Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 106-моддасига асосан, меҳнат шартномасининг ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги муносабати билан бекор қилиниши.
Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари меҳнат шартномасини тузишнинг муайян тартибини назарда тутади. Ишга қабул қилишнинг умумий қоидалари Меҳнат кодексида белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, қонун ҳужжатлари ходимларнинг айрим тоифалари учун ишга қабул қилишнинг умумий тартибидан бошқа бир қатор қўшимча шартларни назарда тутади.
Масалан, чет эл фуқаролари, моддий жавобгарлиги бўлган лавозимларга кираётган шахслар, муқобил хизмат хизматчилари ва ш.к.ларни ишга қабул қилиш пайтида қўшимча шартлар назарда тутилган.
Меҳнат шартномасини тузиш чоғида ишга қабул қилиш қоидаларига қаттиқ риоя қилиш қерак. Уларни бузиш шундай қоидабузарликка йўл қўйган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортишгагина эмас, балки ушбу коидалар у ёки бу тарзда бузилган ҳолда ишга қабул қилинган ходим билан тузилган меҳнат шартномасини МК 106-моддасининг 4-бандига кўра бекор қилишга ҳам олиб келиши мумкин.
Лекин ишга қабул қилишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган ҳар бир бузилиши ҳам меҳнат шартномасини бекор қилишни келтириб чиқаравермаслиги мумкин. Унинг бекор қилиниши фақат қуйидаги шартлар мавжуд бўлгандагина асосли ҳисобланади:
- биринчидан, агар ишга қабул қилиш пайтида йўл қўйилган коидабузарликни бартараф этиш мумкин бўлмаса;
- иккинчидан, агар меҳнат шартномасининг бекор қилиниш вақтига келиб, мазкур қоидабузарлик шу ишнинг бажарилишига халақит беришни давом эттирса.
Чунончи, суд амалиётида эътироф этилганки, мазкур асос бўйича ходим билан меҳнат шартномаси, хусусан, қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин:
- суд ҳукми билан муайян лавозимларни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланишдан маҳрум этилган шахсларни ишга олиш;
- битта давлат корхонаси, муассасаси ва ташкилотига ўзаро яқин қариндош-уруғчилик, қуда-андачиликда бўлган хизматчилар, агар уларнинг хизмати бирининг бирига бевосита бўйсунганлик ёки бир-бирининг назорати остида бўлишлик билан боғлиқ бўлса, амалдаги қонун ҳужжатларига биноан яқин қариндош-уруғчилик ёки қуда-андачилик меҳнат шартномаси тузилишига тўғаноқ ҳисобланмаган ҳоллардан ташқари ишга қабул қилиш;
- балоғат ёшига етмаган шахслар ва аёллар меҳнатининг қўлланилиши қонун ҳужжатларида тақиқланган ишга уларни қабул қилиш.
Бу рўйхат узил-кесил эмас. Ишга қабул қилишнинг белгиланган тартибларини бошқа кўринишдаги бузишлар ҳам, агар уларни бартараф этиш мумкин бўлмаса ва мазкур ишнинг давом эттирилишига тўсқинлик килса, МК 106-моддасининг 4-бандига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос деб ҳисобланиши мумкин.
Юқорида таъкидланганидек, меҳнат шартномасини МК 106-моддасининг 4-бандига кўра бекор қилиш фақат ишга қабул қилиш қоидаларининг йўл қўйилган бузилиши бартараф этилишига имкон бўлмаган вақтдагина мумкин бўлади. Бинобарин, иш берувчи, аввало, ишга қабул қилиш пайтида йўл қўйилган хатоликларни бартараф этиш учун чоралар кўриши шарт. Бу қоидабузарлик бартараф этишга муваффақ бўлинмаган тақдирдагина меҳнат шартномасини мазкур асос бўйича бекор қилишга рухсат берилади.
Масалан, ўн беш ёшли К. МКнинг 77-моддаси талабларини бузиб, ота-онасидан бирининг розилигисиз ишга қабул қилинган эди. Ишга қабул қилиш тартибининг мазкур бузилиши фақат, агар иш берувчи бузилишни бартараф этиш мақсадида К.нинг ота-онасига тегишли илтимос билан мурожаат этиб, уларнинг розилигини олмаган тақдирдагина, МК 106-моддасининг 4-бандига кўра, у билан меҳнат шартномасини бекор қилинишга асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Борди-ю, шундай розилик олинса, у ҳолда ишга қабул қилиш тартибининг йўл қўйилган бузилиши бартараф этилган деб ҳисобланади. Бинобарин, агар иш берувчида ишга қабул қилиш тартибининг йўл қўйилган бузилишини бартараф этиш имкони бўлиб, у бу имкониятдан фойдаланмасдан меҳнатга оид муносабатларни МК 106-моддасининг 4-банди бўйича бекор қилса, меҳнат шартномасининг бундай бекор қилиниши ғайриқонуний ҳисобланади.
Агар аниқланган вақтига келиб, ишга қабул қилишнинг белгиланган тартиби бузилганлиги ўз аҳамиятини йўқотган бўлиб ва мазкур ходим билан меҳнатга оид муносабатлар давом эттирилишига тўсқинлик қилмаса, меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ғайриқонуний деб топилиши керак.
Масалан, қонун ҳужжатлари ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан фойдаланишни тақиқлаган ишга ўн саккиз ёшга тўлмаган ўсмир қабул қилинди. Корхонада меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини текшириш мобайнида меҳнат ҳуқуқи инспектори бу қоидабузарликни аниқлади. Лекин хатолик аниқланган вақтга келиб, ходим ўн саккиз ёшга тўлган эди. Гарчи келтирилган мисолда ишга қабул қилиш қоидалари бузилишига йўл қўйилган бўлса ҳам, у меҳнат шартномаси МК 106-моддасининг 4-банди бўйича бекор қилинишига сабаб бўла олмайди. Чунки у мазкур ходим билан меҳнатга оид муносабатларни давом эттиришга тўсқинлик қилмайди.
Одатда, меҳнатга оид муносабатларни МК 106-моддасининг 4-бандига кўра бекор қилиш тўғрисидаги талабни меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан текшириш ва назоратни амалга оширувчи органлар (прокурор, меҳнат ҳуқуқи инспектори ва бошқалар) қўяди.
Лекин ишга қабул қилиш қоидаларининг илгари қўйилган бузилишларини иш берувчининг аниқлаш имконияти ҳам истисно қилмайдики, бу унга мазкур хатони тузатиш чораларини кўриш, бунинг имконияти бўлмаганида эса ходим билан меҳнат шартномасини МК 100-моддасининг 4-бандига кўра бекор қилиш мажбуриятини юклайди.
Айтайлик, ходим суднинг мазкур фаолият билан шуғулланишини тақиқлаш тўғрисидаги қарорининг кучига кўра, у ёки бу ишга киришга ҳақли эмаслигини олдиндан билатуриб, ишга қабул қилинишида иш берувчидан бу фактни яширди, фақат ишга қабул қилинганидан кейин иш берувчи бундан хабар топиб қолди. Бу ҳолда текширувчи ва назорат қилувчи органлардан тегишли талабни кутиб ўтирмасдан, иш берувчи мазкур ходим билан меҳнат шартномасини МК 106-моддасининг 4-бандига кўра бекор қилишга ҳақли эмас, мажбур ҳам.
Меҳнат шартномасини МК 106-моддасининг 4-бандига кўра, бекор қилиш меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан ишдан озод қилиш асослари кирмайди. Гап шундаки, мазкур асос бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиш МК 106-моддасида назарда тутилган бошқа барча асослар сингари иш берувчининг мажбуриятини ташкил этади, бошқа ҳолларда эса иш берувчининг ташаббуси билан у меҳнат шартномасини бекор қилишга фақат ҳақли бўлиб, бу унинг асло мажбурияти ҳисобланмайди.
Айни мана шунинг учун МК 106-моддасининг 4-банди бўйича меҳнат шартномасининг бекор қилиниши қонун кучи билан амалга оширилади ва меҳнат шартномаси тарафларининг ихтиёрига боғлиқ бўлмайди, у ходимларнинг вакиллик органи розилигисиз амалга оширилади. Бинобарин, мазкур асос бўйича меҳнат шартномасини бекор қилишда иш берувчи томонидан шундай розилик олишни назарда тутувчи норма жамоа келишуви ва жамоа шартномасида назарда тутилиши мумкин эмас.
