3. Услубий ишларнинг асосий шакллари ва замонавий турлари.
Услубий ишларни амалга оширишда хилма- хил шакллар ва усуллардан фойдаланилади. Улар жумласига қуйидагилар киради: кутубхоналарга бевосита бориш ва ёрдам кўрсатиш; маслаҳатлар; материалларни тахлил қилиш; услубий қўлланмалар яратиш; ишланмалар ва йўл-йўриқлар тузиш; семинар ва конференциялар ўтказиш; курслар ва амалиёт машғулотлари ташкил этиш; илғор тажрибаларни тавсифлаш ва бошқалар.
Услубий ёрдам ва уни амалга ошириш усулларига кўра уларни қуйидагича ажратиш мумкин:
Оғзаки шакллар – маслаҳатлар, маърузалар ва обзорлар;
Босма шакллар – услубий қўлланмалар ва ишланмалар, ахборот материаллари;
Кўргазмали шакллар – плакатлар, кино ва телеэшиттиришлардан фойдаланиш, ҳамда намунали ишларни намойиш этиш билан кутубхоналарда машғулотлар ўтказиш, намунавий оммавий тадбирларни кўрсатиш. Услубий ёрдам кўрсатишининг баъзи бир шаклларига кенгрок тўхталамиз.
Кутубхоналарга бевосита бориш ва ёрдам кўрсатиш услубий ишларни мухим шаклидир. Уни мақсади – кутубхоналар фаолияти билан умумий танишиш, илғор тажрибаларни аниқлаш, ўрганиш ёки жорий этиш, бирон бир ишни йўлга қўйишда амалий ёрдам кўрсатиш ёки оммавий тадбир ўтказишдан иборат бўлиши мумкин. Бундай услубий ёрдам якка тартибда ёки гурухли бўлиши мумкин. Якка тартибда кутубхонага ташриф буюрган услубчи, кутубхона ҳақидаги материалларни ўрганади, илгари қандай кўрсатмалар берилганлиги, кутубхона қандай ёрдамга мухтожлигини аниқлайди ва ўз иш режасини тузади. Хато ва камчиликлар топилганда уларга кутубхоначи эътиборини қаратади, зарур бўлган такдирда, уларни қандай тузатишни кўрсатиб беради.
Гурухли боришлар кўпинча услубий марказ кутубхонасининг турли бўлимлари ходимлари томонидан амалга оширилади. Гурух аъзолари жойлардаги иш шароитини чуқур ўрганиш мақсадида нисбатан узоқроқ муддатга боради. Гурухнинг вазифаси махаллий ходимларга иш ўргатишдан иборат бўлади. Шунинг учун гурух аъзолари кутубхоначилар билан биргаликда ишлайдилар, уларга маслаҳатлар, йўл- йўриқлар берадилар, кутубхонада малака ошириш бўйича машғулотлар ташкил қиладилар.
Маслахатлар. Улар мазмунига кўра ғоят хилма- хил ва шакли бўйича якка тартибдаги, гурухли ва умумий характерли бўлади. Якка тартибдаги маслаҳатлар бевосита услубчи- маслаҳатчи ва кутубхоначи ўртасида бўлади. Бунда саволларга жавоблар аниқ, лўнда ва амалда тадбиқ қилса бўладиган тавсиялардан иборат бўлиши талаб қилинади.
Гурухли маслахатлар бир вақтни ўзида бир неча кишига берилади, ўз мазмунига кўра улар умумий характердаги ёки олдиндан белгиланган мавзуга мувофик бўлади.
Умумий характердаги маслахатлар семинарлар, йиғилишлар, конференция иштирокчилари оғзаки ёки ёзма шаклда берадиган саволлари асосида ўтказилади. Маслаҳат берувчи барча иштирокчилар учун кизиқарли бўлган саволларга жавоб беради. Қолган саволларга жавоблар якка тартибда берилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |