2. Ташқи меҳнат миграциясининг аҳоли турмуш даражасига таъсири
Халқаро миграцияда асосий ўринни меҳнат миграцияси эгалламоқда. Чунки ҳозирги даврда инсоннинг яшаши учун иқтисодий омилнинг аҳамияти кучайди.
Одатда миграциянинг асосий сабабларидан бири сифатида иқтисодий омил кўрсатилади. Яъни бир хил ишга икки мамлакатда бир-биридан кескин, ер билан осмон қадар тарзда фарқланадиган маош тўланиши мигрантлар масаласини кескинлаштиряпти. Айни пайтда у ёки бу минтақада муайян соҳа мутахассисларининг етишмаслиги ҳам шу соҳа мутахассисларига катта маош тўланишига, демак, миграция оқимининг пайдо бўлишига олиб келади. Бу жараённинг ибтидоси ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида АҚШда кузатилган. Ўшанда Америка нацистлар Германиясидан қочиб келган олимларни юқори ҳақ тўланадиган ишларга таклиф эта бошлаган. Миграция жараёнининг ижобий натижаларидан бири –мигрантларнинг пул ўтказмаларидир. Пул ўтказмалари оқимлари ривожланаётган мамлакатлар иқтисодий аҳволи яхшиланишига ҳамда жаҳон молия тизими билан бирга ривожланаётган давлатлар молия тизимининг такомиллашувига жиддий таъсир кўрсатувчи асосий омил ҳисобланади. Статистика маълумотларига кўра, мигрантлар томонидан 2018 йилга келиб жўнатилган маблағлар миқдори 600 миллиард АҚШ долларидан ортиб кетган ва бу пулнинг 450 миллиард доллари ривожланаётган давлатларга жўнатилганлигини эътиборга оладиган бўлсак, бунда инсон омили мавзуси, нафақат, иқтисодий, балки ижтимоий – сиёсий жиҳатдан ҳам ўта муҳимлигини таъкидлаш жоиз. Бугунги кунда эса Шарқий Европанинг юқори малакали мутахассислари АҚШ, Канада ва Ғарбий Европадан қўним топишмоқда. Маълумотларга кўра, мигрантларнинг катта қисми кўп миқдорда нефть экспорт қиладиган Яқин Шарқ мамлакатларига келишмоқда. Бу мамлакатларда соҳа ишчиларининг 70 фоиздан ортиғини хорижликлар ташкил этади. Шунингдек, Аргентина, Бразилия, Сингапур, Гонконг, Японияда ҳам меҳнат мигрантлари сони тобора ортиб бормоқда. Дунё бозорига меҳнат мигрантларини етказиб берувчи асосий мамлакатлар эса Ҳиндистон, Покистон, Вьетнам, Жазоир, Мексика, Ирландия ва Туркия бўлиб қолмоқда. Германияда ривожланган мамлакатда аҳоли сони йилига ўрта ҳисобда 0,1 фоиз камайиб бормоқда. Бу ҳам хорижий меҳнаткашларни мамлакатга жалб этишнинг сабабларидан биридир. Аксинча, дунёнинг бошқа кўплаб давлатларида аҳоли сони кескин ошаяпти. Масалан, Фаластинда аҳоли йилига 3,7 фоиз, Яманда 3,3 фоиз, Конгода 3,1 фоиз кўпаймоқда. Ушбу рақамлар шундан далолат берадики, дунё аҳолисининг аксарият демографик тузилишига миграция жараёнларининг таъсир кўлами ортиб бормоқда. Банд аҳолисининг аксарият қисми миграция иштирокчилари бўлган кўпчилик ривожланаётган давлатлар иқтисодиётида ва жамиятининг замонавий кўринишида қабул қилувчи давлатлар сиймосига тақлид кайфиятини кўриш мумкин. Бу шундан далолат берадики хорижда меҳнат қилиб ватанига қайтган меҳнат миграцияси иштирокчилари ўз навбатида икки миллат тили, урф-одатлари, дунёқараш, сиёсий нуқтаи-назар ва ҳоказоларни умумлаштирган ҳолда шаклланиб, ривожланиб боради ва келгусида фарзандларига шундай руҳда тарбия бериб вояга етказади. Бундай мутаносибликнинг ижобий ва албатта салбий жиҳатларини вақт ўтгани сайин содир бўладиган жамиятнинг аҳлоқий ўзгаришларида кузатишимиз мумкин.
