1-боб бўйича хулосалар:
Хулоса қилиб айтганда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунда хўжалик бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати ўз аксинси топмаган. “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ва уларда ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назорати, унинг шакллари, халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари олдида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳисобот бериш тартиби, ушбу кенгашларнинг ваколатлари, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмлари билан боғлиқ нормалар ўз ифодасини топиши лозим.
Бу эса мазкур масала “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунда ўз ифодасини топиши лозимлигини кўрсатади. Жамоатчилик назоратини таъминлаш механизмлари ва уларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида фикримизча, Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи жамоатчилик ташкилотлари тўғрисида”ги қонунини қабул қилиш масаласини кўриб чиқиш таклиф қилинади. Ўз навбатида мазкур Қонун қабул қилингач, Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунига ҳуқуқни ҳимоя қилувчи жамоатчилик ташкилотларининг давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг предмети, уларнинг бу борадаги ҳуқуқлари, ариза бериш тартиби, жамоат текширувини ўтказиш тартиби, уларнинг хулосаси, уларнинг оммавий мурожаати, ушбу мурожаатлар ва хулосаларни кўриб чиқиш тартибига оид нормалар киритилиши таклиф қилинади.
2- боб Меҳнат муҳофазасида жамоатчилик назорати услубиёти механизимининг метод ва материаллари
2.1. Парламент ва жамоатчилик назорати – замонавий, ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамиятининг илмий назарий таҳлили.
Ўзбекистонни ривожлантиришнинг принципиал йўналишларини белгилаб берган, 2020 йилнинг бош ҳужжати бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Парламентнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини ошириш, парламент назоратини такомиллаштириб бориш ҳақида батафсил тўхталиб, қуйидаги фикрлар билдириб ўтилди. “Парламент илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳукумат, тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботини мунтазам эшитиб бориши лозим”[13].
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ушбу ғоянинг замирида мамлакатимизни энг ривожланган, замонавий демократик давлатлар қаторига қўшилишида парламент назоратининг самарали амалга оширилиши лозимлиги уқтириб ўтилади. Зеро, ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятининг энг муҳим белгиларидан бири, парламент ва жамоатчилик назорати механизмлари мавжудлигидир. Бугунги кунда ривожланган демократик мамлакатларнинг ҳуқуқий тизими, давлат ва жамият бошқаруви ўрганиладиган бўлса, парламент ва жамоатчилик назорати жуда яхши йўлга қўйилганлигининг гувоҳи бўласиз. Сўнгги йилларда шиддатли тус олган демократик ўзгаришлар, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида парламентнинг ва жамоатчиликнинг ролини ошириш масаласига жиддий эътибор қаратилиб келинмоқда. Натижада ўз тараққиётининг мутлақо янги босқичига қадам қўйган мамлакатимиз Парламенти фаолиятида ҳам туб бурилиш рўй берди. 2020 йил 21 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев янги шаклланган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи йиғилишидаги нутқида “Ўтган даврда парламент назоратининг янги шакл ва механизмлари ҳаётимизга кириб келди. Жумладан, Қонунчилик палатасида ҳукумат аъзоларининг депутатлар саволларига жавобларини эшитиш тартиби – “Ҳукумат соати” институти жорий этилди. Сўнгги 2 йилда 14 марта “Ҳукумат соати” ўтказилиб, уларда 17 та вазирлик ва давлат қўмитаси раҳбарлари иштирок этди”[26], “Сенатда ички ишлар ва ташқи ишлар вазирларининг ахборотларини эшитиш амалиёти йўлга қўйилди. Сенатнинг ялпи мажлисларида вилоят ҳокимларининг ҳисоботларини эшитиш тартиби жорий этилгани парламент назорати соҳасидаги катта амалий натижа, дейиш мумкин”[78] деб таъкидлаган эди. Парламент ва жамоатчилик назоратидан кўзланган асосий мақсад – давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ва улар мансабдор шахсларининг фақат қонун доирасида фаолият юритишини, қолаверса, бутун жамият аъзоларининг амалдаги қонун ҳужжатларига қатъий итоат қилишини амалга таъминлаш бўлиб ҳисобланади. Пировард натижада эса, ҳар қандай давлат ва жамият ҳаётида ҳал қилувчи аҳамият касб этадиган ижтимоий адолат принципининг қарор топиши, тинчлик ва осойишталик, барқарор тараққиётга эришишдир. Шу ўринда машҳур немис файласуфи ва ҳуқуқшунос олими Иммануэль Кантнинг қуйидаги фалсафий фикрини келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ. “Адолат йўқ жойда кишилар ҳаёти қадр-қимматини ушлаб турадиган ҳеч нима қолмайди”[74]. Эҳтимол кимдир ушбу мақоламиз сарлавҳасини ўқиб, парламент назорати алоҳида институт ва жамоатчилик назорати бошқа институт-ку, “парламент ва жамоатчилик назорати” деб қўллаш қай даражада тўғри бўлади қабилида эътироз билдириши мумкин. Лекин, бу иккала институт бир-бирини тақоза этади, бири иккинчисини тўлдиради. Бирини биридан ажратган ҳолда тадқиқ этиш мушкул. Фикримизнинг исботи сифатида қуйидаги далилни келтириб ўтамиз.