Илгари амал қилган МК кўриб чиқилаётган асос бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиш пайтида ходимга ишдан бўшатиш нафақаси тўланишини назарда тутмас эди.
Бироқ амалиётда белгиланган қабул қилиш қоидалари бузилишида кўпинча ходим эмас, иш берувчи айбли бўлади (ўн тўрт ёшдан ўн олти ёшгача бўлган ўсмирларни ота-онасидан бирининг розилигисиз ишга қабул қилиш. Аёллар ёки ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланиш қонун ҳужжатларига мувофиқ тақиқланган ишларга уларни қабул қилиш ва бошқалар). Бу ҳолларда ходимларга бирор-бир моддий ёрдам берилишини кафолатламасдан улар билан меҳнат шартномасининг бекор қилинишини адолатли деб бўлмасди, албатта.
Шуни ҳисобга олиб, Меҳнат кодекси ходимларнинг ижтимоий мухофазасини кучайтириш мақсадида мазкур асос бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиш вақтида бўшатиш нафақасини тўлаш масаласига табақалаштириш йўли билан ёндашишни назарда тутади.
МКнинг 109-моддасига мувофиқ, ишга қабул қилишнинг белгиланган қоидалари бузилганлиги муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш пайтида ходимга камида бир ойлик ўртача иш ҳақи миқдорида ишдан бўшатиш нафақаси тўланади. Қабул қилишнинг белгиланган қоидалари ходимнинг айби билан бузилган ҳоллар (суднинг муайян лавозимни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳақидаги ҳукмини яшириш, сохта ҳужжатлар тақдим этиш ва ш.к.) бундан мустасно.
Яна бир мисол: давлат ташкилотида юрисконсульт бўлиб фаолият юритувчи фуқаро Н.М билан тузилган меҳнат шартномаси юқоридаги қоидаларга асосан бекор қилиниши ҳолати юзасида.
Ташкилотнинг 2012 йил 10 октябрдаги 122-кб-сонли буйруғига биноан, фуқаро Н.М билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 106-моддаси, 4-бандига асосан, тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича бекор қилинган. Бу вазиятда, ҳақиқатан ҳам, фуқаро Н.М.ни ишга қабул қилиш чоғида ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар қўпол равишда бузилган.
Ўша вақтда амалда бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Макамасининг 2007 йил 24 августдаги 182-сонли қарори асосида тасдиқланган “Хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида”ги низомнинг
4-бандига мувофиқ, корхонанинг юридик хизмати ходими лавозимида олий юридик маълумотга эга бўлган шахс ишлаши мумкинлиги белгиланган. Мазкур қоидага мувофиқ давлат ташкилотидаги ҳуқуқшунос лавозимларига олий юридик маълумотга эга бўлган шахсларгина ишга қабул қилиниши лозим.
Мавжуд ҳужжатларга кўра, фуқаро Н.М. олий юридик маълумотга эга бўлмаса-да, давлат ташкилоти раҳбарининг 2010 йил 11 декабрдаги 147-кб-сонли буйруғига асосан филиалнинг бош мутахассис – ҳуқуқшунос лавозимига ишга қабул қилинган. Бу ҳолатда, ҳақиқатан ҳам, ишга қабул қилиш юзасидан қонун ҳужжатлари билан белгиланган қоидалар бузилган. Ўз навбатида, ходимга унинг малакасига мувофиқ бўлган бошқа иш таклиф қилишнинг имкони мавжуд эмас, чунки ташкилотда бошқа бўш иш ўрнининг ўзи йўқ. Бу ҳолатда мавжуд қоидабузарликларни бартараф этишнинг имконияти йўқ ва бирдан-бир чора меҳнат шартномасини тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича бекор қилишдир. Бу вазиятда меҳнат шартномаси, албатта, МКнинг 106-моддаси,
4-бандига асосан бекор қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |