ХУЛОСА ВА ТАКЛИФЛАР
Меҳнатни муҳофаза қилишнинг норматив-ҳуқуқий хужжатлари талабларига риоя этилиши юзасидан жамоатчилик назорати услубиётини хорижий давлатлар қонунчилик тажрибасидан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизнинг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунини самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда мамлакатимизда жамоатчилик назорати механизмларининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида қуйидагиларга эътибор бериш мақсадга мувофиқ бўлади:
Мамлакатимиздаги қонунчилик амалиёти ва тажрибасидан келиб чиққан ҳолда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунда асосий тушунчаларга таъриф берилиши таклиф қилинади.
Ўзбекистон Республикаси давлат органлари ва муассасаларининг, бир сўз билан айтганда, давлат ҳокимияти органларининг олиб борадиган ички ва ташқи сиёсати тушунчалари, демак нафақат ички сиёсат, балки ташқи сиёсатни амалга ошириш борасидаги фаолият ҳам жамоат назорати остида бўлиши керак. Шунингдек, “Фуқаролик жамияти” атамаси айнан Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунида очиб берилиши, унда фуқаролик жамиятининг давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлиги тамойиллари, фуқаролик жамиятининг давлат органлари билан ахборот муносабатларига доир нормалар ўз ифодасини топиши лозим эди.
Миллий ва хорижий давлатлар қонунчилик тажрибасидан келиб чиққан ҳолда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига жамоатчилик назоратининг объекти сифатида бошқарув бўйича давлат функцияларини амалга оширувчи корхоналар, такшилотлар ва муассасаларнинг фаолиятини ҳам жамоатчилик назоратининг объекти қаторига киритиш таклиф қилинади.
фуқароларнинг кўплаб мурожаатлари “Ўзтрансгаз”, “Ўзавтосаноат, “Ўзбекэнерго” ва бошқа шу каби аҳолига хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг фаолияти билан боғлиқ бўлмоқда. Бироқ “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунда хўжалик бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати ўз аксинси топмаган. Бу эса мазкур масала “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунда ўз ифодасини топиши лозимлиги билан изоҳланади.
Жамоатчилик назоратини таъминлаш механизмлари ва уларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида илмий тадқиқот ишининг вазифаларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи жамоатчилик ташкилотлари тўғрисида”ги қонунини қабул қилиш масаласини кўриб чиқиш таклиф қилинади.
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунига ҳуқуқни ҳимоя қилувчи жамоатчилик ташкилотларининг давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг предмети, уларнинг бу борадаги ҳуқуқлари, ариза бериш тартиби, жамоат текширувини ўтказиш тартиби, уларнинг хулосаси, уларнинг оммавий мурожаати, ушбу мурожаатлар ва хулосаларни кўриб чиқиш тартибига оид нормалар киритилиши таклиф қилинади.
“Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ва уларда ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назорати, унинг шакллари, халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари олдида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳисобот бериш тартиби, ушбу кенгашларнинг ваколатлари, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмлари билан боғлиқ нормалар ўз ифодасини топиши лозимлиги билан изоҳланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |