3.Янги ишга кирувчилар учун инструктажлар ўтказиш тартиби
Ҳар қандай ташкилот ва корхоналарга ишга янги қабул қилинган барча ишчилар иш ўринларида кириш инструктажи (йўриқномаси) ва бирламчи инструктаждан ўтганларидан кейингина ишга қўйилишлари мумкин. Кириш инструктажини меҳнат муҳофазаси муҳандиси томонидан ўтказилади. Бунда ишга янги қабул қилинган ишчи айни ишлаб чиқаришдаги меҳнат муҳофазасининг ҳолати, корхонанинг ички тартиб-қоидалари, ишлаб чиқариш санитарияси, ёнғинга қарши ҳимоя тадбирлари, электр хавфсизлиги ҳамда хавфсизлик техникаси тадбирлари билан танишади. Кириш инструктажи бўйича машғулотлар меҳнат муҳофазаси кабинетида, ишлаб чиқаришнинг хавфсиз усуллари тасвирланган кўргазмали қўлланмалардан фойдаланиб ўтказилади. Иш турларига қараб айрим хавфли ишлар учун янги ишга кирувчилар иш бошлашдан олдин шу ишга доир махсус ўқув курсини ўташлари ва инструктаж олгандан кейинги билимлари синови ўтказилиши шарт.
Ишга киргандан сўнг иш ўрнида хавфсизлик техникаси бўйича бирламчи инструктажни уста ёки участка(цех, бригада) бошлиқлари томонидан ўтказилади. Бирламчи инструктажда ишчиларга ўз ихтисослиги бўйича вазифалари, иш ўрнини хавфсиз ташкил қилиш тартиби билан таништириш, қурилма ва механизмларнинг тузилиши, ишлаш принциплари, уларга хизмат кўрсатиш, асбоб-ускуна ва мослама, ҳимоя воситаларидан фойдаланиш ҳамда хавфли, зарарли омилллар мавжуд қисмларга турли тўсиқлар ўрнатиш, ишлатиш, улардан фойдаланиш қоидалари, шунингдек хавф туғилган тақдирда ўзини қандай тутиш кераклиги, хавфга қарши чора кўриш йўл-йўриқлари билан таништирилади. Инструктаж ўтказилгандан сўнг уста янги ишчига ўз касби ёки бажараётган ишнинг тури бўйича хавфсизлик техникасига оид инструкция ёки эслатма топшириши керак.
Иш ўрнида бериладиган инструктаж, шунингдек, ҳар сафар бошқа ишга ўтганда ёки иш шароитлари ўзгарганда ҳам ўтказилади; кўпчилик ҳолларда цех ишчилари ўз соҳаларига доир ишлар юзасидан (комплекс ҳолда) хавфсизлик техникасидан инструктаж олишлари шарт.
Янги ишга кирганлар учун ишга киргандан бошлаб уч ойдан кечиктирмасдан ташкилот ёки корхона бош муҳандиси тасдиқлаган программа асосида ишларнинг хавфсиз усуллари ва бу усулларни қўллашлари бўйича ўқитиш зарур. Ўқитиш тугагандан сўнг ишчининг кўрсатилган ишларнинг усул ва уларни қўллашларини ўзлаштирганлиги юзасидан олган билими текширилиб, унга гувоҳнома берилади.
Соҳа йўналишларига қараб токи ҳар кварталда бир мартадан такрорий инструктаж ўтказилиши мумкин. Хавфсизликнинг юқори талаблари қўйиладиган иш турларида банд бўлган ишчилар хавфсизлик техникаси бўйича ўқиш курсини тугатиб, имтиҳон топширганларидан сўнг ва иш бажаришга гувоҳномаси бўлган ҳоллардагина ишга қўйиладилар. Шуни эсда тутиш керакки, ўқиш муддати йиллик бўлиши мумкин. Агар ўқиш тугагандан кейин бир квартал ишламаган ишчи бўлса, ўқитилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ўз кучини йўқотади ва бу ишчини қайтадан ўқишга қўйилади.
Инструктаж беришдан асосий мақсад ишчининг бирор бахтсиз ҳодисага йўлиқмаслиги бўлиб, корхона ёки ташкилотда инструктаж яхши ўтказилса, жароҳатланиш частотаси кўрсаткичи Кчкамаяди:
,
бу ерда - жароҳатланиш (бахтсиз ҳодиса)нинг аниқ вақт орасидаги сони; - корхонадаги ишчиларнинг ўртача сони.
