3.4. Нақд пулсиз ҳисоб – китоб шакллари
Ўзбекистонда нақд пулсиз ҳисоб – китоблар Ўзбекистон Республикаси Марказий банк Бошқаруви томонидан тасдиқланган «Ўзбекистон
Республикасида нақд пулсиз ҳисоб – китоблар тўғрисида» ги 60 – сонли Низомга асосан ташкил этилади.
Ўзбекистонда нақд пулсиз ҳисоб – китоблар шаклларини жорий этиш, умумий талаб ва қоидаларини белгилаш ҳамда назорат қилиш Марказий банк томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон тижорат банклари, тегишли қонуний ва меъёрий ҳужжатлар асосида мулкчилик шаклидан қаътий назар хўжалик юритувчи субъектларга қуйидаги нақд пулсиз ҳисоб – китоблар шаклларини амалиётга жорий этади:
Тўлов топшириқномалар;
Тўлов талабномалар;
Аккредитивга ариза;
Инкассо топшириқномаси;
Ҳисоб чеклари билан ҳисоб – китоблар.
Ўзбекистонда бозор муносабатларининг таборо чуқурлашиб бориши тижорат банклари хизматларининг турларини ошиб боришига туртки бўлмоқда. Мана шундай хизматлардан бири нақд пулсиз ҳисоб – китобларни пластик карточкалар орқали амалга ошириш бўлиб, ҳозирги пайтда ҳисоб – китобларнинг ушбу шакли асосан аҳоли ва хўжалик субъектлари ўртасида қўлланилмоқда. Таъкидлаш лозимки, пластик карточкалар билан ҳисоб – китобларни амалга ошириш жуда қулай ва осон бўлиб, келгусида аҳоли томонидан тўловларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этиши кутилмоқда.
Юқорида қайд этилган нақд пулсиз ҳисоб – китобларни амалга оширишда қуйидаги пул – ҳисоб – китоб ҳужжатларидан фойдаланади:
– тўлов топшириқномаси, ушбу ҳужжат асосида мижоз сотиб олган товарлар ёки хизматлар учун ўз ҳисобварағидан маблағни тўлаш ҳақидаги топшириғини ўзига хизмат кўрсатадиган банкка беради;
– тўлов талабномаси, ушбу ҳужжат асосида мижоз жўнатган мол ёки кўрсатган хизматлар учун тўловни мол сотиб олувчидан ундириб бериш ҳақида ўзига хизмат кўрсатадиган банкка тақдим этади;
– инкассо топшириқномаси, ушбу ҳужжат асосида Марказий банк томонидан белгилаб қўйилган ташкилотлар тўловчининг ҳисобварағидаги маблағни унинг розилигини олмасдан тегишли манзилга ўтказиб бериш ҳақида банкка топшириқ беради, агар тўловчининг ҳисобварағида маблағ етарли ёки мавжуд бўлмаса инкассо топшириқномаси картотека 2 да ҳисобга олиб борилади;
– аккредитивга ариза, мижоз сотиб оладиган товарлар ва хизматлар учун тўланадиган маблағларни депонентлаш ҳақида ўз банкига тақдим этадиган ҳужжат ҳисобланади;
– ҳисоб – китоб чеки, асосан жисмоний шахслар ва савдо ташкилотлари ўртасида қўлланиладиган ҳужжат бўлиб, учинчи шахс, асосан савдо ташкилотлари чекдаги маблағни талаб қилиб ўз банкига тақдим этади;
– мемориал ордер, ушбу ҳужжат банкнинг ички операцияларини бажаришда, шунингдек, шартномада кўрсатилган ҳолларда мижозларнинг ҳисобварақларидан маблағларни кўчиришда банк томонидан қўлланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |