XI БОБ. ҲИССИЁТ. (ЭМОЦИЯЛАР)
I. ҲИССИЁТ ТЎҒРИСИДА УМУМИЙ ТУШУНЧА.
Киши бирор нимани идрок ва тасаввур қилганида, эслаб қолганида ва эсга туширганида, фикр қилганида ва гапирганида ҳамда ҳаракат қилганида бирор ёқимли (ҳуш) ёки ёқимсиз (ноҳуш) ҳолатни кечиради, бу ҳолат ҳузур қилиш ёки ранжишдан, маза қилиш ёки қийналишдан иборат бўлади. Бу кечирмаларда одамнинг ўз теварак-атрофидаги нарсаларга (ҳодисаларга), одамларга ва ўзига нисбатан субъектив муносабати ифодаланади. Ёқимли ёки ёқимсиз кечинма ҳиссиётимизнинг (эмоцияларимизнниг) биринчи белгиси ва элементидир.
Воқеликнинг айрим ҳодисалари кишини қувонтиради, айрим ҳодисалар хафа қилади баъзи ҳодисаларга киши қойил қолади, баъзи ҳодисалардан ғазабланади, одам баъзи ҳодисаларни кўриб жаҳли чиқади, баъзиларидан қўрқади. Хурсандлик, хафалик, қойил бўлиш, ғазабланиш, қаҳр, қўрқув ва шу кабиларнинг ҳаммаси эмоционал кечинмаларнинг хилма-хил турларидир, одамнинг воқеликка бўлган турли субектив муносабатидир, одамнинг ўзига таъсир қилаётган ва унинг ўзи таъсир қилаётган нарсалардан туғиладиган кечинмалардир.
Ёқимли кечинмаларда одамнинг воқеликдаги айрим нарсаларга, ҳодисаларга ва ўзига нисбатан ижобий муносабати ифодаланади, ёқимсиз кечинмаларда эса бунга одамнинг салбий муносабати ифодаланади. Шунинг учун ҳам субектив кечинмалардан иборат бўлган ҳиссиётлар ижобий ва салбий ҳиссиётлар деб ажратилади. Лекин ҳиссиётлар ёқимли ёки ёқимсиз субъектив кечинмалар бўлиш жиҳатидангина эмас, шу билан бирга обектив, ижтимоий аҳамиятлари жиҳатидан ҳам ижобий ва салбий ҳиссиётлар деб фарқ қилинади. Ҳиссиётларга шахсий нуқтаи назардан бериладиган баҳо билан ижтимоий нуқтаи назардан бериладиган баҳо ҳамиша бир-бирига мувофиқ бўлавермайди. Субъектив равишда ноҳуш, кишини ранжитадиган кечинмалар тариқасидаги кўпгина ҳиссиётлар, ижтимоий нуқтаи назаридан қараганда, ижобий ҳиссиётлар ҳисобланади. Масалан, кишидаги уялиш виждон азоби ёқимсиз ва ҳатто қаттиқ азоб ҳисси билан кечирилади. Лекин ижтимоий нуқтаи назардан қараганда, бу ҳислар юксак, ижобий аҳлоқий ҳислардир. Ғазаб ва қаҳр ҳисси ҳар бир кишида салбий, ноҳуш кечинма ҳолатида ўтади. Аммо ижтимоий нуқтаи назардан қараганда, бу ҳиссиёт нима сабабдан туғилганлигига ва нимага йўналганлигига қараб ижобий ёки салбий ҳиссиёт бўлиши мумкин. Агар бу ҳиссиётлар аҳлоқ тамойилларга тўғри келмайдиган ножўя иш қилиб қўйган кишига нисбатан туғилган бўлса, бу ҳиссиёт ижобий аҳлоқий ҳиссиётдир. Аммо бу ҳиссиёт бирор шахсий норозилик сабабли, масалан, мажлисда қилинган ҳақли танқид сабабли туғдирган бўлса, бундай ҳиссиёт ўзбек кишисига номуносиб, паст ҳиссиётдир.
