СЕЗГИЛАР
I. Сезгилар ҳақида умумий тушунча
Теварак-атрофимизда бўлган ва бизга таъсир этиб турадиган нарса ва ҳодисаларнинг хилма-хил хоссалари бор. Бу хоссалар кўрув, эшитув, туйғу органлари ва шунга ўхшаш сезги органлари ёрдами билан онгимизда бевосита акс этади. Сезги органларимизга таъсир этадиган нарсалардаги айрим хоссаларнинг миямизда шу тариқа бевосита акс этиши сезги деб аталади. Биз қизил, яшил рангларни, ширин, аччиқ таъмларни, оғир-енгилни, иссиқ-совуқни ва шу кабиларни сезамиз.
Сезги органига таъсир этиб, сезгини вужудга келтирадиган ҳар бир нарса (ёки ҳодиса) қўзғовчи деб аталади, унинг таъсири эса қўзғалиш деб юритилади.
Сезиш жараёни қуйидагича рўй беради: 1) нарса ёки ҳодисалар сезги органларига (рецепторга) таъсир этиб, тегишли сезувчи нервнинг чекка (перифери) учларини қўзғайди; 2) шу ерда келиб чиққан қўзғалиш ўша нервнинг ўтказувчи йўли орқали бош мия пўстининг тегишли марказий ҳужайралар системасига ўтади; 3) бу ерда нерв қўзғалиши психик ҳодисага, яъни сезгига айланади.
Сезиш жараёнининг ана шу 3 босқичи И.П.Павлов томонидан анализатор деб аталган сезувчи нерв аппаратининг тузилишига мувофиқ равишда ўтади. Юқорида айтганимиздек, ҳар бир анализатор сезувчи нервнинг чекка тармоқларидан, ўтказувчи йўлдан ва бош мия пўстининг марказий ҳужайраларидан иборат. Анализаторнинг юқорида кўрсатилган қисмларидан бирортаси зарарланса, сезги ҳосил бўлолмайди.
Номидан ҳам кўриниб турибдики, анализаторлар теварак-атрофдаги олам таъсирларини анализ қилиб беради. Анализаторлар инсоннинг кўп асрлардан бери давом этиб келган тарихида ҳаёт учун ниҳоятда муҳим бўлиб келган қўзғовчиларни бошқа қўзғовчилардан ажратади, уларни бир-биридан айириб беради.
Хар бир сезги одатда ҳуш ёки ноҳуш туйғулар билан боғланган бўлади. Бу сезгининг ҳиссий ёки эмоционал тони деб аталади. Масалан, ширин нарса кишига ҳузур беради, тахир-бемаза нарса кўнгилни беҳузур қилади. Баъзи сезгиларда ҳиссий тон жуда кучли бўлади. Масалан, ортиқча тўйиш, очиқиш, оғриқ, сезгилари шундайдир.
Сезиш жараёнида туғиладиган хуш ёки нохуш туйғу айни вақтда организмнинг қўзғовчи таъсирига жавобан реакциясига сабаб бўлади (бу реакция баъзан аранг билинади). Бу реакциялар болалик даврида айниқса яққол кўринади. Ана шу реакцияларга қараб, болаларнинг бирон сезгини бошдан кечираётганини биламиз. Ана шу реакцияларнинг борлиги сезгининг нерв-физиологик механизми рефлексдан иборат эканлигини кўрсатади.
Академик К.М.Биков ва ҳамкорларининг тадқиқотларига қараганда, сезгининг нерв-физиологик асоси шартли рефлексдир.
Шундай қилиб, сезги теварак-атрофдаги моддий дунёни билишнинг биринчи босқичидир, сезгида ҳиссий тон ҳам, актив ирода моменти ҳам бор, сезгининг мураккаб нерв-физиологик асоси ҳам бор.
Do'stlaringiz bilan baham: |