9-модда. Давлат инспекторлари, уларнинг хуқуқлари ва жавобгарлиги
Стандартларнинг мажбурий талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширадиган давлат инспекторлари давлат бошқарув органларининг вакиллари хисобланадилар.
Давлат инспектори:
хўжалик фаолияти субъектининг хизмат ва ишлаб чиқариш биноларига монеликсиз кириш;
хўжалик фаолияти субъектидан давлат назоратини ўтказиш учун керакли хужжатлар ва маълумотларни олиш;
давлат назоратини ўтказишда хўжалик фаолияти субъектининг техника воситаларидан фойдаланиш ва мутахассисларни жалб этиш;
стандартлаштириш бўйича амалдаги норматив хужжатларга мувофиқ стандартларнинг мажбурий талабларига мувофиқлигини текшириш учун махсулотларнинг намуналари хамда нусхаларини танлаб олишни ўтказиш, бунда ишлатиб юборилган нусхаларнинг қиймати ва синовларни (тахлилларни, ўлчовларни) ўтказиш харажатлари текширилаётган хўжалик фаолияти субъектларининг ишлаб чиқариш чиқимларига киритилади;
махсулотни яратиш, ишлаб чиқаришга тайёрлаш, тайёрлаш, реализация қилиш (етказиб бериш, сотиш), ундан фойдаланиш (уни ишлатиш), махсулотни сақлаш, ташиш ва чиқиндини фойдали суратда ишлатиш босқичларида, стандартлар мажбурий талабларининг аниқланган бузилишларини бартараф этиш тўғрисида кўрсатмалар бериш;
хўжалик фаолияти субъекти текширувдан бўйин товлаган тақдирда махсулотни реализация қилишни ман этиш хуқуқига эга.
Стандартларни текшириш ва назорат қилиш хамда ўлчовларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси бош давлат инспектори, стандартларни текшириш ва назорат қилиш хамда ўлчовларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шахар бош давлат инспекторлари бундан ташқари:
стандартларнинг мажбурий талаблари бузилганлиги учун хўжалик фаолияти субъектларига нисбатан жарималар қўллаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;
стандартлар бузилишида айбдор бўлган хўжалик фаолияти субъектларининг мансабдор шахсларини маъмурий жавобгарликка тортиш;
текширилган махсулотни у стандартларнинг мажбурий талабларига номувофиқ бўлган холларда реализация қилишни (етказиб беришни, сотишни), ундан фойдаланишни (уни ишлатишни) тақиқлаш ёки тўхтатиб қўйиш тўғрисида кўрсатмалар бериш;
текширилган махсулот стандартларнинг мажбурий талабларига номувофиқ бўлган холларда уни ишлаб чиқаришни тақиқлаш ёки уни реализация қилишни (етказиб беришни, сотишни), ундан фойдаланишни (уни ишлатишни) тўхтатиб қўйиш тўгрисида кўрсатмалар бериш.
Давлат инспекторларининг махсулотни реализация қилишни (етказиб беришни, сотишни) ман этиш ёки тўхтатиб қўйиш тўғрисидаги кўрсатмасини бузганлик учун хўжалик фаолияти субъектлари Ўзбекистон Республикаси қонун хужжатларида белгиланган тартибда жарима тўлайдилар.
Хўжалик фаолияти субъектлари берилган кўрсатмалар ва қарорларни бажармаган тақдирларида давлат инспекторлари зарур материалларни прокуратура органларига ёки судга оширадилар.
Давлат инспекторлари зиммаларига юкланган мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган, давлат ёки тижорат сирини ошкор қилган тақдирларида қонун хужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |