Тупроқлар - каолинит, кварц, дала шпати, слюда, кальций ва магнит карбонатлари ҳамда темир оксиди каби минераллардан ташкил топган сочилувчан жинс. Тупроқни сув билан қориштирганда пластик ҳолатга ўтади. Қуритганда эса ўз шаклини саклайди, аммо қайта сув таъсирида пластик ҳолатга ўтади. Бу хусусият уни бошқа хом ашёлардан ажратиб туради.
Қум - доналарининг катталиги 0,15 дан 5 мм. гача бўлган сочилувчан жинс. Таркибига кўра қумлар кремний, дала шпати, оҳактош ва пемзали турларга бўлинади.
Тоғ ва жар қумлари нотекис қиррали шаклда бўлади. Бундай қумларда бетон учун зарарли бўлган тупроқ, чанг аралашмаси ва органик моддалар кўп. Дарё ва денгиз қуми юмалоқ, сирти силлиқ бўлиб, таркибида зарарли аралашмалар кам. Кўл қумида эса майда тупроқ заррачалари кўп миқдорни ташкил қилади. Бархан қуми майда ва сирти силлиқ шаклда бўлади. Бундай қумдан бетон конструкциялари ишланса, цемент харажати 15–30 %гача ортади.
Қум таркибида тупроқ миқдори 10 %дан кам бўлса, тупроқли қум, 10 %дан кўп бўлса, қумли тупроқ деб аталади. Қумнинг ўртача зичлиги 1500 кг/м3. га тенг. Уни силкитиб зичланганда зичлиги 1600–1700 кг/м3. га етади. Қум қанчалик майда бўлса, намлигининг ортиши билан ҳажми ҳам катталашади. Қумни қабул қилишда унинг намлиги 1 дан 3 %гача бўлса, ҳажмини 10 %га камайтириб олиш лозим, агар намлиги 3 дан 10 %гача бўлса, ҳажми 15 % камайтирилади. Қиш шароитида очиқ ерда сақланган қумнинг ҳажми ҳар вақт 15 % камайтириб олинади. Қуруқ қумнинг иссиқлик ўтказувчанлик коэффициенти 0,3–0,4 Вт/мтрад.
Қурилишда қум, асосан, бетон ва қоришмалар учун майда тўлдиргич сифатида ишлатилади. Яхшилаб туйилган кремний қумлари цементлар учун фаол гидравлик қўшилма сифатида ҳам ишлатилади.
Шағал – ҳар хил тоғ жинсларининг парчаланишидан ҳосил бўлган сочилувчан жинс. Ташқи кўриниши бўйича шағалнинг сирти силлиқ, юмалоқ шаклда бўлиб, йириклиги 5–80 мм. га тенг. Зичлиги 2700–2900 кг/см3, ҳажмий массаси 1600–1800 кг/см3. га тенг. Келиб чиқишига кўра шағал тоғ, дарё ва денгиз шағалларига бўлинади. Улар юмалоқ, игнасимон, тухум ва юпқа патниссимон шаклларда учрайди.
Табиатда кўп учрайдиган харсангтошлар тоғ жинсларининг парчаланишидан келиб чиққан, табиий шароитда силлиқланган, йириклиги 150 мм. дан катта бўлган жинс. Майдаланган харсангтошдан чақиқ тошлар олинади ва бетонлар учун йирик тўлдиргич сифатида ишлатилади.
Сочилувчан жинсларнинг ер қатламининг юқори босими остида ўзаро цементланишидан ҳосил бўлган қумтош – табиий цементлар воситасида қумнинг зичланиши ва ниҳоят цементланишидан ҳосил бўлган мустаҳкам жинсдир. У таркибидаги боғловчи модданинг турига кўра лойли, кремнийли, оҳактошли, гипсли, битумли қум-тошларга бўлинади. Лой воситасида зичланган лойли қумтошлар сувга чидамсиз бўлади.
Майда кремнийли алюмосиликатлар (цементлар, опал, халцедон) билан қумлар аралашмасининг зичланиши натижасида кремнийли қумтошлар ҳосил бўлган. Унинг сиқилишдаги мустаҳкамлик чегараси 100–500 МПа, ҳажмий зичлиги 2400–2600 кг/м3. Кремнийли қумтош кислотага чидамлидир, аммо уни ишлаш қийин. Қурилишда қумтош бетонлар учун тўлдиргич, йўлка ва зиналар учун плиталар сифатида ишлатилади. Кремнийли қумтошнинг айрим хиллари пардозланган ҳолда қоплама плита сифатида ҳам ишлатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |