O
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
БЮДЖЕТ КОДЕКСИ
Тошкент-2014
УМУМИЙ ҚИСМ
I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-Боб. Асосий қоидалар
1-модда. Ушбу Кодекс билан тартибга солинадиган муносабатлар.
Ушбу Кодекс Ўзбекистон Республикасининг бюджет тизими бюджетларини (бундан буён матнда бюджет тизими бюджетлари деб юритилади) шакллантириш, тузиш, кўриб чиқиш, қабул қилиш, тасдиқлаш, ижро этиш, давлат томонидан маблағ жалб қилиш ва бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.
2-модда. Бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бошқа қонун ҳужжатларида кўрсатилган нормалари ушбу Кодексга мувофиқ бўлиши керак.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Ушбу Кодексда қўлланиладиган асосий тушунчалар
Ушбу Кодексда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
айланма касса маблағи — молия йилида Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг шахсий ғазна ҳисобварақларида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори;
бюджетдан ажратиладиган маблағлар — Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларидан бюджет ташкилотлари ҳамда бюджет маблағлари олувчилар учун назарда тутиладиган пул маблағлари;
бюджет жараёни — бюджет тизими бюджетларини шакллантириш, тузиш, кўриб чиқиш, қабул қилиш, тасдиқлаш ва ижро этиш, уларнинг ижросини назорат қилиш, бюджет тизими бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тайёрлаш ва тасдиқлаш, шунингдек улар ўртасидаги ўзаро муносабатлар жараёни;
бюджет жараёни иштирокчилари — давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат молиявий назорат органлари, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар;
бюджет маблағларини тақсимловчи — ўз тасарруфида Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан маблағ оладиган ташкилотларга эга бўлган юридик шахс, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилоти ёки бюджет маблағлари олувчи;
бюджет соҳасидаги ваколатлар — бюджет жараёни иштирокчиларининг бюджет муносабатлари соҳасидаги ваколатлари;
бюджет ссудаси — қайтариш шарти билан юқори турувчи бюджетдан қуйи турувчи бюджетга, шунингдек давлат мақсадли жамғармаларига, резидент-юридик шахсга ажратиладиган пул маблағлари;
бюджет сўрови — келгуси давр учун бюджетдан ажратиладиган маблағларни олишга бўлган эҳтиёжни асослашни назарда тутувчи ҳужжат;
бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари — қонун ҳужжатларида назарда тутилган манбалар ҳисобидан бюджет ташкилоти тасарруфига келиб тушадиган маблағлар;
бюджет тизими бюджетлари — Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари;
бюджетлараро трансфертлар — Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига, давлат мақсадли жамғармаларига ҳамда бунинг аксича ўтказиладиган, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ҳамда бунинг аксича ўтказиладиган маблағлар;
вақтинчалик касса узилиши — жорий молия йилининг муайян даврида бюджет тизими бюджетларининг харажатлари даромадларидан вақтинчалик ошиб кетиши;
вақтинчалик харажатлар сметаси — бюджет ташкилотининг ёки бюджет маблағлари олувчининг харажатлар сметаси тасдиқлангунига ва рўйхатдан ўтказилгунига қадар амал қиладиган ҳужжат бўлиб, унда қонун ҳужжатларидаги ўзгартиришлар ҳисобга олинган ҳолда унинг учун назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳар ой учун акс эттирилади;
Давлат бюджети профицити — муайян даврда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети даромадларининг унинг харажатларидан ошиб кетиши;
Давлат бюджети тақчиллиги — муайян даврда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети харажатларининг унинг даромадларидан ошиб кетиши;
давлат молиявий назорати — бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижроси устидан назоратни амалга ошириш мақсадида молиявий назорат объектларининг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларини ўрганиш ҳамда таққослаш;
давлат томонидан маблағ жалб қилиш — активларни жалб этиш, бу бўйича Ўзбекистон Республикасининг қарз олувчи сифатидаги ёки қарз олувчи-резидентларнинг кредитларини (қарзларини) тўлашга кафил сифатидаги мажбуриятлари юзага келиши;
давлат харидлари — бюджет тизими бюджетларининг маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) харидлари;
давлат қарзи — Ўзбекистон Республикасининг ички ва ташқи маблағларни жалб қилиш натижасида вужудга келган мажбуриятлари;
даромадлар ва харажатлар сметаси — бюджет ташкилотлари бюджетдан ташқари жамғармаларининг тегишли йил чораги ёки молия йили учун кутилаётган тушумлари ва харажатлари акс эттириладиган ҳужжат;
донорлар — Ўзбекистон Республикасига, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, фаолияти Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган юридик ва жисмоний шахсларга беғараз асосда маблағлар ажратадиган давлатлар, давлатларнинг ҳукуматлари, халқаро ва чет эл ҳукумат ташкилотлари, чет эл фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхатга киритилган халқаро ва чет эл ноҳукумат ташкилотлари;
дотация — бюджет тизими бюджетларига уларнинг ўз даромадлари етишмаган тақдирда даромадлар билан харажатлар ўртасидаги фарқни қоплаш учун қайтармаслик шарти билан ажратиладиган пул маблағлари;
жамланма харажатлар сметаси — бюджет маблағларини тақсимловчи томонидан ўз тасарруфидаги бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг харажатлар сметалари асосида тузиладиган харажатлар сметаси;
молия йили — биринчи январдан ўттиз биринчи декабрь куни охиригача бўлган вақтни ўз ичига олувчи давр;
молиявий мажбуриятлар — бюджет ташкилотларида ва бюджет маблағлари олувчиларда уларга пул маблағларини ўтказиш мажбуриятини юкловчи ҳужжатлар, шу жумладан ижро ҳужжатлари асосида юзага келадиган мажбуриятлар;
молиявий назорат объектлари — Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, бюджет маблағларини тақсимловчилар, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар, давлат мақсадли жамғармалари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари;
субвенция — муайян мақсадларга сарфлаш шарти билан юқори турувчи бюджетдан қуйи турувчи бюджетга қайтармаслик шарти билан ажратиладиган пул маблағлари;
субсидия — товарлар ишлаб чиқариш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш ва уларни реализация қилишни молиялаштириш ёки биргаликда молиялаштириш ёхуд мақсадли харажатларнинг ўрнини қисман қоплаш учун бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан юридик ва жисмоний шахсларга бериладиган пул маблағлари;
тартибга солувчи даромадлар — бюджет тизими бюджетлари ўртасида ажратмалар нормативлари белгиланадиган умумдавлат солиқлари ва бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек солиқ бўлмаган тўловлар. Солиқ бўлмаган тўловларга бюджет тизими бюджетларига келиб тушадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўлмаган тўловлар киради;
харажатлар моддаси — бюджет тизими бюджетлари харажатларини иқтисодий йўналиши ва тўловларнинг аниқ турлари бўйича белгиловчи бюджет таснифининг бир қисми;
харажатлар сметаси — бюджет ташкилоти ёки бюджет маблағлари олувчи томонидан молия йили учун тузиладиган ва тасдиқланадиган, унинг учун назарда тутилган бюджетдан ажратиладиган маблағлар харажатлар моддалари бўйича акс эттириладиган ҳужжат;
штат жадвали — доимий ходимлар лавозимлари ва бўш ўринлар номларининг сони ва лавозим маошларининг миқдорлари кўрсатилган рўйхатни ўз ичига оладиган, бюджет ташкилоти томонидан тузиладиган ҳужжат;
шахсий ғазна ҳисобварақлари — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ахборот тизимида очиладиган, бюджет тизими бюджетлари ижроси билан боғлиқ операцияларни акс эттириш учун мўлжалланган таҳлилий ҳисоб регистрлари;
юридик мажбуриятлар — тузилган шартномалар, шунингдек тегишли давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг қарорлари асосида бюджет ташкилотларида ва бюджетдан маблағ олувчиларда юзага келадиган мажбуриятлар;
ўтказиб бериладиган даромадлар — тегишли маъмурий-ҳудудий бирликда шаклланадиган ва юқори турувчи бюджетга ўтказиладиган, улар қаерда шаклланган бўлса, кейинчалик ўша маъмурий-ҳудудий бирлик бюджетига ўтказиб бериладиган даромадлар;
Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети (Давлат бюджети) — давлатнинг давлат вазифалари ва функцияларини молиявий жиҳатдан таъминлаш учун мўлжалланган марказлаштирилган пул жамғармаси;
ғазначилик бўлинмалари — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича Ғазначилик бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар бўйича Ғазначилик бўлинмалари;
ғазначилик мемориал ордери — маблағларни бир шахсий ғазна ҳисобварағидан бошқа шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказиш учун фойдаланиладиган тўлов ҳужжати;
ҳудудий молия органлари — Қорақалпоғистон Республикасининг Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари.
4-модда. Бюджет ташкилоти
Давлат функцияларини амалга ошириш учун белгиланган тартибда давлат ҳокимияти органларининг қарорига кўра ташкил этилган, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сақлаб туриладиган нотижорат ташкилот бюджет ташкилотидир.
Бюджет ташкилотларини молиялаштириш шартлари ва уларнинг бюджет ҳисобини юритиш тартиби бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |