Н.Г.Чернишевский (1828-1889 й.)нинг айтишича, дунё ва ҳаётнинг негизида битта манба – материя ётади. Психика, инсон онги ривожланаётган материянинг маҳсулидир. Чернишевский инсон табиатини дуалистик тушунишга ва шунга асосан инсон онгининг унинг миясига боғлиқ эмаслиги ҳақидаги даъвога кескин қарши чиқди.
Психиканинг моддадан ташқари келиб чиқишини инкор қилиб, Чернишевский инсон руҳий ҳаёти ҳодисаларининг табиий йўл билан пайдо бўлиши ва ривожланишини исботлашга ҳаракат қиларди. Лекин у, айни вақтда, немис вульгар материалистлари Бюхнер, Фогт, Молешоттларнинг йўл қўйган хатоларидан, яъни моддий мия жараёнларини психик жараёнлар билан, моддий субстракт бўлган мияни онгнинг ўзи билан айнан тенглаштириб қўйишдан узоқда эди.
«Инсон табиати ягона бўлиши билан бирга,– деб ёзади у,– биз унда икки хил ҳодиса моддий деб аталадиган ҳодисаларни (инсон овқат ейди, юради) ҳамда маънавий деб аталган ҳодисаларни инсон ўйлайди, ҳис қилади, ҳоҳлайди ва шу кабиларни кўрамиз»
У «фикрнинг жисмий формаси йўқлигига қаттиқ ишонди».
Добролюбов (1836–1867 й.) Чернишевскийнинг сафдоши бўлиб, ўз замонасидаги табиат фанлари ютуқлари асосида табиат ва инсоннинг генетик бирлиги тамойилини ҳимоя қилди.
Унинг фикрича, дунёда моддий ва руҳий деб аталган икки манба йўқ. Бутун мавжудот ҳаракатдаги ва ўсишдаги ягона материянинг ҳар хил ҳолатидир. Материя абадийдир, у йўқдан бор бўлмайди, бордан йўқ бўлмайди, фақат ўз формасини ўзгартиради, холос.
«Аслида ҳеч нарса йўқ бўлиб кетмайди,– дейди Добролюбов,– фақат формалар, шахслар ўзгаради, холос».
«Инсон,– дейди Добролюбов,– табиатнинг бир қисмидир, мавжудотларнинг энг мукаммалидир, тараққиётнинг коинот томонидан эришилган энг юксак босқичидир.
Добролюбов дунёнинг моддийлигини исботлар экан, у замонасининг реакцион идеалистик олимларига қарши кураш олиб борди. У инсондаги психик ҳамда физиологик жараёнларнинг бирлиги ҳақидаги таълимотни ҳимоя қилди.
Добролюбов психик ва физиологик ҳодисаларни айнан тенглаштириб қўйган вульгар материалистлар – механистларга қарши чиқиб, шундай деб ёзган эди: «Инсон руҳи қандайдир жуда нозик материядан иборатдир деб исботлашга уриниб, инсон руҳий томонининг юксак аҳамиятини йўққа чиқарадиган қўпол материализмнинг жоҳилона эътирозлари бизга кулгили ва аянчли бўлиб туюлади».
Добролюбов идеалистларни танқид қилиш билан бирга олимлар уйдирма назария ва тажрибага боғланмаган априор схемаларга ёпишиб олмасдан, ўз ҳукмларида фактларга таянсагина, уларнинг дунё ҳақидаги идея ва тушунчалари турмуш амалиётида синалган тақдирдагина, инсонни ўраб турган ҳодисаларнинг ҳақиқий моҳиятини билиш мумкин эканлигини исботлашга ҳаракат қилди.
Рус физиологияси ва илмий психологиясининг «отаси» И.М.Сеченовнииг (1829–1905 й.) дунёқараши революцион демократлар вакилларининг, айниқса Чернишевскийнинг таъсирида таркиб топди.
1863 йил унинг «Бош мия рефлекслари» деган машҳур асари босилиб чиқди. Бу асарда Сеченов ўша замон физиологиясининг илғор ютуқларига ва шахсий текширишларига асосланиб туриб, одамнинг психик фаолияти қандайдир моддий бўлмаган руҳнинг намоён бўлиши эмас, балки фақат миянинг фаолияти холос, деб дадиллик билан айтди. Сеченов физиолог сифатида Чернишевский ва ундан олдин майдонга чиққан рус материалистлари томонидан ривож топтирилган материалистик монизмни табиий-илмий жиҳатдан асослаб берди. «Инсондаги психик ва физиологик жараёнлар,– деган эди Сеченов,– бу бир хил тартибдаги ҳодисалар, бир-бирига яқин, реал дунёга хос бўлган ҳодисалардир». Сеченов психик жараёнларнинг асоси бош мия рефлексларидир, деган таълимотни илгари сурди. «Онгли ва онгсиз психиканинг барча ҳаракатлари,– деб ёзади у, ўзининг келиб чиқиши жиҳатидан рефлекслардир». Шуни исботлашни у ўзининг вазифаси деб билди.
Сеченов илмий психологиянинг асосий вазифаси бош миянинг функциялари бўлган психик жараёнларнинг келиб чиқишини ўрганишдан иборат деб ҳисоблайди. «Илмий психология, деб ёзади у, ўзининг бутун мазмуни эътибори билан психик фаолиятнинг келиб чиқиши ҳақидаги бир қатор таълимотлардан ўзга нарса бўлмоғи мумкин эмас».
Сеченов инсон психикасининг инсон онги тараққиётининг бирламчи омили бўлган ташқи дунё билан белгиланганлигини таъкидлади. «Моддий олам ҳар бир инсонга нисбатан, унинг фикридан олдин мавжуд бўлган ва мавжуд бўлади».
«Маълумки, инсоннинг психик жараёнлари,– деб ёзади Сеченов,– ташқи белгиларда ифодаланади ва одатда барча кишилар, оддий кишилар ҳам, олимлар ҳам, табиатшунослар ҳам, психологлар ҳам психик жараёнлар ҳақида шуларга, яъни ташқи белгиларга қараб фикр юритадилар». «Бироқ психик ҳодисаларни илмий жиҳатдан ҳақиқий анализ қилиб беришнинг калити физиологиянинг қўлидадир».
Сеченовнинг психик жараёнларнинг моҳиятини тушунтириб берадиган асосий қонун-қоидалари мана шулардан иборат. И.М.Сеченов таълимотининг давомчиси И.П.Павлов эди. У материалистик психологиянинг табиий-илмий асоси бўлган янги фан, олий нерв фаолияти физиологиясини кашф этди.
Психикани, психик ва физиологик ҳодисаларнинг ўзаро муносабатини тушунишда идеализм билан материализм ўртасидаги кураш XX асрнинг бошларида ҳам давом этди ва кучайди. Бу даврда асосан, диалектик материализм позициясида туриб механистик материализм ва идеализмнинг энг янги шаклларига қарши кураш авж олди.
Механистик материализмнинг учига чиққан шакли объектив психология деб аталган оқим – «бихевиоризм», идеялизмининг учига чиққан шакли эса Вюрцбург» мактаби психологияси эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |