4.Ўзбекистон Республикасида халқаро молия институтлари иштирокида ижтимоий дастурларни молиялаштириш йўллари
Республикада бозор муносабатларига ўтиш даврида ижтимоий сиёсат аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишга қаратилади ҳамда алоҳида йирик йўналишларда амалга оширилади. Бу йўналишлар Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг «Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида» китобида тўлиқ баён қилин.
Ижтимоий сиёсат мазмуни, айниқса, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш зарурлиги, бу йўналишдаги фаолиятни бозор иқтисодиётининг барча босқичлари ва йўналишларида ишончли кафолатлар билан муҳофаза этиш, бошқача қилиб айтганда, инсон, оила ва жамият имкониятларини кенгайтириш орқали тараққиётга йўл очиш Ўзбекистоннинг умумбашарият томонидан тўла эътироф этилган концепцияларга содиқ ва собит эканлигини очиқ-ойдин исботлайди.
Ўзбекистоннинг ўз янгиланиш ва тарраққиёт йўлига асос бўлган энг муҳим тамойиллардан бири-бозор иқтисодиётига ўтишнинг барча босқичларида олдиндан кучли ижтимоий сиёсатни ўтказишдир. Ижтимоий сиёсат - давлатнинг даромадлар тақсимотидаги тенгсизликни юмшатишга ва бозор иқтисодиёти қатнашчилари ўртасидаги зиддиятларни бартараф қилишга йўналтирилган сиёсатидир. Барча қоидалар ижтимоий вазифаларни ҳал этишга, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш соҳасида ижтимоий кафолатни вужудга келтиришга бўйсундирилади. Бугунги кунда «инсон ҳаёти учун муҳим бўлган соҳалар-ҳаёт даражасини кўтариш, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, одамларнинг кайфиятига таъсир этадиган ижтимоий масалаларни ечишга алоҳида аҳамият бериш керак бўлади»5.
Республикамизда ижтимоий соҳаларни тараққий эттиришда, ижтимоий дастурларни молиялаштиришда бюджетдан ташқари манбалардан маблағларни жалб этилиши, Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтиш зарурияти туфайли келиб чиқмаган, балки у умумжаҳон тажрибаларига асосланади.
Ҳозирги шароитда мамлакатимизда ижтимоий дастурларни молиявий жиҳатдан таъминлаш масаласида, асосан икки йирик манбанинг ўрни юқорилиги маълум бўлди. Уларнинг биринчиси мамлакатимиз давлат бюджетининг маблағлари бўлса, иккинчиси турли хорижий мамлакатлардан хилма-хил шаклларда жалб қилинган маблағлардан иборатдир.
Ижтимоий дастурларда кўзда тутилган вазифаларни бажариш ва кўзланган мақсадга эришиш учун давлат бюджети маблағларидан асосий манба сифатида фойдаланилаётганлиги тушунарлидир. Чунки дастурда кўзда тутилган ва бажарилиши лозим бўлган вазифалар алоҳида олинган ҳудудий ёки минтақавий характерга эга бўлмасдан, балки мамлакат ёки умумдавлат аҳамиятига эга бўлиб, уларнинг бажарилишида мамлакат давлат бюджетининг маблағлари ҳал қилувчи рол ўйнамоқда.
Таълим харажатлари турли шаклларда молиялаштирилади:
Бюджет орқали молиялаштириш. Умумдавлат аҳамиятига эга бўлган харажатларни молиялаштириш амалга оширилади.
Ўз-ўзини молиялаштириш. Бюджет ташкилотлари харажатларини ўз молиявий ресурслари эвазига молиялаштирилади.
Халқаро молия институтлари орқали молиялаштириш.
Ҳомийлар маблағларидан фойдаланиш.
Республика учун Халқаро валюта фонди, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки билан хамкорликни ривожлантириш жараёнини жадаллаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа молия институтларига аъзо бўлиш муҳим аҳамиятга эгадир.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов таъкидлаб ўтганларидек, XXI аср, шубҳасиз, халқаро муносабатларда глобаллашув асри бўлади. Бундай шароитда интеграция жараёни, мустақил давлатларнинг халқаро институтлар ва ташкилотлардаги иштирокининг кенгайишига нафақат тарихий муқаррарлик сифатида, балки бутун планетани ҳам, алоҳида регионларни ҳам барқарорлигининг қудратли омили сифатида қараш зарур.
Бугунги кунда ижтимоий дастурларни молиялаштиришни такомиллаштириш амалиёти ва ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағларни молиялаштиришда янги шакл ва услублардан фойдаланишимиз керак. Ижтимоий дастурларни халқаро молия институтлари томонидан молиялаштиришни таъминлайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.
Маълумотлар шуни кўрсатадики, дастурларга сарфланаётган маблағларнинг асосий қисми бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли фондлар маблағларидан амалга оширилади. Бозор иқтисодиёти шароити даврида бюджет масаласи, молия ишлари жуда муҳим ва мураккаб масаладир. Ҳар бир ҳудуднинг ривожи, аҳолисининг турмуш шароити, ижтимоий ҳимояси, кам таъминланган оила ва шахсларнинг етарли даражада ижтимоий ҳимоя қилиниши ҳар бир ҳудуд давлат ҳокимият органларининг молиявий масалаларни тўғри ҳал қила билишига боғлиқ.
Республикамизда қабул қилинаётган махсус ижтимоий ривожлантириш дастурларини амалга ошириш Президентимиз, давлатимизнинг лиққат марказида турибди. Ижтимоий дастурларни молиялаштириш, биринчидан, давлат иқтисодиётининг аҳволи, иккинчидан, олиб борилаётган ижтимоий сиёсати билан белгиланади. Ижтимоий дастурларни молиялаштириш давлат тузилмалари (давлат маблағи), корхоналар ва фуқаролар (нодавлат маблағлар) ва ташқи манбалардан бўлиши мумкин. Ижтимоий дастурларни бюджетдан молиялаштириш тартиби давлатнинг иқтисодий ва молиявий сиёсатига боғлиқ тарзда бюджетларни ташкил этиш ва уларда фойдаланишнинг ягона қоидасини татбиқ этишга асосланган.
Бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш ҳисобига молиялаштиришнинг янги манбаларидан фойдаланиш, республикада иқтисодий ислоҳотларни ўтказиш даврида ижтимоий соҳанинг молиявий базасини соғломлаштиришнинг стратегик йўналиши ҳисобланади. Бу тадбир фақат ўтиш даври шароити тақозосига кўра Ўзбекистон учун заруратгина эмас, умуман дунё миқёсида ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг объектив қонуниятидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов таъкидлаганидек, «Ўзбекистон иқтисодиётини жаҳон иқтисодий тизими билан интеграциялашувига эришмасдан туриб, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтирмасдан ва мустахкамламасдан туриб, банк ва молия соҳаларида, реал иқтисодиётда, биринчи гадда етакчи тармокдарда чет эл капиталининг иштирокини кенгайтирмасдан туриб, иқтисодиётимизнинг барқарор тараққиётини таъминлаш қийин»6.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Халқаро валюта фонди, Жаҳон банки, Халқаро меҳнат ташкилоти, Европа кенгаши уюшмаси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро электр алоқа иттифоки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Осиё ва Тинч океан иқтисодий ҳамда ижтимоий комиссияси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, Ҳамдўстлик регионал иқтисодий ташкилоти, Ҳамдўстлик божхона кенгаши каби эътиборли халқаро ва молиявий ташкилотларнинг тенг ҳуқуқли аъзосидир. Республиканинг халқаро ташкилотлар фаолиятидаги иштироки бир қанча йирик давлатлараро лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, минтақалараро муамммоларни ҳал этиш имконини беради.
Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни эркинлаштириш ва чуқурлаштириш жараёни ташқи иқтисодий фаолиятни ҳуқуқий бошқариш стратегиясининг ўзига хосликларини ҳам минтақавий миқёсда, ҳам алоҳида мамлакатлар даражасида савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг тегишли устуворликларини белгилаб берди.
Халқаро молиявий институтлар билан ташқи савдонинг улуши кўпайиб бормоқда. Чет эллардан қўшимча моддий-молиявий ресурслар жалб этиш, жаҳон фан-техника тараққиёти ютуқларини иқтисодиётга жорий этиш, аҳолининг хилма-хил юқори сифатли тозарларга бўлган эҳтиёжларини қондириш, хизмат соҳасини ривожлантиришда чет эл тажрибасидан фойдаланиш, қўшимча иш ўринларини вужудга келтириш мақсадида халқаро молия институтлари билан ташқи иқтисодий алоқалар ривожлантириб борилмоқда.
Ҳозирги пайтда Осиё тараққиёт банки билан биргаликда республика иқтисодиётини ривожлантириш учун бир қатор лойиҳалар ва ёрдамлар кетма-кетлиги ишлаб чиқилган.
Ҳозирги кунда республикамизда таълим соҳасида хорижий ҳамкорлар билан ишлаш юзасидан муайян тажриба тўпланди. Миллий кузатиш маркази, шунингдек, ТАС1С нинг "Таълим тизимини ислоҳ қилишда Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига кўмаклашиш" лойиҳалари бунинг ёрқин мисолидир. Мазкур лойиҳанинг асосий контрактори Нидерландиядаги - ФОНТИС университетидир. Шунингдек, лойиҳада Буюк Британия Кенгаши ва АБУ Консалт, Нидерландия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Польша, Венгрия, Россиядан хорижий экспертлар қатнашади. Лойиҳа таълимни ривожлантиришнинг беш йўналишини: қонунчилик, бошқарув, молиялаштириш, билимларнинг сифати ва уларга баҳо бериш ҳамда ахборотлаштиришни назарда тутади.
Кейинги йилларда давлатнинг иқтисодиётга аралашуви бирмунча камайган, республикамизда иқтисодиётни эркинлаштириш бўйича белгиланган вазифалар таълим соҳасида ҳам амалга оширилмоқда. «Ўзбекистон Республикасида таълим тизими ислоҳотларини амалга оширишда халқаро молиявий институтлар, чет эл давлатлари ҳукумати ва ташкилотлари қўллаб-қувватламоқдалар. Республикамизда «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури»ини амалга ошириш учун имтиёзли кредитлар ва грантлар кўринишида ёрдам берилмоқда. Осиё Тараққиёт банки, Жаҳон банки, ЮНИСЕФ, ТАС1С, USAID каби кўзга кўринган молиявий институтларни кўрсатиш мумкин.
Ривожланган мамлакатлар тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда, республикамизда таълим харажатларини молиялаштириш йўналишларини янада ўзгартириш вақти келди. Таълимни бошқариш ва молиялаштириш усулларининг эркинлигини таъминлаши, унинг хилма-хил шаклларига ижодий ёндашиши бизнинг мақсадимиз бўлиши керак.
Мактаб таълимини ривожлантириш мақсадида Осиё тараққиёт банкидан «Таълим секторини ривожлантириш Дастури» бўйича 70,0 млн. АҚШ доллари, кичик лойиҳаси бўйича 38,5 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит олинди. «Таълим секторини ривожлантириш Дастури»ни молиялаштириш тартиби қуйидагилардан иборат.
Бу дастур қабул қилиниши ва амалий жиҳатдан рўёбга чиқарилиши мамлакат меҳнат потенциалини ривожлантириш, унинг сифат кўрсаткичларини ошириш учун алоҳида аҳамият касб этади.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги қонуни ва Ўзбекистонда "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури" нинг қабул қилиниши ва «Мактаб таълим жамғармаси»нинг тузилиши бу соҳада эришилган муваффақиятлардан биридир. Бу дастурларда белгиланган барча тадбирларни босқичма-босқич бажариш учун ўз навбатида мактабгача тарбия муассасалари, мактаблар ва мактабдан ташқари муассасалар, лицей, коллеж, олийгоҳларнинг молиявий муаммоларини ҳал этиш талаб этилади. Таълим муассасалари молиясининг бюджет ва бюджетдан ташқари манбалардан ташкил топиши унинг ўзига хос хусусиятларини англатади. Мазкур муассасалар ўз фаолиятларини бюджет ва ўзини-ўзи маблағ билан таъминлаш ҳисобидан амалга оширадилар. Бугунги кунда таълим соҳасини бюджетдан ва бюджетдан ташқари маблағлардан молиялаштириш амалиётини янада такомиллаштириш долзарб масаладир.
Do'stlaringiz bilan baham: |