Хулоса қилиб айтганда, келгуси сайловларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар институтининг ролини янада ошириш, уларнинг миллий ва халқаро сайлов қонунчилиги, демократик сайлов стандартлари ва сайлов амалиётига оид билимларини янада мустаҳкамлаш ҳамда сайлов жараёнларида жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишларини таъминлаш – бўлажак сайловларнинг янада юқори савияда ташкил этилиши, очиқ, ошкора ва шаффоф ўтказилишида ўзининг ижобий натижасини беради.
3.2. Меҳнат муҳофазасини меъёрий-ҳуқуқий хужжатлари фаолиятида жамоатчилик назоратини амалга ошириш соҳасидаги айрим хорижий давлатлар тажрибаси.
Хорижий мамлакатларда давлат ҳокимияти фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг бир қатор шакллари ривожланган ва кундалик фаолиятда кенг қўлланилиб келинади. Айни дамда шуни ҳам таъкидлаш лозимки, узоқ хорижий мамлакатларда “жамоатчилик назорати” тушунчаси ўрнига “фуқаровий назорат (civil control)” тушунчасидан фойдаланилади.
Хусусан, хорижий давлатларда аброгатив референдум (фуқаролар ветоси) (Швейцария), коллаборация (АҚШ), фуқаролик ташаббуси (Франция, Германия, Италия), жамоатчилик (халқ) қонунчилик (ҳуқуқ ижодкорлиги) ташаббуси (АҚШ, Германия, Испания, Италия, Латвия, Литва, Польша, Руминия, Словения, Швейцария), жамоатчилик кузатув комиссиялари ва қўмиталари (Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон), жамоатчилик оммавий ахборот воситалари (АҚШ, ЕИ), жамоатчилик кенгашлари (палаталари) (Австрия, АҚШ, Арманистон, Бразилия, Греция, Нидерландия, Польша, Қозоғистон, Франция), онлайн-петиция (АҚШ, ЕИ), камчилик миллатлар иши бўйича кенгашлар (Чехия), жазони ижро этиш муассасаларига ташриф буюрувчилар кенгаши (Буюк Британия, Франция), фуқаровий аудит (АҚШ) каби кўплаб хилма-хил жамоатчилик назорати шакллари қўлланилади.
АҚШда ҳам жамоатчилик назорати “фуқаролик назорати” деб номланиб, тўрт усулда амалга оширилади. Фуқаролик назорати Кенгаши – энг мустақил усул ҳисобланиб, бу кенгаш фақат фуқаролардан шакллантирилиб, давлат идоралари вакиллари жалб этилмайди (Невада, Лас-Вегас штатлари тажрибаси). Кенгаш ариза кўриб чиқиш билан, мустақил текширув ўтказиш ва тавсиялар ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Кенгашга 20 киши аъзо бўлиб, улар муниципалитетдан тайинланади ва улар мансабдор шахс бўлишлари мумкин эмас.
Фуқаролик назоратининг иккинчи тури мурожаатни кўриб чиқиш бўйича фаолият устидан назорат. Бунда ариза ва шикоятлар даставвал давлат органи томонидан кўриб чиқилади ва ўрганилади (Орегон ва Портленд штатлари тажрибаси), бироқ фуқаролар томонидан бевосита назоратга олинади. Текшириш жараёнида эса, ревизия қўмитаси тузилиб улар шаҳар Кенгаши аъзоларидан иборат бўлиб, улар ишни ўрганадилар, тавсиялар берадилар, шунда давлат органи раҳбари томонидан қарор қабул қилинади. Фуқаролик назоратининг учинчи тури бу – аппеляция кенгаши (Лос-Анжелес ва Калифорния штатлари тажрибаси). Бу модель агар фуқаро давлат органи томонидан шикоятни кўриб чиқишдан қаноатланмаса, у махсус тузилган апелляция кенгашига мурожаат қилади. Бу кенгаш давлат органи ва фуқаролардан иборат таркибда фаолиятини амалга оширади.
Жамоатчилик назоратининг энг оммабоп тўртинчи шакли бу- фуқаролар аудитори. Аудитор давлат органи устидан тушган шикоятларнинг кўриб чиқилишини назорат қилади, унинг қонунийлигини текширади ва керакли тавсияларни беради (Калифорниядаги Санте-Круз шаҳари тажрибаси).
Аудитор шикоятни кўриб чиқиш жараёнида иштирок этади ва унинг самарадорлигини баҳолайди. Фуқаролардан тушган аризалар мустақил аудитор томонидан қабул қилинади, аммо у улар бўйича мустақил текширув ўтказмайди. Текшириш бевосита давлат органи зиммасида бўлади. Аудитор текширишда иштирок этиши мумкин бўлиб, ўз хулосасини бериш билан чекланади. Таъкидлаш лозимки, АҚШда жамоатчилик назорати бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан кафолатланган. Хусусан, 1966 йилда қабул қилинган “АҚШда ахборот эркинлиги тўғрисида”ги Қонун (The Freedom Information Act), шунингдек “Sunshine laws” деб номланадиган қонунларда ахборот олиш, давлат органлари ҳузурида очиқ йиғилишлар ўтказиш ҳамда ҳисоботлар тақдим этиб бориш тартиби белгиланган. “АҚШда ахборот эркинлиги тўғрисида”ги Қонун гарчанд, қонун чиқарувчи ва суд ҳокимияти тармоқларига татбиқ этилмасада, хавфсизлик ва разведка тизимидаги давлат органларига нисбатан қўлланилади.
Францияда Конституцияга мувофиқ 1958 йилда тузилган Миллий ижтимоий ва иқтисодий кенгаш ҳозирга қадар самарали фаолият олиб бормоқда. Кенгаш турли касб вакилларидан иборат бўлиб, ижтимоий ва иқтисодий соҳадаги барча қонун лойиҳаларига таклиф ва хулосалар бериш орқали ҳукуматга ёрдам бериб боради. Францияда шунингдек, бевосита ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти билан боғлиқ махсус жамоатчилик назорати шакллари ҳам қўлланилади.
Хусусан, жамоатчилик назоратини амалга оширувчи қамоқхоналарга ташриф буюрувчи миллий ассоциация (НАПТ) фаолият кўрсатиб, у жамоатчилик асосида ишлайди. Унинг мақоми Франция жиноят-процессуал кодексида акс этган. У ҳибсхона раҳбарига ва қамоқхона ижтимоий ходимларига кўмак беради қамалганларга руҳий ва моддий мадад беради. Бу ташкилот кўнгиллилардан шакллантирилган нодавлат ташкилотидир. Франция турмаларида жамоатчилик назоратини назорат комиссияси амалга оширади, улар петенциар муассасанинг аҳволини ва у ердаги шароитни тўлиқ назоратга олади. Комиссия барча ижтимоий ташкилот вакиллари, маъмурият ва нодавлат нотижорат ташкилот вакилларидан иборат бўлади.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигидан фарқли равишда Россия Федерациясида жамоатчилик назорати нафақат давлат ҳокимияти органлари, балки маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, давлат ва муниципиал ташкилотлар ва федерал қонунчилик бўйича алоҳида оммавий ваколатларни амалга оширувчи бошқа орган ва ташкилотлар фаолияти устидан кузатиш ва улар томонидан қабул қилинадиган ҳужжатларни жамоатчилик таҳлилини ва экспертизасини амалга оширишни ҳам кўзда тутади (4-модда). Қонунда шунингдек, жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмлари кўрсатиб ўтилган (19- 25-моддалар). Россияда жамоатчилик назорати қуйидаги шаклларда амалга оширилиши кўрсатилган: жамоатчилик мониторинги; жамоатчилик текшируви; жамоатчи инспектори; жамоатчилик экспертизаси; жамоатчилик эшитуви.
Хорижий мамлакатларда давлат бошқарув шакли, ҳуқуқий тизими ҳамда фуқаролик жамияти ривожланганлик ҳолатидан келиб чиқиб, жамоатчилик назорати шакллари сифатида жамоатчилик эшитуви (маслаҳатлашуви, муҳокамаси), жамоатчилик текшируви (тергови), фуқаровий кузатув, сўров, жамоатчилик мониторинги (аудит), ижтимоий фикрни ўрганиш, жамоатчилик қонунчилик ташаббуси, жамоатчилик кузатув тузилмалари, журналист текшируви, жамоат экспертизаси, ҳисоботларни эшитиш ва бошқа шакллари кенг қўлланилади.
Хулоса қилиб айтганда, хорижий давлатларда жамоатчилик назорати институти анча кенг ривожланган бўлиб, Ўзбекистон Республикасида ушбу институтнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришда мазкур давлатлар ижобий тажрибасидан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |