиқлар, баландликлар, юк кўтарувчи конструкцияларнинг ҳисобий кесим юзалари;
юк кўтарувчи конструкцияларнинг ҳақиқий таяниш ва бирикиши, уларнинг ҳақиқий ҳисобий схемаси;
конструкцияни ташкил этган қурилиш материалларининг ҳисобий қаршилиги;
конструкциянинг юк кўтариш қобилиятига таъсир қилувчи дефект ва шикастланишлар;
ҳақиқий юклар, таъсирлар, бино ёки иншоотнинг ишлаш шароити.
бошқа ёндош конструкциялар билан таяниш ёки бирикиш шартлари, таянч бирикмаларининг деформацияланиши;
кесимларнинг геометрик ўлчамлари, оралиқларнинг ва эксцентриситетларнинг катталиги;
ҳақиқий (ёки талаб қилинган) юкларнинг тури ва тавсифи, конструктив элемент бўйича уларнинг қўйилиши нуқталари ёки тарқалиши;
конструкциянинг дефект ва шикастланишлари.
Темирбетон конструкцияларнинг ишлашининг ҳақиқий ҳисобий схемаларини аниқлаш учун, уларнинг геометрик ўлчамлари билан бир қаторда улардаги ҳақиқий арматуралаш схемаси ва арматураларнинг ўзаро боғланиш усулларини инобатга олиш керак.
Бажарилган ҳисобларга асосан қуйидагилар амалга оширилади:
конструкцияларда эксплуатация жараёнида таъсир қилувчи юк ва таъсирлар, шу жумладан зилзилавий таъсирлар аниқлаштирилади;
мазкур конструкцияларнинг юк кўтариш қобилияти аниқланади.
Бу кўрсаткичларни ўзаро таққослаш натижасида уларнинг юк кўтариш қобилиятига нисбатан қандай юкланганлиги ойдинлашади.
Юк кўтарувчи қурилиш конструкцияларини текшириш ва уларни ҳисоблаш ва таҳлили натижаларига асосан ушбу конструкцияларнинг техник ҳолати бўйича категорияси аниқланиб, уларнинг кейинги эксплуатацияси бўйича тавсиялар берилади.
Агарда ташқи юклар таъсири конструкциянинг юк кўтариш қобилиятидан ортиб кетадиган бўлса, у ҳолда бундай конструкциянинг ҳолати ишдан чиққан ёки авария ҳолатида эканлигини қайд этиш зарурдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |