3.4.2. Тўлов талабномалари билан ҳисоб – китоблар
Тўлов талабнома хўжалик субъектлари ўртасида тўловларни амалга оширишда қўлланиладиган нақд пулсиз ҳисоб – китобларнинг шакли ҳисобланади. Ўзбекистон тижорат банклари ўртасида тўлов талабномалар ҳисоб – китобларнинг қўлланилиши жуда кенг тарқалмаган. Бунинг асосий сабабларидан бири тўлов талабномалари билан ҳисоб – китобларда ҳужжатларнинг айланиши жуда кўп вақт олади ва ортиқча сарф харажатлар талаб қилади.
Тўлов талабномаси – мол сотувчи томонидан белгиланган суммани банк орқали олиш ҳақидаги талабини ўз ичига олган ҳисоб – китоб ҳужжатидир. Талабномалар асосан акцептли ва акцептсиз бўлиши мумкин.
Акцептли тўлов талабномаларда банк аввал тўловчининг маблағни тўлаш ҳақидаги розилигини олади, сўнгра тўловни амалга оширади. Акцептсизда эса аввал тўлов амалга оширилиб, сўнгра мижозга тўлов ҳужжатларини беради.
Тижорат банкларининг ягона вакиллик ҳисобварақларига ўтиши тўлов талабномалари билан амалга ошириладиган ҳисоб – китобларни расмийлаштириш ва ҳужжатларнинг айланиш жараёнларини бир қадар енгиллаштирди.
Акцептли тўлов талабномалари билан ҳисоб – китоблар. Таъкидлаганимиздек, акцептли тўлов талабномалари сотиб олувчининг банкига келиб тушгандан сўнг, банк дастлаб тўловни амалга ошириш юзасидан тўловчининг розилигини олади. Бунинг учун банк томонидан тўловчиларга талабномаларни қуйидагича акцептлаш муддати ўрнатилади:
– бир шаҳар ичида жойлашган мижозлар учун – талабномаларни банкка келиб тушган кунни ҳисобга олмаган ҳолда, уч иш куни;
– бошқа шаҳарларда жойлашган мижозлар учун талабномаларни банкка келиб тушган кунни ҳисобга олмаган ҳолда, беш иш куни;
– тўловчининг асосли илтимосига кўра 10 кунгача.
Акцептлаш тартибида тўланадиган акцептли тўлов талабномалар муддатини кутаётган давр давомида тўловни кутаётган ҳужжатлар картотекаси (1 – картотека)да ҳисобга олиб борилади.
Тўловчи белгиланган муддатда ёзма равишда унга хизмат қилувчи банк бўлимига акцептлашни қисман ёки тўлиқ рад қилиш ҳуқуқига эга (товар – материал қимматликларини жўнатишда, хизматлар кўрсатишда ва бошқа ҳолатларда шартнома шартларига амал қилинмаганда, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига асосан).
Белгиланган муддатда корхона ёзма равишда акцептлашни рад этмаса, талабнома акцептланган ҳисобланади. Талабномани акцептлашдан қисман бош тортганда, тўловчи томонидан акцептланган сумма бўйича тўловлар амалга оширилади. Агар тўловчининг ҳисобварағида маблағлар бўлмаганда акцептли тўлов талабномалар 2 – картотекага жойлаштирилади.
Бунда банк тўловчи томонидан акцептлашни қисман рад қилинганлиги тўғрисида маҳсулот етказиб берувчининг (маблағ олувчининг) банкига ёзма равишда хабар беради.
Банк, 2 – картотекадаги ҳисоб – китоб ҳужжатлари бўйича тўловларни амалга оширишда тўловчиларга пеня ҳисоблаш ва олувчилар фойдасига ўтказиш ҳуқуқига эга, агар бу банк ва мижоз ўртасида тузилган шартномада келишилган бўлса амалга оширади.
Банк тўловчилардан маблағларни олувчилар фойдасига муддати ўтказиб юборилган тўловлар бўйича ҳар бир кун учун қонунда белгиланган миқдорда пеня ундиради.
Агар ушбу ҳолат банк ва мижоз ўртасида ҳисоб – китоб ва банк хизматларини кўрсатиш бўйича шаротномада белгилаб қўйилган бўлса.
Қуйидаги шартли чизмада акциядорлик тижорат Агробанкнинг иккита бўлими мижозларининг акцептли тўлов талабномалар билан ҳисоб – китоблар амалга оширилганда ҳужжатлар айланишини шартли мисолда кўриб чиқамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |