Тижорат кредити – кредитнинг бошқа турларига нисбатан тарихан жуда қадимда пайдо бўлган. Унинг вужудга келиши бевосита товарларни ишлаб чиқариш ва уларнинг реализацияси билан чамбарчас боғлиқдир. Тижорат кредитининг объекти бўлиб – савдо капитали ҳисобланади.
Тижорат кредити сотувчи томонидан сотиб олинган товарларнинг тўловини маълум муддатга кечиктириш орқали амалга оширилади. Халқаро банк амалиётида ушбу кредитни векселли кредит сифатида таъкидлайди. Вексел тижорат кредитининг “қуроли” ҳисобланиб, асосан барча тижорат кредитлари вексел ёрдамида амалга оширилади. Бунда сотиб олувчи корхона сотувчидан олган товарлар ёки кўрсатган хизматлари учун унга векселни тақдим этади. Векселлар одатда маълум муддатларга (3 ой, 6 ой ва 12 ой) сотиб олувчи томонидан чиқарилган бўлиб, ушбу муддатдан кечиктирмасдан қўшимча фоиз тўловлари билан тўланиши лозим.
Олдинги бўлимда таъкидланганидек, вексел кредит пули бўлиб, улар “оддий” ва “мураккаб” (ўтказиладиган) турларига бўлинади. Оддий вексел бу вексел эгасининг унда акс эттирилган маблағ суммасини кўрсатилган муддатда векселдор шахсга тўлаб бериши тўғрисидаги мажбуриятномасидир.
Мураккаб векселлар учинчи шахсларга ҳам ўтказиш имкониятини беради, яъни векселдор шахс ушбу векселни учинчи шахсдан товар сотиб олиш учун ўтказиши (бериши) мумкин. Бундай векселлар векселдор шахснинг унда кўрсатилган маблағларни белгиланган муддатда учинчи бир шахсга тўланишини акс эттирувчи вксел эгасига буйруғидир.
Векселдор шахслар исталган ушбу векселлар эвазига тижорат банкларидан пул шаклидаги кредит олиш ҳуқуқига эгадир. Векселлар тижорат банклар томонидан маълум тўлов эвазига қабул қилиниши ёки вексел гарови эвазига кредит беришлари мумкин. Шу тариқа тижорат кредитлари банк кредитига айланади.
Айрим иқтисодий адабиётларда тижорат кредитини хўжалик кредити сифатида ҳам юритишади. Бунинг сабаби шундаки, тижорат кредит билан боғлиқ иқтисодий жараёнлар хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида амалга оширилиб, ушбу кредит тури кредитор – корхона томонидан товар ёки пул кўринишида берилиши мумкин. Тижорат кредитида кредитнинг объекти товарлар ҳисобланиб, товарларга тўловларни кечиктириш йўли билан вексел асосида берилади. Унинг субъектлари иш юритувчилар ҳисобланади. Бир иш юритувчи маҳсулотларини бошқа бир иш юритувчига кредитга сотаяпти. Кредитнинг мақсади бўлиб товарлар доиравий айланишини тезлаштириш ҳисобланади.