Аҳоли турмуш даражаси – ижтимоий-иқтисодий категория бўлиб, у кишиларнинг моддий ва маданий-маиший эҳтиёжининг қондирилиши ҳамда ижтимоий турмуш шароитининг яхшиланиб бориши каби тушунчаларни ўз ичига олади. Бугунги кунда аҳолининг турмуш даражасига доир иқтисодий тадқиқотларда мигрантларнинг оилаларини шароитларини ўрганиш амалий аҳамият касб этиб бормоқда. Аввало, гап даромадлар даражаси ва бошқа белгилар бўйича аҳоли тақсимотини тузиш ва таҳлил қилиш ҳақида кетганда, статистик маълумотлар мигрант оила даромадларининг ҳосил бўлишини чет элда ва истеъмолни асосий қисми маҳаллий бозорларга тўғри келиши билан, турли омилларнинг аҳолининг турмуш даражасининг шаклланишига таъсирини миграция билан боғлаб кўрсатиш мақсадга мувофиқ эканлигини кўрсатмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият юритаётган Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази томонидан йиллар давомида чет элда меҳнат фаолиятини ўтаб келган фуқароларимиздан уларнинг турмуш шароитлари ва хориждаги меҳнат фаолияти тўғрисида ижтимоий сўровнома ўтказиб келинмоқда. Ўрганилган таҳлилларга кўра миграция иштирокчиларинг хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ молиявий масалаларни аниқлашдаги критериялар мисолида шаҳардаги иштирокчиларга нисбатдан қишлоқдаги мигрантларнинг даромади бўйича фарқли қўрсатгичлар асосан уларнинг мобеллиги, мослашувчанлиги, дунёқараши, тил билиши каби омиллардан келиб чиқган ҳолда фарқланган. Бундай тенденциянинг юқорилиги мигрантларнинг меҳнат қилган мамлакатидаги турар-жой харажатлари ва овқатланиш учун сарфланган харажатлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Кузатувларда таҳлил қилинган хулосаларни объектив боҳолашда Республика статистика қўмитаси томонидан ҳудудлар кесимида чет элдан келиб тушган трансферт пул оқимининг динамикаси асосида келтирилан маълумотлар ҳам мисол бўла олади. 2018 йил ва 2019 йилнинг 9 ойилик маълумотнинг аҳоли умумий даромадлари таркибида республика ташқарисидан келиб тушган пул ўтказмалари ҳажмининг улуши мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, юқори темпда Хоразм(24,4%), Самарқанд(20,1%), Сурхондарё(18,6%), Бухоро(17,8), Наманган(17,0%), Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғона(16,1), Қашқадарё(15,7%) ва энг кам Навоий(4,9%) вилоятлари ҳиссасига тўғри келган. Ушбу динамика кўрсатгичлари орқали хулоса қилиш мумкинки, аниқланган ҳудудлар орқали республика миқёсидаги ишчи миграция оқимининг харакатланишида энг кўп чет элга ишлаш учун бораётган фаол вилоятлар таркибига аниқлик киритиш мумкин. Шунингдек мигрантларни хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ молиявий масалаларни ўрганишда мигрантлар оқимининг кўпроқ харакатланаётган давлатлари асосан Россия, Қозоғистон ва Туркия давлати бўлиб қолмоқда. Сўнги пайтларда Россия давлатида бу тенденция бир мунча пасайганлиги кузатилган бўлсада, лекин 2017-2019 йиллар таҳлили бўйича жисмоний шахсларнинг Ўзбекистонга давлатлар кесимидаги трансчегаравий пул ўтказмалари улуши ҳали ҳам устунликга эга эканлигини кўриш мумкин. Шу билан бирга ўрганилган маълумотларга кўра Россия давлати меҳнат мигрантлари меҳнат қилаётган давлатлар ичида мигранларнинг алданиш эҳтимоли кам ва юқори ҳақ тўлайдиган ишончли давлат сифатида эътироф этилди. Ўрганилган кузатувларга кўра мигрантлар хорижда ишлаб топган даромадларининг 61,2% кундалик эҳтиёжлар учун сарфлаганлигини айтиб ўтишган ва бу кўрсатгич ўтган йилги кўрсаткичдан нисбатдан бир мунча ошган.. Уй-хўжаликларда яшовчи оила аъзоларининг асосий қисми катта даромадга эга бўлмаганлиги учун мигрантлар ишлаб топган пул асосан оиланинг кундалик эҳтиёжлари учун сарфланаётганлиги аниқланган. Шунингдек, уй-жой қуриш, таъмирлаш ёки сотиб олиш учун 50,8% маблағ йўналтирилган бўлса, тўй ва шу билан боғлиқ харажатлар 33,9%га етган. Автомобил сотиб олиш учун пул сарфлаган мигрантлар сони фарқли равишда 18,4% ташкил этган.
Do'stlaringiz bilan baham: |