Ҳайвонларнинг инстинктлари.
Инстинктлар ҳайвонларнинг ўз эҳтиёжларини қондириш учун қиладиган мураккаб туғма ҳаракатларидир.
Масалан, кўп қушлар жуда усталик билан ин ясар экан, материал (чуп-чар, лой) танлаш ва инни пишиқ қилиб қуриш йўлида хилма-хил ҳаракатларни бажаради. Қалдирғочларнинг ини бунга яхши мисол бўла олади. Ўргимчаклар гарчи ин тўқиш «санъатини» олдиндан ўрганмаган бўлса ҳам, ўз инларини зўр «маҳорат» билан тўқийдилар. Асалари ўз катакларини, гўё пухта ҳисоб қилиб тургандай, аниқ режа билан кўради. Ҳайвонларнинг инстинктлари жуда хилма-хил бўлади. Ҳайвонларнинг биологик эҳтиёжларига қараб, уларнинг инстинктив ҳаракатларини қуйидаги турларга бўлиш мумкин; овқатланиш инстинкти, сақланиш инстинкти, насл қолдириш инстинкти ва пода (тўда) бўлиб яшаш инстинкти.
Овқатланиш инстинкти. Бу инстинкт ҳайвоннинг ўзи учун зарур овқат қидириб топиш, овқат ғамлаш ва шу каби ҳаракатларида зоҳир бўлади. Масалан, эндигина тухум пўчоғини ёриб чиққан жўжа донни ва нон увоқларини чўқийди, уларни қидириб топа билади. Асалариларнинг асал қидириб тўплаши ва ғамлаб қўйиши ҳаммага маълум.
Сақланиш инстинкти. Бу инстинкт ҳайвонларнинг душмандан сақланиш туғма усулларида ва душманга ҳужум қилиш қобилиятида зуҳур этади. Масалан, мушук боласи ўзига тикилиб турган кучукни биринчи марта кўрганда ё шкафнинг тагига кириб кетади ёки стулнинг устига, дарахтга чиқиб олади. Борди-ю, мушукнинг ўзи ҳужум қиладиган бўлса, кучукнинг нозик жойларига юз-кўзига чанг солмоқчи бўлади.
Насл қолдириш инстинкти. Бу инстинкт жумладан, ота-оналик инстинкти сифатида яққолроқ кўринади. Ҳайвонлар ўз болаларини парвариш қилиш туғма маҳоратига эга бўлиб, у наслининг келажаги ҳақида катта ғамхўрлик қилади. Ҳайвонларнинг баъзи бир турлари, хусусан, ҳашаротлар, ўз авлодини кўрмайди, аммо, болалари ўсиб мустақил ҳаёт кечира олиши учун, улар тухум қўйганда ўз наслига қулай жой ва овқатни олдиндан тайёрлаб кетади.
Кўкламда йўлда ёки йўл ёқасида бир жуфт қўнғизнинг гўнгни думалата-думалата юмалоқлаб кетаётганини кўриш мумкин. Бу юмалоқланган гўнг қўнғиздан тарқайдиган насл учун турар жой ва овқат бўлади. Қўнғизлар гўнгни маълум катталикда юмалоқлайди. Урғочи қўнғиз шу юмалоқланган гўнг ичига тухум қўяди, шундан кейин унинг оғзини беркитиб, ҳавф-хатарсиз жойга думалатиб боради. Юмалоқланган гўнг ичидаги тухумдан бир неча вақтдан кейин қурт чиқади. Бу қурт гўнгдаги моддалар билан озиқланиб ўсади, қурт шу жойнинг ўзида ғумбакка айланади, кейин бу ғумбак қўнғизга айланади. Ёш қўнғиз юмалоқ гўнг ичидан тешиб чиқиб, эркин ҳаёт кечира бошлайди. Шундай қилиб, қўнғиз ўзининг ғамхўр ота-онасини кўрмайди, ота-онаси эса қўнғизни кўрмайди.
Пода (тўда) бўлиб яшаш инстинкти. Бу инстинкт ҳайвонларнинг турли усуллар билан ўзаро алоқа қилишида ва хилма-хил шаклда биргалашиб яшашида зоҳир бўлади. Ҳайвонларнинг баъзи турлари, асосан, ўтхўр ва сут эмизувчи ҳайвонлар доимо тўда бўлиб яшайди, ҳайвонларнинг бошқа турлари, асосан, йиртқич ҳайвонлар эса ўзига ўхшаш ҳайвонлар билан вақт бевақт биргалашиб яшайди. Ҳашаротлар галаси, қушлар галаси, сут эмизувчилар тўдаси – ҳайвонларнинг пода (тўда) бўлиб яшаш формаларидир.
Инстинктлар машқ қилиш ёки ўрганиш йўли билан ҳосил бўлмайди – улар ота-онадан наслга биологик ирсият сифатида ўтади.
Инстинктларнинг нерв-физиологик асоси–шартсиз рефлекслардир. И.П.Павлов таълимотига кўра, инстинктлар шартсиз рефлексларнинг ўзи-ю, лекин анча мураккаб туридир. И.П.Павлов бундай дейди: «Ҳозирги вақтда инстинктларнинг ҳам рефлекслардан иборат эканлиги, фақат бир оз мураккаброқ рефлекслар эканлиги етарли аниқланган деб ҳисоблаш мумкин» 1. Инстинктлар – бир қанча шартсиз рефлекслардан иборат бўлган рефлекслар занжиридир. Бу рефлекслардан ҳар бирининг ҳаракатга келган пайти навбатдаги рефлекс учун қўзғовчи бўлади.
Аввало шуни айтиш керакки, ҳайвонлардаги инстинктларнинг объектив суратда бамаънилиги билан ғоят ажаблантиради.
Хўш ҳайвонлардаги инстинктив ҳаракатларнинг рўйи рост кўринадиган бу бамаънилиги ва «оқилоналиги» қандай изоҳланади?
Инстинктларнинг қандай пайдо бўлганлигини биринчи марта Ч.Дарвин тушунтириб берди. Дарвин таълимотига кўра, ҳайвонларнинг инстинктлари узоқ, эволюцион тараққиёт жараёнида, ташқи муҳитга мослашиш жараёнида, ҳаёт шароитига боғлиқ ҳолда пайдо бўлган.
Бу курашда, теварак-атрофдаги муҳитга мослашишда фойдасиз бўлиб қолган ҳаракатлар, шунингдек, бефойда органлар йўқолиб кетган, зарарли ҳаракатлар ҳайвонни ҳалокатга олиб борган, фойдали ҳаракатлар эса тараққиёт жараёнида мустаҳкамланиб, наслдан-наслга ўтган. Шу билан бирга, иистинктлар бутун бир авлодга ёки ҳайвонларнинг, бутун бир турига мустаҳкам ўрнашиб қолган ҳаракатлардан иборат.
Инстинктив ҳаракатлар ҳайвонларга фойдали бўлгандагина маъқул келади, яъни бамаъни бўлади, аммо ҳайвонлардаги инстинктларнинг бамаънилиги ҳам жуда чеклангандир. Ҳайвонларнинг инстинктлари бир қолипда (шаблон) бўлади. Ҳайвонлар яшайдиган шароит салгина ўзгариши билан уларнинг ҳаракатлари бемаъни бўлиб қолади. Масалан, ўргимчак инига пашша тушса, дарров таъзирини беради: унга ёпишиб, еб қўяди. Аммо ўргимчак билан пашша бошқа жойда (масалан, стаканда) ёнма-ён қўйилса, ўргимчак пашшадан қочиб кетади.
Парранда ўз тухумларинигина эмас, балки бошқа қушларнииг тухумларини, гипсдан ёки ёғочдан ясалган сунъий тухумларни, ҳатто тухумга бир қадар ўхшайдиган бошқа ҳар қандай нарсаларни ҳам босиб ётаверади. Холбуки, парранданинг бу ҳаракатлари тамомила бемаънидир.
Ички секреция безларининг фаолиятидан келиб чиқадиган ички таъсирлар кўпгина инстинктлар учун (масалан, жинсий инстинкт учун) характерлидир. Ҳайвонни жинсий инстинктни адо этишга қўзғайдиган ички механизмлар бўлмаса, ташқи таъсирнинг бир ўзи бу инстинктни юзага чиқаролмайди; жинсий безлари олиб ташланган арига ташқаридан ҳар қандай таъсир бўлишига қарамай у ин ясамайди, насл учун овқат ғамламайди ва ҳоказо. Шу муносабат билан психиканинг эмоционал жараёнлар каби формаси вужудга келади ва янада тараққий этади.
Бирор эҳтиёж ва тегишли ташқи шароит мавжуд бўлгандагина бир турга кирадиган ҳайвонлар одатда ҳамма ҳаракатларни кўп наслларнинг умри давомидаги муайян бир наъмунага мувофиқ бажаради.
Аммо ҳайвонларнинг ҳамма турларидаги инстинктлар барча наслларда доимо ўзгармасдан қола беради деб ўйлаш ярамайди. Организмлар улар учун янги бўлган ҳаёт шароитига тушиб колса, янги хоссалар пайдо қилиши мумкин. Бу хоссалар мустаҳкамланиб, наслдан-наслга ўтади. Ҳайвонларнинг инстинктлари ҳам шундай йўл билан ўзгаради. Ташқи муҳитга мослашиш жараёнида, тажрибага ва ҳайвон яшайдиган шароитга қараб, айрим инстинктлар сўниши ёки, аксинча, мураккаблашиши, ўзгариши мумкин.
Масалан, қалдирғочлар доимо бир қолипда ин қурсалар ҳам, лекин, баъзида, муҳит ўзгаришларининг таъсирида, бу инларнинг салгина бошқача қилиб қурилганини кўриш мумкин. Уй ҳайвонларининг инстинктлари уларнинг ёввойи аждодлари инстинктига қараганда айниқса кўп ўзгаради. Демак, туғма нерв боғланишлари (шартсиз рефлекслар) объектив шароитга мос келмай колса, турнинг тараққиёт жараёнида секин-аста ўзгариб, сўниб қолиши мумкин. Шу билан бирга, ўзгарган ташқи шароитга қараб, ҳайвон миясида нерв системасида янги боғланишлар ҳосил бўлиши мумкин, шунга кўра организм муҳитга кўпроқ мувозанатлашади, ҳайвон ҳаёт шароитига яхшироқ мослашади.
Do'stlaringiz bilan baham: |