Юқоридаги формуладан кўриниб турибдики, жароҳатланишлар сонига жароҳатланиш частотаси тўғри пропорционал равишда боғланган.
Жароҳатнинг оғирлик кўрсаткичи битта бахтсиз ҳодисадаги ишга яроқсизликнинг ўртача узунлигини ҳарактерловчи катталик бўлиб, буни қуйидаги формуладан аниқланади:
,
бу ерда: - барча бахтсиз ҳодисалар бўйича ишга яроқсиз кунларнинг суммар сони. Формулага эътибор берилса, жароҳатланишлар натижасида ишга яроқсиз кунларнинг амалий йиғиндиси қийматининг ортиши билан жароҳатнинг оғирлик кўрсаткичи К қиймати ортади. Демак, жароҳатланиш частотаси ҳам, жароҳатланиш оғирлиги кўрсаткичи ҳам қанчалик камайса, иш унуми ортишига олиб келади. Бундан кўринадики, ишчиларга бериладиган инструктажнинг яхшиланиши жароҳатланишнинг камайишига, бу эса ўз навбатида ишлаб чиқаришнинг ортишига олиб келади.
Соҳа мутахассисликлари бўйича меҳнат муҳофазасининг алоҳида – Специфик томонлари мавжуд. Бу ўринда меҳнат турига боғлиқлик борлиги кўрсатилади. Масалан, ақлий меҳнат эгалари учун корхона ёки ташкилотларнинг қайси бўлимларида ишлашларидан келиб чиққан ҳолда инструктаж берилади. Агар бевосита ишлаб чиқаришга алоқадор ақлий меҳнат бўлса, бундай ақлий меҳнат билан шуғулланувчилар ҳам корхона учун умумий бўлган хавфсизлик техникаси инструктажларини олишлари шарт.
Қурилиш соҳасида асосий урғуни юқорида ишловчиларга, пайвандловчиларга, юқори босимли идиш ва қурилмалар кабиларда ишловчиларга қаратилади. Автомобилларни ишлатувчи ва уларни таъмирловчилар учун эса, чилангарлик ишларида, корхоналарда ишларни ташкил қилишда, турли дастгоҳларда ишлашдаги хавфсизлик техникалари кабиларга алоҳида эътибор берилади.
Озиқ-овқат маҳсулотлари мутахассисликлари соҳаларида шиша идишлар билан ишлашдаги, электр билан ишлашдаги, кесувчи, прессловчи, пиширувчи каби аппаратлардаги шу каби жараёнлардаги хавфсизлик техникаси қоидаларига алоҳида эътибор берилади.
Меҳнат муҳофазаси бўйича инструктажлар барча соҳаларда берилиши талаб этилиб, бунда юқоридагилардан ташқари ёнғин хавфсизлиги, ёнғинга қарши чора-тадбирларни белгилаш, йўл-ҳаракат хавфсизлиги, жароҳатланганларга кўрсатиладиган зарурий биринчи ёрдамлар тўғрисида ҳам тушунчалар берилади.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, инструктаж олиб ишлаш-хавфсизликни тўла таъминлаб ишлашда меҳнат муҳофазасининг инструктаж бериш тартиб қоидалари асосидаги тадбирларга жуда қаттиқ эътибор беришни талаб қилади. Мутахассисликнинг ҳақиқий эгаси бўлишликда коллеж ва институт талабалари ҳамда ёш ишга кирувчиларга жароҳатланишнинг олдини олишда қилиниши лозим бўлган ишларни туб маъносига етиб боришлик муҳим ҳисобланади.
Назорат саволлари:
1.Ишловчиларни фаолият хавфсизлиги талабларига амал қилишга ўқитиш тизими деганда нимани тушунасиз?
2.Инструктаж(йўл-йўриқ) деганда нимани тушунасиз?
3.Меҳнат муҳофазаси бўйича кириш инструктажини ким ўтказади?
4.Меҳнат муҳофазаси муҳандисининг вазифалари нималардан иборат?
5.Иш жойидаги инструктажни ким ўтказади?
6.Бевосита раҳбар деганда нимани тушунасиз?
Do'stlaringiz bilan baham: |