§2. Мактабгача ёшдаги болаларни интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний жиҳатдан ҳар томонлама ривожлантириш учун шароитлар яратиш
Мактабгача ёшдаги болаларни интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний жиҳатдан ҳар томонлама ривожлантириш учун шароитларни яратиш мактабгача таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнини ташкил қилишнинг мавжуд тартибини қайта кўриб чиқишни ҳамда мактабгача таълим хизматларини кўрсатишнинг замонавий усулларини жорий этишни талаб қилади.
Таълим-тарбия жараёнини такомиллаштириш болаларнинг ривожланганлиги даражасини ва уларнинг умумий бошланғич таълимга тайёрлигини, шунингдек, уларнинг ижтимоий, шахсий, ҳиссий, нутқий, жисмоний ва ижодий ривожланишини баҳолаш асосида амалга оширилиши лозим.
Бунда болаларда Ватанга муҳаббат ҳиссини, оилага, ўз халқининг миллий, тарихий, маданий қадриятларига ҳурмат, атроф-муҳитга нисбатан эҳтиёткорона муносабатни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилиши лозим.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида қуйидагилар назарда тутилади:
1) мактабгача таълим муассасалари фаолиятини, шунингдек, боланинг ривожланиши ва унинг умумий бошланғич таълимга тайёрлигини комплекс баҳолашнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
2) мактабгача таълим муассасалари учун ўқув-методик, дидактик материаллар ва бадиий адабиётларни танлаб олишни ва экспертизасини ишлаб чиқилган тартибга мувофиқ ўтказиш;
3) мактабгача таълимнинг муқобил шакллари учун янги ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;
4) «Илк қадам» давлат ўқув дастурини кенг жорий этиш;
5) тарбияланувчиларнинг якка тартибдаги иш дафтарлари, карточкалар, тарқатма ва саноқ материаллари мазмуни ва дизайнини ўрнатилган талабларга мувофиқ ишлаб чиқиш;
6) ривожланишида жисмоний ёки руҳий бузилишлари бўлган болалар таълимининг комплекс технологияларини ишлаб чиқиш, инклюзив таълим, энг янги реабилитация ва абилитация усулларини кенг жорий этиш, уларнинг изчил ижтимоийлашуви ва умумий мактабгача таълим умумий тизими интеграциялашувига кўмаклашадиган мослаштирилган дастурлар ва якка тартибдаги таълим йўналишларини ишлаб чиқиш;
7) мактабгача таълимда фанларни ривожлантирувчи муҳитнинг инновацион технологиялари ва модулларини ишлаб чиқиш, мактабгача ва умумий бошланғич таълим изчиллигининг мазмун ва процессуал компонентларини оптималлаштириш;
8) машғулотлар давомийлигининг энг мақбул вақтини ва уларнинг кетма-кетлигини аниқлаш мақсадида ўқув режалари ва таълим дастурларини оптималлаштириш;
9) болаларни соғлом турмуш тарзини юритишга ўргатиш, гимнастика ва фаол ўйинлар бўйича машғулотлар ўтказиш орқали тарбияланувчиларда жисмоний тарбия машғулотлари ва спортга қизиқиш уйғотишни шакллантириш, жисмонан соғлом ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялаш;
10) мактабгача ёшдаги болаларнинг бадиий-эстетик ва мусиқий тарбия ҳамда таълим даражасини ошириш, эрта ёшдан бошлаб STEAM ўқитиш асосларини жорий этиш;
11) боланинг келгусида ўзини ўзи муваффақиятни намоён қилиши учун асос сифатида ижтимоий-эмоционал кўникмаларни ривожлантириш;
12) мактабгача таълим муассасаларига қатнамайдиган болалар учун таълим хизматлари турлари: пуллик таълим хизматлари, қисқа муддатли гуруҳлар ва бошқаларни кенгайтириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |