2. Инсоннинг биосферага таъсирини асосий
йўналишлари
Инсон дастлаб биосферанинг тузилмасига деярли таъсир этмай, ибтидоий ҳаёт кечирган. Овчилик қуроллари ва оловдан фойдаланиш кабиларнинг кашф этилиши билан инсоннинг атроф-муҳитга бўлган таъсири бироз кенгайди. Ёввойи ҳайвонларни қўлга ўргатиш, ўсимликларни маданийлаштириш кабилар озиқ-овқат маҳсулотларининг кўпайишига ва аҳоли сонининг ортишига сабаб бўлиб, бу эса ўз навбатида инсоннинг биосферага бўлган таъсирини кучайтирди.
Деҳқончиликнинг ривожланиши давомида ўрмонлар кесилиб, унумдор ерларга айлантирилди, чорвачиликнинг ривожланиши ўсимликлар қопламининг камайишига, пайҳон қилинишига сабаб бўлди. Натижада миллион йиллар давомида шаклланган барқарор ҳамжамоалар сунъий беқарор экотизимга айланди. Инсоннинг биосферага таъсирини шартли равишда қуйидаги йўналишларга ажратиш мумкин:
1. Ўрмонларни кесиш ва янги ерларни ўзлаштириш биринчи навбатда биосферанинг сув режимига салбий таъсир кўрсатади. Натижада дарёлар саёзланиб қолиши, ботқоқланиш, ўт босиш, балиқлар сонининг камайиши кузатилади. Ер остки сувлари захираси камаяди, қор ва ёмғир сувлари тупроққа сингимай унинг юза қисмини ювиб кетади. Сув эрозияси билан қўшилиб тупроққа янада кучли таъсир этади.
2. Инсоннинг биосферага таъсирида муҳим рол ўйнайдиган омиллардан яна бири суғоришдир. Инсон қадим замонлардан бери суғориладиган деҳқончилик билан шуғулланиб келади. Суғориш ишлари унумсиз ерларни унумдор ерларга айланишига имкон бериши билан бирга гидрологик шароитни ҳам ўзгартириб юборади. Чунончи, бунда ер остки сувлари сатҳининг ботқоқланиши ва сув босиши мумкин. Бундан ташқари, суғориладиган ерларнинг кенгайиши, дарёлар сув режимининг ўзгаришига, баъзан дарёларнинг қуриб қолишига олиб келади.
3. Инсоннинг биосферага таъсиридан яна бири кимёвий ўғитлардан фойдаланиш ҳисобланади. Суғориладиган деҳқончиликда кимёвий ўғитлардан фойдаланиш ҳосилдорликни бир неча марта оширади. Шу билан бирга ўғитлардан фойдаланиш ичимлик сувлари сифатининг ёмонлашишига, эвтрофикация жараёнининг сусайишига, нитрит ва нитратларнинг сувда тўпланиши натижасида хавфли канцероген модда – нитрозаминлар ҳосил бўлишига сабаб бўлмоқда. Ушму моддалар одам саломатлигига салбий таъсир этади. Бундан ташқари чучук сувларда нитратлар ва фосфатларнинг ортиб кетиши фито- ва зоопланктонларнинг ҳаётига ҳам таъсир этиб, (азот ва калий миқдорини чеклайди) фитопланктонларни кўпайиб кетишига олиб келади. Сувда яшовчи кўк-яшил сув ўтлари минерал ўғитлар билан ифлосланган сувларда жуда тез кўпайиб кетиб, сув ҳавзасининг юзини беркитиб қўяди, бу эса балиқларнинг ялпи қирилишига, шунингдек ботқоқланишга олиб келади.
4. Ниҳоят инсоннинг биосферага кўрсатадиган кучли таъсирларидан бири ўсимликлар касалликлари, зараркунанда ҳашаротлар ва бегона ўтларга қарши курашда фойдаланиладиган кимёвий кураш воситаларидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |