Кўриш сезгиларининг органи – кўздир. Бу орган кўз соққаси билан ундан чиқадиган кўрув нервидан иборат.
Кўз соққасида учта парда, яъни: ташқи, томирли ва тўр парда бор.
Ташқи парданинг тиниқмас (оқ) қисми склера (қотган ёки қаттиқ парда) деб аталади. Ташқи парданинг олдинги бирмунча қовариқ қисми тиниқ (мугуз) парда деб аталади.
Ташқи парданинг орқасида томирли парда бор. Томирли парданинг олдинги қисми рангдор парда деб аталади. Рангдор парданинг рангига қараб, кишиларнинг кўк кўз, қўй кўз, қора кўз деб атаймиз ва ҳоказо. Рангдор парданинг ўртасида юмалоқ тешик бор, қорачиқ деб аталадиган ана шу тешикдан кўзнинг ичига ёруғлик нурлари ўтади. Ёруғликнинг оз-кўплигига қараб, қорачиқ кенгайиши ва торайиши мумкин. Кўзнииг учинчи пардаси – тур парда бўлиб, у кўз соққасининг деярли бутун ички юзасини қоплайди.
Қорачиқ билан рангдор парданинг орқасида икки томони қавариқ, тиниқ, жисм – кўз гавҳари туради, ёруғлик нурлари кўз гавхарида туриб синади ва натижада тўр пардага нарсанинг акси (сурати) тушади. Ҳалқа шаклидаги кўприксимон мускулнинг узайиши ва қисқариш туфайли гавҳар гоҳ яссиланади, гоҳ каваради: нарса кўздан узоқлаштирилганда гавҳар деярли ясси бўлиб қолади, нарса кўзга яқинлаштирилганда эса гавҳар деярли шар шаклига киради. Кўз гавҳарида шундай хосса борлигидан, яқиндаги нарсаларнинг акси ҳам узоқдаги нарсаларнинг акси ҳам гавҳардан ўтиб, худди тўр пардага тушади.
Тўр парда рангни ва ёруғликни сезиш учун асосий аҳамиятга эга. Кўрув нервининг тармоқлари тўр пардада жойлашгандир. Бу тармоқларнинг чекка учларида маҳсус нерв ҳужайралари – шаклан таёқча ва колбачага ўхшагани учун таёқчалар ва колбачалар деб аталадиган ҳужайралар бўлади. Одам кўзининг тўр пардасида 130 миллионга яқин таёқча ва 7 миллионга яқин колбача бор.
Колбачаларнинг ёруғликка сезгирлиги кучли эмас. Колбачалар ёрдами билан биз фақат равшан (кундузги) ёруғликда кўрамиз. Хроматик ранглар колбачалар ёрдами билан кўрилади. Шу сабабли, колбачалар кундузги ёруғликда кўриш ёки рангни айириш аппарати деб аталади. Таёқчалар эса, аксинча, ёруғликни яхши сезадиган бўлиб, энг хира ёруғликни ҳам сеза олади. Тунда, қош қорайганда ва умуман хира ёруғликда таёқчалар ёрдами билан кўрамиз. Таёқчалар - ғира-ширада кўриш аппаратларидир. Таёқчалар ёрдами билан фақат ахроматик ранглар кўрилади. Шусабабли, ғира-ширада хроматик ранглар яхши билинмайди ёки бутунлай билинмайди, натижада ҳамма нарсалар бизга кулранг бўлиб кўринади
Тўр парданинг энг сезгир жойи - сариқ доғнинг асосан колбачалар билан тўлган марказий чуқурчасидир.
Ниманинг акси (сурати) сариқ доғга тушса, ўша нарсани ҳамма нарсадан кўра равшанроқ кўрамиз. Бирон нарсага тикилганимизда кўз мускулларининг ёрдами билан кўзимиз шундай буриладики, натижада ўша нарсанинг акси, албатта, ҳар бир кўзимиздаги тўр парданинг сариқ доғига тушади. Бундай кўришни тўғридан кўриш дейилади. Нарсалар суратининг сариқ доғдан ташқарида - тўр парданинг ён қисмларида акс этиши ёндан кўриш деб аталади.
Тўр парданинг бир жойида рангни ва ёруғликни сезадиган таёқчалар билан колбачалар мутлақо йўқ. Бу – кўрув нервининг кўз соққасидан чиқиш жойидир. Тўр парданинг ана шу жойи ёруғликдан таъсирланмайди ва кўр доғ деб аталади.
Одатда кўр доғнинг борлигини пайқамаймиз, чунки нарсанинг бир кўздаги кўр доғга тушадиган тасвири иккинчи кўз тўр пардасининг сезгир жойига тўғри келади.
18-расмдан фойдаланиб, ҳар ким ўз кўзидаги кўр доғни топиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |