Мафкуранинг диний илдизлари - инсон онги ва руҳияти билан узвий боғлиқ экани ва шу боис унинг ғоявий илдизлари диний таълимотларига бориб тақалиши тушунилади. Яъни, кўпгина мафкураларда Авесто, Веда ва Упанишадлар, Инжил ва Қуръон каби китобларда зикр этилган эзгу ғоялар муайян даражада ўз ифодасини топганини кўрамиз.
Дунёвий ва диний қадриятлар бир-бирини бойитиб борган шароитда тараққиёт юксак босқичга кўтарилади. Бунга башарият тарихида ўчмас из қолдирган Имом Бухорий ва Мусо Хоразмий, Имом Мотуридий ва Абу Райҳон Беруний, Имом Ғаззолий ва Абу Наср Форобий сингари буюк заковат соҳиблари ёнма-ён яшаб, фаолият кўрсатган давр ёрқин мисол бўла олади. Илмий кашфиётлар бугунги кунда ҳам мафкура ривожига катта таъсир ўтказади. Замонавий фан ютуқлари, жумладан, космонавтика, бионика, биофизика, кибернетика ахборотлаштириш соҳасидаги оламшумул янгиликлар, клонлаштириш, инсоннинг ген-насл харитасини аниқлаш каби буюк кашфиётлар одамлар тасаввурини кескин ўзгартирмоқда.
Шу сабабли ҳам, илм – фан ва маданият борасидаги ютуқлардан оқилона фойдаланиш учун ҳам жамиятга соғлом ғоя, соғлом мафкура керак.
Мафкура яккаҳокимлиги тушунчаси ва унинг моҳияти. Бу муайян давлат, жамиятда ягона мафкуранинг тўла ҳукмронлигини, унга хос принципларнинг ўзгармас ақидалар тарзида жамият ҳаётида қатъий ва мутлақ тартибда ўрнатилишини ифодалайди.
Алоҳида мафкура яккаҳокимлигининг моҳияти шундаки, бунда бирон-бир мафкуравий тизим ягона илмий жиҳатдан асосланган энг адолатли, жамиятдаги муайян қатлам манфаатларини ифода этувчи мафкура деб эълон қилинади. Ўзининг моҳияти ёки бирон бир жиҳати билан ундан фарқ қилувчи ғоялар, қарашлар, мафкуралар ёт ва душман мафкуралар сифатида эътироф этилади. Фикрлар, ғоялар хилма-хиллиги инкор этилади. Оқибатда, миллионлаб кишиларда ягона фикрга мослашиш, мутелик, лоқайдлик, боқимандалик, маҳдудлик, ўзга ғояларга ҳадиксираб қараш руҳияти шаклланади. Жамиятнинг маънавий ривожига, илм-фан равнақига жиддий зарар етказилади. Аслида бундай ягона мафкура яккаҳокимлиги ёвуз ниятларда амалга оширилади, давлат мафкурасига айланади. Ижтимоий ҳаётнинг ривожига салбий таъсир кўрсатади ва жамият ҳаётини, фикрлар эркинлигини бўғади.
Масалан, собиқ Иттифоқ даврида коммунистик мафкура ана шундай ҳолга тушган эди. Унинг асосий ғоялари собиқ шўролар ҳокимияти раҳбарлигида зўрлик билан амалга оширилди. Натижада бу мафкура якка ҳукмрон бўлиб қолган эди. У ХХ асрнинг 80- йилларида таназзулга юз тутди. 1991 йилда собиқ Иттифоқ тарқалиб кетиши билан узил-кесил инқирозга учради. Бунинг сабаблари нималардан иборат?
Биринчидан, у ўзини инсоният тафаккури эришган энг юксак чўққи, мутлақ ҳақиқат ифодаси деб ҳисоблаб, бошқа мафкураларни тан олмас, улар бизга ёт деган ақида асосида муросасизларча иш тутар эди;
Иккинчидан, бу мафкура тарғиботчилари зўравонлик принципи «мажбур қиламиз» қабилида иш тутар, ушбу ғоялар ҳамма жойда, ҳамма вақт ҳеч истисно ва тўхтовсиз тарғиб қилинар, халқнинг эркин яшаши ва фикр юритишига йўл қўйилмас эди. Кимки бу ғояга қарши чиқса, шафқатсиз жазоланар, бутун давлат механизми ана шу жазони турли шаклларда амалга оширишга қаратилган эди.
Учинчидан, бу мафкура номигагина ижтимоий гуруҳлар мафкураси эди. Аслида собиқ Иттифоқ даврида зиёлилар, деҳқонлар, хизматчилар, қолаверса, «етакчи синф» бўлган ишчиларнинг орасида ҳам мафкурадан норози бўлганлар бор эди. Лекин метин мафкуравий девор ортидан уларнинг овози чиқмас эди;
Тўртинчидан, бу мафкура ҳеч кимга виждон эркинлиги, ўз фикрини очиқ баён этиш,жумладан, хориж фуқаролари билан холисона мулоқатда бўлишга ҳам йўл қўймас эди. Борди-ю кимдир шунга журъат этса, «халқ душмани», «буржуазия малайи»га айланар эди;
Бешинчидан, у миллийликдан бутунлай холи эди. Унда мавҳум байналмилаллик зўр бериб куйланарди. Кимки миллий қадриятлар тўғрисида гап очса, дарҳол «миллатчи»га чиқариб қўйиларди. Миллий тафаккурга эга бўлган шахс, мутахассис, зиёли, олим, бошқалар «қолоқ», «шубҳали киши» ҳисоланарди;
Олтинчидан, бу даврда миллий тарих, хусусан, Ўзбекистон тарихи мутлақо тан олинмас эди. Нари борса, улар кўпинча умумий тарзда қайд этиларди, холос;
Буларнинг барчаси большевистик - ягона коммунистик мафкуранинг тараққиёт талабларига мутлақо зид эканини яққол намоён этди. Шу боис у янги замонавий талабларга дош беролмай, ўз давлати билан бирга тарихга айланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |