1.2. Меҳнат қилишни норматив-ҳуқуқий хужжатларини ижроси
Жамоа келишувларида меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий масалаларга доир қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа қоидалар ҳам кўзда тутилган бўлиши мумкин. Жамоа келишувига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш унинг ўзида белгиланган тартибда, тарафларнинг ўзаро розилигига асосан киритилади. Агар жамоа келишувида бу назарда тутилмаган бўлса, у ҳолда Меҳнат кодексида белгиланган тартибда уни тузиш амалга оширилади. Жамоа келишуви у имзоланган пайтдан ёки келишувда белгиланган вақтдан бошлаб кучга киради. Жамоа келишувининг амал қилиш муддати тарафлар томонидан белгиланади ва у 3 йилдан ошиб кетмаслиги лозим. Қонунчиликда жамоа келишувининг амал қилиш доираси қатъий қилиб белгиланган. Уч тарафлама жамоа келишуви тузилган бўлса, унинг амал қилиши давлат ижроия ҳокимият органига ҳам тааллуқли бўлади.
2008 йил 26 августда “Жамоа келишувлари лойиҳаларини экспертиза қилиш тўғрисида”ги низом қабул қилинган. Ушбу низом Ўзбекистон касаба уюшмалари Федератсиясига бирлашган касаба уюшмаларининг Ҳаракат дастурига биноан ишлаб чиқилган бўлиб, жамоа келишувлари лойиҳаларини тайёрлашда касаба уюшмалари органларига амалий ёрдам кўрсатиш учун жорий этилган. Жамоа келишувлари лойиҳаларининг экспертизаси уларнинг Ўзбекистон Республикаси меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларига ва мазкур жамоа келишувига нисбатан амал қиладиган юқори миқёсдаги жамоа келишувларига мувофиқлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилади. Экспертизани тезкор ва сифатли ўтказиш учун касаба уюшма органи Раёсати қарори билан тегишли комиссия тайинланади. Комиссия аъзолари(экспертлари)нинг сони Раёсат томонидан белгиланади ва одатда унинг таркибига: ҳуқуқий масалалар, меҳнатни муҳофаза қилиш, маданият ва спорт, молия, ижтимоий суғурта, ташкилий ишлар, меҳнаткашлар ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича мутахассислар киритилади. Касаба уюшма органи раҳбарининг ўринбосари комиссия раиси, мутахассисларнинг бири эса комиссия котиби этиб тайинланади.
Жамоа келишуви лойиҳасида ходимлар аҳволини меҳнат тўғрисидаги меъёрий ҳужжатларда назарда тутилганига қараганда ёмонлаштирадиган шартлар аниқланса, комиссия котиби ўз хулосаси билан жамоа келишуви лойиҳасини тақдим этган касаба уюшма органига нуқсонларни бартараф этиш муддатини белгилайди.
Нуқсонлари бартараф этилган келишув лойиҳаси яна бир бор эксперт комиссиясига тақдим этилади, эътироз ёзиб берган ҳар бир экспертга қайтадан кўрсатилади ва улардан нуқсонлар бартараф этилгани тўғрисида ёзув имзо билан олинади. Шундан кейингина эксперт хулосаси комиссия раиси томонидан тасдиқланади. Агар нуқсонлар бартараф этилмасдан келишув қабул қилинса, экспертизадан ўтказган касаба уюшма органи ўзининг Раёсати қарори билан, Меҳнат кодексининг 5 ва 9 моддаларига биноан, жамоа келишувининг ходимлар аҳволини қонун ҳужжатларида ва бошқа меъёрий ҳужжатларда назарда тутилганига қараганда ёмонлаштирадиган шартларини ҳақиқий эмас деб эълон қилишга ҳақлидир. Бундай қарор 5 кун ичида жамоа келишувига имзо чеккан томонларга маълум қилинади. Келишув лойиҳаси муаллифлари ва эксперт комиссияси ўртасидаги ихтилоф экспертизани ташкил этган касаба уюшма органи раҳбари томонидан кўриб чиқилади [14;15;18].
Жамоа шартномаси ва келишувлари тўғрисидаги талабларни бузганлик учун жавобгарлик масаласи Меҳнат кодексининг 34-моддасида берилган. Бунда иш берувчининг вакиллари қандай ҳолатларда жавобгар бўлишлари аниқ кўрсатилган. Ушбу моддада белгилаб қўйилган ҳаракатлар (ҳаракатсизликлар) меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши деб баҳоланади ва қонунда назарда тутилган тартибда жавобгарликка тортишга асос ҳамда сабаб бўлади [16;].
Корхоналар фойдасининг меҳнатни муҳофаза этишга оид адабиётлар, плакатлар, бошқа тарғибот воситаларини нашр этиш ҳисобига ҳосил бўлган қисмига, шунингдек илмий-тадқиқот ва лойиҳа конструкторлик ташкилотлари фойдасининг жамоани ва ишловчиларни якка тартибда ҳимоялаш воситаларининг янгиларини яратиш, ишлаб чиқариш муҳитини назорат қилиш асбоблари ва дозиметрия воситаларининг янгиларини яратиш, ишлаб чиқариш ва мавжуд воситаларни сотиш ҳисобига ҳосил бўлган қисмига имтиёзли солиқ солинади [19].
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг меҳнат шароитлари давлат экспертизаси берган хулоса тарифларни қайта кўриб чиқиш учун асос ҳисобланади [22].
Меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар бузилишида айбдор бўлган ёки давлат ва жамоатчилик назорати идоралари вакилларининг фаолиятига монелик қилаётган мансабдор шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда интизомий, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиладилар.
Жамоа шартномасида корхонанинг иқтисодий имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда, бошқа шартлар ҳам кўзда тутилиши мумкин. Давлат қонунларида ва бошқа меъёрий ҳужжатларда белгиланган меъёр ҳамда қоидаларга қараганда имтиёзлироқ меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий шартлар ҳам киритилиши мумкин (масалан, қўшимча таътиллар, пенсияларга тайинланадиган устамалар, муддатидан илгари пенсияга чиқиш, транспорт ва хизмат сафаридаги харажатлар учун компенсатсиялар, ходимларни ишлаб чиқаришда, шунингдек уларнинг мактабдаги ва мактабгача тарбия муассасаларидаги болаларини текин ёки қисман ҳақ тўланадиган тарзда овқатлантириш сингари қўшимча имтиёз ва компенцатсиялар). Агарда амалдаги қонунлардаги айрим қоидалар жамоа шартномаларида мустаҳкамлаб қўйилиши шарт деб кўрсатилган бўлса, бундай меъёрий қоидалар жамоа шартномасига албатта киритилиши билан изоҳланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |