2. Тирик модда ҳоссаси ва функциялари
I. Тирик модданинг махсус хусусиятлари қуйидагилар:
1. Биосферанинг тирик моддаси катта энергия захирасига эга.
2. Тирик ва ўлик моддалар ўртасидаги кескин фарқ уларда борадиган кимёвий реакциялар тезлигидадир (тирик моддада борадиган икмёвий реакциялар тезлиги минг ва миллион марта ортиқ).
3. Тирик модданинг ўзига хос хусусиятларидан бири, ундаги оқсиллар, ферментлар ва бошқа кимёвий бирикмалар фақат тирик организмларда барқарор бўлади.
4. Биосферада ҳар қандай модданинг эркин ҳаракати ва маълум даражада ўз-ўзини идора этиши умумий хусусият ҳисобланади.
5. Тирик модда ўлик моддага нисбатан морфологик ва кимёвий хилма-хиллиги жиҳатидан ажралиб туради. Тирик модда таркибига кирадиган 2 млн.дан ортиқ органик бирикмалар маълум бўлиб, табиий минераллар эса икки минг атрофида холос.
6. Тирик модда биосферада айрим организмлар сифатида намоён бўлиб, уларнинг ўлчами ҳам жуда хилма-хил. Энг кичик вируслар 20 нм.дан ошмайди. Энг йирик ҳайвон ҳисобланган китларнинг узунлиги 33 м га боради. Энг баланд дарахт (эвкалипт)нинг бўйи эса 100 м дан ортади.
II. Тирик модданинг асосий биогеокимёвий хусусиятлари қуйидагилар:
1. Энергетик хусусияти. Фотосинтез жараёни орқали қуёш энергиясини тўплаш ва уни кейинчалик биосферанинг айрим таркибий қисмларга тақсимланиши. Биосферада қуёш энергиясининг тўпланиши туфайли унда ҳаётнинг барча кўринишлари мавжуддир.
2. Газлар ҳосил қилиш ва уларнинг ҳаракатини амалга ошириш хусусияти. Газларнинг айланиб юриши, ўзгариши орқали биосферанинг газ таркибини таъминлайди. Майёрамиздаги асосий газлар биоген йўл билан келиб чиққан. Тирик модда фаолияти натижасида азот, кислород, карбонат ангидрид гази, водород сульфид, метан ва бошқа газлар ҳосил бўлган.
3. Биоген моддаларни тўплаш хусусияти. Тирик модда таркибида енгил элементларнинг атомлари (H, C, N, O, Na, Mg, AI, Si, S, CI, K, Ca) кўп миқдорда учрайди. Ушбу элементларнинг миқдори тирик организмлар таъсирида ташқи муҳитга нисбатан юз ва минг баробар ортиқ тўпланади. Ана шу хусусият туфайли биосферанинг кимёвий таркиби хилма-хил эканлиги ҳамда ўлик моддалардан кескин фарқ қилиши намоён бўлади.
4. Оксидланиш-қайтарилиш хусусияти. Маълум моддалар (атомлари ўзгарувчан даражадаги оксидланиш хусусиятига эга бўлган) домий равишда кимёвий ўзгаришлардан иборат бўлиб, бунда Ер юзасида биоген моддаларнинг оксидланиш-қайтарилиш жараёнлари устунлик қилади.
5. Парчаланиш хусусияти. Тирик организмларнинг нобуд бўлишидан кейин парчаланиш, яъни органик моддаларнинг минераллашиш жараёни содир бўлади. Натижада биосферада биоген ва оралиқ моддалар ҳосил бўлади.
6. Муҳит ҳосил қилиш хусусияти. Организмларнинг ҳаёт фаолияти натижасида муҳитнинг физик-кимёвий кўрсаткичларини ўзгартиришдан иборат бўлиб, В.И.Вернадский “Организмлар ташқи муҳит билан боғланган, шунинг учун у ташқи муҳитга нафақат мослашиб қолмай, балки унга мослашган”, деб ёзган эди.
7. Транспорт хусусияти. Моддаларнинг Ернинг тортиш кучига қарши горизонтал йўналишда ташиб юрилиши.
Do'stlaringiz bilan baham: |