16.3.2. Кредит – ижара (лизинг)
Иқтисодий нуқтаи назардан, кредит – ижара (лизинг) мураккаб савдо – молия – кредит операцияларининг бир шакли ҳисобланади. Кредит – ижаранинг асосий хусусиятлари сифатида лизинг муддати давомида ижарага берилган воситаларга нисбатан эгалик ҳуқуқини сақлаб қолишдир. Унинг асосий шаклларидан бири машина ва жиҳозларни ижарага бериш, асосий усулларидан бири инвестицияларни молиялаштириш ва таъминотни фаоллаштириш ҳисобланади.
Кредит – ижара (лизинг) операциясида одатда уч томон иштирок этади:
ишлаб чиқарувчи (товар сотувчи), бўлажак лизинг берувчига тегишли машина ва жиҳозларни сотувчи юридик шахс;
лизинг берувчи, товар сотувчидан машина ва жиҳозларни сотиб олувчи, мулкнинг эгаси сифатида лизинг шартномасига асосан маълум муддатга ва тўлов эвазига машина ва жиҳозларни лизинг олувчига берувчи. Одатда, лизинг берувчи сифатида етарли даражада молиявий маблағга эга бўлган банклар, ихтисослашган лизинг компаниялари, корхоналар майдонга чиқади;
лизинг олувчи, лизинг шартномасига маълум муддат ва тўловга асосан машина ва жиҳозларни олувчи шахс.
Одатда, лизинг олувчи сифатида асосан юридик шахслар майдонга чиқади. Лизинг берувчи ва лизинг олувчи ўртасида тузилган шартномага кўра, лизинга олинган машина ва жиҳозларнинг шартнома муддати тугагандан сўнг лизинг берувчига қайтарилади ёки лизинг олувчининг ихтиёрида қолади. Лизинг ўзига хос бўлган шартнома ҳисобланади, унда ижара элементлари ва кредит элементлари мужассамлашади. Шу боис, лизинг сўзи “кредит – ижара” тарзида талқин этилади.
Лизинг иқтисодий моҳиятига кўра, кредит муносабатларига хос бўлиб, кредитнинг иқтисодий моҳияти ва элементларини ўзида акс эттирсада, кредит сифатида тўлиқ эътироф этилмайди. Чунки, кредитор ва қарздор капитал сифатида пул маблағи билан эмас, балки ишлаб чиқарувчи жиҳозлар воситасида ўзаро муносабатга киришади. Шу билан бирга, лизинг кредит ҳисобланиб, унда кредитнинг барча тамойиллари ўз аксини топади, шу жиҳатдан лизинг қиймат шаклидаги кредит кўринишида эмас, балки товар шаклидаги кредит сифатида намоён бўлади.
Иқтисодиётда лизингнинг қатор ижобий жиҳатлари мавжуд бўлиб, уларнинг асосийлари сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:
– лизинг олувчи корхона ва ташкилотларда машина ва жиҳозларни сотиб олиш учун зарур бўлган молиявий маблағлар етишмовчилиги ёки мавжуд эмаслиги билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга ижобий таъсир кўрсатади. Айниқса, ўз фаолиятини янгидан бошлаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига қиммат ва замонавий машина ва жиҳозларни сотиб олиш билан боғлиқ муаммоларни ечишга ёрдам беради. Бу иқтисодиётда ишлаб чиқаришни ташкил этишга ва бошқа қатор ижтимоий – иқтисодий зиддиятларни олдини олишда муҳим рол ўйнайди;
– ишлаб чиқарувчи томонидан ишлаб чиқарилган машина ва жиҳозларни сотиш билан боғлиқ муаммолар бартараф этилиши натижасида ишлаб чиқариш жараёнининг узлуксизлиги таъминланади;
– лизинг берувчининг ихтиёридаги пул маблағлари самарали манбаларга жойлаштирилади ва бунинг натижасида маълум даражада фойда олиш имконияти вужудга келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |