Форфейтинг операциялари асосан йирик банклар ва компаниялар ўртасида узоқ муддатга, жуда катта миқдордаги молиявий маблағларни тўлашда қўлланиладиган операциялар ҳисобланади.
Форфейтинг операциясида, факторинг операциясидаги каби уч томон иштирок этади. Биринчиси, мол етказиб берувчи, иккинчиси, мол сотиб олувчи ва учинчиси, воситачи – банк ёки молиявий муассаса.
Форфейтинг операцияларининг факторинг операцияларидан асосий фарқи сифатида ушбу операциялар узоқ муддатга (6 ойдан 5 – 6 йилгача) ва йирик суммаларга тузилишини таъкидлаш мумкин.
Форфейтинг иқтисодий термени одатда мажбуриятни сотиб олиш маъносида қўлланилади, уни сўндириш товар ва хизматларни сотиб олиш жараёнида келгусида юз беради. “a forfait” сўзи французчадан вужудга келган бўлиб, “ҳуқуқдан воз кечиш” маъносини англатади. Форфейтингда пул маблағини олишга талабгор бўлган сотувчи ўтказиладиган вексел инодассаментига81 “тўловни қайтариш шартисиз” сўзини қайд этиш орқали тўлов регрессидан82 ўзини ҳимоя қилади. Форфейтинг векслини сотувчи асосан йирик экспортерлар ҳисобланиб, улар векселни тўлов ҳужжати сифатида акцептлаб сотилган товар ёки кўрсатилган хизматларнинг суммасини дисконт асосида зудлик билан тўлаш ҳисобига барча риск ва мажбуриятлар билан биргаликда форфеттерга (яъни векселдаги суммани тўлаб берувчи ва ўзида қайд этиб борувчи банкка) ўтказади.
Агар импортер биринчи даражали тўлов қобилиятига ва юқори молиявий мавқиега эга бўлмаса, ҳар қандай форфеттерланган қарз сумма авал83 шаклида кафолатланган ёки чақириб олинмайдиган банк кафолатига эга бўлиши лозим.
Векселни форфетерлаш пайтида ундаги сумма форфет кредити берилаётган тўлиқ муддатга дисконт асосида форфеттер томонидан аванс тарзида ушлаб қолинади. Экспортер форфет кредити бўйича ҳеч қандай мажбуриятни ўзига олмайди, фақатгина у жўнатаётган товарлар ва кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ва тузилаётган ҳужжатларнинг қонунийлиги ҳамда ҳақонийлигини таъминлашга масъул ҳисобланади.
Форфейтинг операцияларига мисол сифатида АҚШнинг Боинг самолётини ишлаб чиқарадиган компания билан йирик авикомпаниялар ўртасидаги ўзаро олди – сотдиларни келтириш мумкин. Чунки, боенг самолётларининг баҳоси жуда юқори бўлиши авиакомпанияларга ушбу маблағларни бирдан тўлаш имкониятини бермайди, бироқ ўз навбатида ишлаб чиқарилган самолёт учун тегишли тўловни ололмаган самолётсозлик компаниясида ишлаб чиқариш жараёнининг узлуксизлигини таъминлашда муаммолар вужудга келади. Айнан шу муаммо банкларнинг иштирокида форфейтинг операциялари орқали ҳал этилади. Бундан банк самолётни сотиб олган авиакомпаниянинг боенг компанияси олдидаги мажбуриятларини сотиб олади (савдо траттаси, ўтказма ёки оддий вексел шаклида) ва тўловни бир йўла амалга оширади, келгусида эса банк ва авиакомпания ўртасида тузилган шартномага бўйича асосий сумма тегишли жадвал асосида, қўшимча фоиз тўловлари билан биргаликда ундириб борилади.