45-модда. Суғурталовчиларни (қайта суғурталовчиларни) қайта ташкил этишнинг ўзига хос хусусиятлари Суғурталовчиларни (қайта суғурталовчиларни) қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш шаклида қайта ташкил этиш ваколатли давлат органининг рухсати билан амалга оширилиши мумкин.
Суғурталовчи (қайта суғурталовчи) қайта ташкил этишга рухсатнома олиш учун ваколатли давлат органига тегишли ариза билан бирга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
муассислар (иштирокчилар) ёки қайта ташкил этиш тўғрисидаги таъсис ҳужжатларида қайта ташкил этиш ваколати берилган суғурталовчи (қайта суғурталовчи) бошқарув органининг қарорини;
ташкил этилаётган суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) балансини ва унинг фаолиятининг молиявий натижалари прогнозини;
қўшиб юбориш ёки қўшиб олиш шартномасининг лойиҳасини (қўшиб юбориш ёки қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этилаётганда).
Суғурталовчиларни (қайта суғурталовчиларни) қайта ташкил этишни амалга оширишга доир ариза зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш кун ичида ваколатли давлат органи томонидан кўриб чиқилиши керак.
Ваколатли давлат органи қабул қилинган қарор тўғрисида суғурталовчини (қайта суғурталовчини) ёзма равишда ёки ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон ҳужжат шаклида хабардор қилиши шарт. Ваколатли давлат органи суғурталовчиларни (қайта суғурталовчиларни) қайта ташкил этиш учун рухсатнома беришни қуйидаги ҳолларда рад этишга ҳақли, агар:
суғурталовчиларни (қайта суғурталовчиларни) қайта ташкил этиш натижасида уларнинг молиявий барқарорлигига доир талаблар бузилиши мумкин бўлса;
суғурталовчиларнинг (қайта суғурталовчиларнинг) қайта ташкил этилиши суғурта бозорида рақобатнинг чекланишига ёки бартараф этилишига олиб келиши мумкин бўлса;
суғурталовчиларни (қайта суғурталовчиларни) қайта ташкил этиш учун рухсатнома берилишини сўраб тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри маълумотлар бўлса ёки бу ҳужжатлар қонунчиликка мувофиқ бўлмаса;
суғурталовчиларни (қайта суғурталовчиларни) қайта ташкил этиш қонунчиликка зид бўлса.
Суғурталовчиларни (қайта суғурталовчиларни) қайта ташкил этишни амалга ошириш учун берилган аризани такроран кўриб чиқишда суғурталовчиларни (қайта суғурталовчиларни) қайта ташкил этишни ушбу қайта ташкил этишни амалга оширишни рад этиш тўғрисидаги хабарномада илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича амалга оширишни рад этишга йўл қўйилмайди.
Бўлиш ва ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этилганда суғурталовчи (суғурталовчилар) (қайта суғурталовчилар) лицензиясининг амал қилиши тугатилади. Қайта ташкил этиш натижасида янгидан тузилган суғурталовчиларга (қайта суғурталовчиларга) лицензиялар бериш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади. Бўлиш ва ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этилаётган вақт учун ва янгидан тузилган суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) томонидан лицензия олинадиган пайтга қадар улар янги суғурта шартномаларини тузишга, амалдаги суғурта шартномаларини узайтиришга ҳақли эмас, бундан илгари тузилган суғурта шартномалари бўйича ушбу суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) ўз зиммасига олган, ҳуқуқий ворислик тартибида уларнинг ўзига ўтган мажбуриятларни бажариш ҳоллари мустасно.
Агар қўшиб олиш натижасида лицензия шартлари ўзгармаса, қўшиб олиш шаклида қайта ташкил этилганда ўзига бошқа суғурталовчи (қайта суғурталовчи) қўшилган суғурталовчи (қайта суғурталовчи) амалдаги лицензияни сақлаб қолади.
Ўзгартириш шаклида қайта ташкил этилганда суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) лицензияси қайта расмийлаштирилади.
Қўшиб юбориш шаклида қайта ташкил этилганда лицензияни қайта расмийлаштиришга қайта ташкил этилаётган суғурталовчиларда (қайта суғурталовчиларда) янгидан вужудга келган суғурталовчини (қайта суғурталовчини) давлат рўйхатидан ўтказиш санасида лицензия мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.