Ҳиссиёт биз идрок қилаётган, тасаввур қилаётган ва фикр қилаётган ҳодисалар ва тасаввурлар, шунингдек, бизнинг ҳаракатларимиз ва қилиқларимиз таъсири билан туғилади. Нарсалар идрок, тасаввур ва фикр қилинаётганлиги учунгина бизда айрим туйғулар туғилиб қолмасдан, балки, асосан, бу нарсалар бизнинг эҳтиёжларимиз, манфаатларимиз билан маълум бир даражада боғланганлиги учун ҳам бизда турли туйғулар туғдиради, Биз идрок, тасаввур ва фикр қилаётган нарсалар бизнинг эҳтиёжларимизга ва манфаатларимизга алоқаси бўлмаган тақдирда бизда сезиларли ҳиссиётлар туғилмайди. Бундай нарсалар кўпинча эътиборимиздан четда қолаверади.
Шундай қилиб, ҳиссиётларнинг манбалари (ёки сабаблари), бир томондан, бизнинг онгимизда акс этаётган теварак-атрофдаги воқелик бўлса, иккинчи томондан, бизнинг эҳтиёжларимиздир.
Кўп ҳолларда эмоционал кечинмаларимизнинг мазмунига бизнинг интилишларимиз ҳам киради. Интилишлар эса ҳамиша эҳтиёжни ифодалайди. Лекин ҳиссиётлар эҳтиёжлар сабабли пайдо бўлиши туфайли, интилишлар билан ҳиссиётлар бир-бирига «қўшилиб кетиб» битта туйғу, кечинма ҳолида намоён бўлади. Бундай ҳолларда ҳиссиётлар, одатда, интилишларни туғдиради ёки мавжуд интилишларни кучайтиради, шунинг учун эҳтиёжларнинг ўзи ҳам актив кечинмалар бўлиб қолади. Ҳиссиётларнинг йўналиши, фаоллиги интилишларда намоён бўлади.
Шундай эмоционал ҳолатлар ҳам бўладики, бунда интилиш жуда суст бўлади ёки бутунлай бўлмайди. Бу хил самарасиз, пассив ҳиссиётларни, одатда, сентименталлик деб атайдилар. Сентименталлик – ҳаракатсиз ҳиссиёт бўлиб, одатда, фақат сўз билан чекланиб, оҳ-воҳлар қилиш, баъзан кўз ёши тўкишдан нарига бормайди.
Ҳиссиётларнинг фаоллик даражаси кишидаги қўзғалиш ва кучланиш ҳолатида ёки тинчиш ва бўшашиш ҳолатида, ёки кишидаги ҳамма кучлар ғайратга кирган ҳолатда, ёхуд бу кучлар заифлашган ва бўшашган ҳолатда намоён бўлади. Ҳиссиётларнинг мана шу фаоллик даражасига қараб, улар стеник ва астеник ҳиссиётларга бўлинади.
Кишининг ҳаётий фаолиятини оширадиган, ғайратини орттирадиган ҳиссиётлар стеник ҳиссиётлар деб аталади. Масалан, ниҳоятда хурсандлик, ғазабланиш ҳислари стеник ҳиссиётлар қаторига киради. Кишининг ҳаётий фаолиятини пасайтирадиган, ғайратини сусайтирадиган ҳиссиётлар астеник ҳиссиётлар деб аталади. Ғам-ғусса, маъюслик, афсусланиш каби ҳиссиётлар мана шундай астеник ҳиссиётлардир.
«Ҳис» деган термин кўпинча «сезги» деган термин билан бир маънода ишлатилади. Масалан, баъзан: «Мен ёруғликни ҳис қиляпман, мен иссиқликни ҳис қиляпман» дейиш ўрнига: «Мен ёруғликни сезяпман, мен иссиқликни сезяпман» деб ҳам айтишади. Шу вақтгача биз психологияда ҳам сезги органлари дейиш ўрнига ҳис қилиш органлари деб айтишга одатланиб қолганмиз.
Сезги билан ҳисни бир-биридан фарқ қилиши керак. Сезги одамдан мустақил равишда мавжуд бўлади, у нарсалар ва ҳодисаларнинг инъикосидир, Ҳиссиёт эса одамнинг шу нарсаларга ва ҳодисаларга муносабатини ифодаловчи туйғулар, кечинмалардир. Сезгилар бизга нарсалар ва ҳодисаларнинг ўзини билдиради, аммо ҳиссиёт эса одамнинг шу нарсаларга ва ҳодисаларга муносабатини, бу нарсалар ва ҳодисалар одамда қандай ҳолат туғдирганлигини (ҳуш ёки ноҳуш ҳолат туғдирганлигини) билдиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |