Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳар йилги маърузасини кўриб чиқиш;
Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг айрим долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини эшитиш; Қонунчилик палатаси, Сенат мажлисларида ҳукумат аъзоларининг, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш; Қонунчилик палатаси мажлисларида ҳукумат аъзоларининг Қонунчилик палатаси депутатлари саволларига жавобларини эшитиш;
Сенат мажлисларида вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг тегишли ҳудудни ривожлантириш масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш;
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини эшитиш; Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳисоботини эшитиш;
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ҳисоботини эшитиш; парламент сўрови;
қонунчилик палатаси депутатининг, Сенат аъзосининг сўрови; қонунчилик палатаси, Сенат қўмиталари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш;
қонун ҳужжатларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари томонидан ўрганиш ва қонун ости ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан улар томонидан мониторингни амалга ошириш; парламент текшируви [76].
Шу билан бирга қонунда парламентнинг назорат функциясини самарали амалга оширишнинг аниқ ҳуқуқий механизмларини очиб берувчи янги нормалар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг фаолияти устидан парламент назоратини ўрнатишга оид янги ва замонавий институтлар ўз аксини топди. Биргина сиёсий партия фракцияларининг парламент назорати субъекти сифатида белгиланиши мамлакатимизда сиёсий партиялар, уларнинг бирлашмалари ролини кучайтиришга оид ислоҳотларнинг яққол исботидир. Қолаверса, мазкур янгилик жамиятдаги турли аҳоли қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида сиёсий майдонга чиққан партиялар учун янги имкониятдир. Жамиятда кўппартиявийлик тизимининг вужудга келиши ва бевосита фуқаролик жамиятининг мана шу энг муҳим институтларидан бирига айланган сиёсий партиялар орқали халқимизнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки таъминланмоқда. Айтиш керакки, бугунги кунда мамлакатимиз парламентининг ҳар иккала палатаси парламент назорати институтидан самарали фойдаланмоқда.
Кейинги пайтларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлислари кун тартибига парламент назорати билан боғлиқ кўплаб масалалар киритилиб, танқидий ва таҳлилий нуқтаи-назаридан муҳокама қилинмоқда. Хусусан, ялпи мажлисларда ҳудудларни комплекс ривожлантириш, жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш билан боғлиқ муайян камчиликлар мавжудлиги қайд этилиб, бунга ижро ҳокимиятининг муносабатини парламент эшитувлари, ҳукумат аъзолари ҳисоботларини тинглаш орқали ечим топиш чораларини кўрмоқда. Қонунчилик палатасида эса, “Ҳукумат соатлари” нинг ўтказилаётганлиги, энг муҳими унда барча соҳалардаги мавжуд муаммо ва камчиликлар атрофлича муҳокама қилинаяпти.
Бир сўз билан айтганда, парламент назорати бўйича маълум бир миллий тажриба вужудга келганлиги қувонарли ҳол. Шубҳасиз, бу борадаги тажриба такомиллаштирилиб бориши лозим. Бу масалада яна бир жиддий вазифа борки, бу – шу соҳадаги халқаро тажрибани ўрганишдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг қўшма йиғилишидаги “Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деб номланган маърузасида бунга тўхталиб қуйидаги фикрларни билдирган эди. “Парламент назорати тўғрисида”ги қонуннинг амалдаги ижросини барча соҳаларда мониторинг қилиш, шунингдек, бу борада хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш зарур”
Парламент назоратини амалга ошириш билан боғлиқ хорижий тажрибага эътибор қаратадиган бўлсак, бу институт ўша давлатнинг сиёсий тизимидан, бошқарув шаклидан келиб чиқиб, ҳар бир давлатда алоҳида ўзига хос жиҳатлар билан ажралиб туради. Табиий, парламентар бошқарув шаклига эга давлатларда парламент назорати Президентлик бошқарув шаклидаги республикаларидагига нисбатан амалий аҳамияти кўпроқ ва таъсири кенгроқ билинади. “Бошқарув шаклидан келиб чиқиб, парламентлар ижро ҳокимияти фаолияти устидан назоратни амалга оширади.
Бу бир қатор давлатлар, хусусан, Буюк Британия, Бельгия, Германия, Франция, Италия, Испания, Канада, Коста-Рика, Литва, Миср, Янги Зеландия, Япония каби давлатлар қонунчилигида белгиланган. Масалан, 1978 йилда қабул қилинган Испания Конституциясининг 66-моддаси 2-қисмида: “Бош картеслар Давлатда қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширадилар, Бюджетини маъқуллайди. Ҳукумат фаолиятини назорат қилади”. Япония Конституциясида Ҳукуматнинг Парламент олдидаги коллектив жавобгарлиги принципини мустаҳкамлаган. Буюк Британиянинг “Парламент тўғрисида”ги 1911 йилги Қонунига кўра, Парламент Ҳукумат фаолияти устидан назоратни амалга оширади.
Do'stlaringiz bilan baham: |