Олий мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 10 мартда қабул қилинган Сенат томонидан 2016 йил 31 мартда маъқулланган, Давлатимиз раҳбари томонидан 2016 йил 11 апрелда имзоланган “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддаси “Парламент назорати субъектлари” деб номланган бўлиб, унда парламент назорати субъектлари сифатида қуйидагилар белгиланган: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати; Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари, комиссиялари; Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар гуруҳлари; Қонунчилик палатаси депутатлари; Сенат аъзолари [68].
Маълумки, қонун чиқарувчи ҳокимиятни шакллантиришда иштирок этадиган энг катта институт бу – сиёсий партиялар бўлиб ҳисобланади. Демак, сиёсий партияларсиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасини ҳам, унинг Сенатини ҳам тасаввур этиб бўлмайди. 2018 йил 12 апрелда имзоланган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасида жамоатчилик назоратини амалга оширувчи субъектлар қаторига “белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган нодавлат нотижорат ташкилотлари”[79] кириши қайд этилган. Алоҳида таъкидлаш керакки, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган нодавлат нотижорат ташкилотлари сирасига сиёсий партиялар ҳам киради. Масалага амалиёт нуқтаи назаридан келиб чиқиб ёндашадиган бўлсак, сиёсий партиялар орқали жамоатчилик назорати турли кўринишларда амалга оширилиб келинмоқда. Шу ўринда сиёсатшунослик фанлари доктори, сиёсий партияларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги роли ва аҳамиятини кенг татқиқ этган таниқли олим Муқимжон Қирғизбоевнинг фикрларини айтиб ўтиш лозим. Сиёсатшунос олим ўзининг “Партология” китобида қуйидагиларни ёзади: “партиявий тузилмаларнинг самарадорлигини белгиловчи умумий мезонларга бу партиялар томонидан аҳолининг талаб ва эҳтиёжларига хассослик билан ёндашиш, партиялар иштирокида фуқароларнинг ўта муҳим манфаатлари юзасидан қарорлар қабул қилиш, сиёсий элита фаолиятини демократик назорат қилишни амалга ошириш каби партиявий қадриятларни мисол келтириш мумкин” [82].
Олимимизнинг хулосаларига кўра, “ҳали инсоният тарихида партияларсиз сиёсий элитани адолатли тарзда шакллантиришнинг бошқа бирон-бир воситасини ўйлаб топганича йўқ” [77]. Юқоридагилардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, парламент назорати билан жамоатчилик назорати бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Уларни бир-биридан ажратиб тасаввур қилиш қийин.
Ушбу монография асосий илмий ёндашувлар асосида парламент таҳлиллари давлат ва жамият тараққиётида ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга бўлган бу институтларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталиб ўтадиган бўлсак.
Даставвал, фақат парламент назорати институти ҳақида батафсил фикр юритамиз. Мамлакатимизда парламент назоратининг ҳуқуқий асослари яратилганлигини алоҳида қайд этиш керак. Парламент назоратини амалга оширишнинг механизмлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Конституциявий қонунларда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги қонунларда ўз аксини топган. Бундан ташқари, биз юқорида айтиб ўтганимиздек 28- моддадан иборат “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди ва парламент назоратининг барча механизмлари ягона ҳуқуқий ҳужжатга бирлаштирилди.
Ушбу қонуннинг асосий моҳиятини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ва улар органларининг қарорларини, давлат дастурларини ижро этиш, шунингдек ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларни амалга ошириш фаолияти юзасидан парламент назоратини олиб бориш масаласи ташкил этади.
Қонунда парламент назоратининг субъектлари, объектлари, шакллари ва усуллари, шунингдек парламент назорати натижалари бўйича қабул қилинадиган унинг доиралари ҳамда меъёрлари тўғрисидаги мукаммал ҳуқуқий нормаларни ўз ичига олган. Жумладан, қонуннинг 5-моддасида парламент назоратининг шакллари сифатида қуйидагилар белгиланган: Давлат бюджети ижросининг боришини кўриб чиқиш;
Do'stlaringiz bilan baham: |