3. Марказий Осиёда буддавийлик тарихи. Умуминсоний ғояларнинг тарғиб этилиши ҳамда ҳар бир миллатнинг Будда таълимотини ўз тилида ўқиб-ўрганиши мумкинлиги буддавийликнинг турли ҳудудларга тарқалишига замин яратган. Буддавийлик Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида янги эранинг бошларида пайдо бўлди. Буддавийликнинг Ҳиндистондан Марказий Осиёга кириб келишини одатда кушонларнинг ҳукмронлиги билан боғлайдилар. Император Канишканинг ҳукмронлиги даврида Кушон подшоҳлиги ушбу диннинг марказларидан бирига айланган. Канишка буддавийликка эътиқод қилган. У зарб қилдирган айрим тангаларда Будда тасвири ҳам учрайди. Милоднинг биринчи асрларида Будда илоҳийлаштирилиб, худо даражасига кўтарилади ва унга сиғинилади.
Будда билим орқали азоб-уқубатлардан қутулиш мумкинлигини уқтирган. Буддавий донишмандлар фикрича, ҳар бир инсон жуда кўп эзгу ва яхши ишлар қилиш орқали Буддага айланиши мумкин.
Хитойлик Сюань-Цзянь берган хабарга кўра, VII асрнинг бошларида Термизда 10 та будда ибодатхонаси (сангарама) ва мингта роҳиб бўлган.
V-VIII асрларда эфталитлардан кейин буддавийлик Марказий Осиёда таназзулга юз тута бошлаган.
Марказий Осиё халқлари, хусусан, бақтрияликлар санъатга ўз маданий анъаналарини олиб кирдилар. Буддавийликда Будда таълимоти ва ҳаётининг ботиний моҳиятини ифодаловчи рамз-тимсолларнинг бутун бошли бир тизими шакллантирилган. Кўпроқ тарқалгани Будда ва унинг таълимотини англатувчи ғилдирак ёки ярқираб турувчи айлана тасвиридир.
Будданинг ҳаётий айланишлари босқичларини ифодаловчи ҳўкиз, шер, фил, от рамзлари кенг тарқалган. Шунингдек, Будда тагида ўзининг илк ваъзларини айтган муқаддас Бодхи дарахти тасвири ҳам буддавийликнинг бадиий-диний рамзи ҳисобланади.
XX асрнинг бошларидаёқ Амударёнинг ўнг қирғоғида буддавийликка оид кўп сонли тангалар, ҳайкалтарошликка оид майда тасвирлар ва бошқа ёдгорликларни топганлар; улар кўпинча қимматбаҳо металлар - олтин ёки кумушдан ясалган.
1927 йилда архелоглар қадимий Термизни ўрганиб, у ерда қатор юнон-буддавийлик ёдгорликлари мавжудлигини аниқлади. Термиз археологик комплекс экспедициясининг (ТАКЭ) ишлари натижасида Қоратепа ва Чингизтепада иккита йирик будда ибодатхонаси бўлганлиги аниқланди, юнон-буддавийлик меъморчилиги ва ҳайкалларининг парчалари топилган ўнлаб жойлар қайд этилди.
Термиздан 17 км масофада жойлашган Айритом шаҳарчасининг шарқ тарафида афтидан буддавийлик ступасига ўхшаш минора шаклидаги хом ғиштдан қурилган бино вайроналари жойлашган. 1933 йилда археолог М.Е.Массон томонидан хом ғиштдан қурилган бино қолдиқлари, унинг ичида эса ҳайкал, тош карнизлар, меъморий буюмлар, тошдан ясалган муқаддас ёдгорликлар борлиги аниқланган. Мусиқачилар ва мутафаккирлар, эҳсон келтирувчиларнинг шакллари туширилган ҳайкалларнинг ҳошияли тош плиталари топилган. Бу ибодатхона мажмуасига ибодат жойларидан ташқари роҳиблар учун ётоқхона ва қатор хизмат хоналари, яъни ошхона, омборхоналарни ҳам ўз ичига олган.
Сурхондарёдаги Қоратепа номи билан машҳур бўлган тепалик буддавийликнинг энг катта руҳонийлар маркази ҳисобланган ва у Кушон давридаги Термизнинг ташқи девори ҳимояси остида шаҳар ташқарисида жойлашган. Қоратепа биноларининг уч қавати қумликлардан топилган. Ступа махсус ҳовлига ўрнатилган. Қоратепанинг ғорлик бинолари оқилона тарзда, иссиқ иқлимни ҳисобга олган ҳолда жойлаштирилган. Бундай бинолар ёзда салқин, қишда эса ёпиқ эшиклар ортида илиқ бўлган. Қўш аланга қуршовида ўтирган Будда тасвири буддавийлик тарқалган даврда қадимий эътиқодлар таъсирининг барқарорлигидан гувоҳлик беради.
Тошкентлик санъатшунос-археолог Л.И. Альбаум Қоратепа шарқидан саксон метр нарида Фаёзтепа ибодатхонаси мажмуини очди. Марказида ибодатхона тасвирланган жануби-ғарбий деворда нимба кийимидаги Будда чизилган бўлиб, унинг атрофини кичик Будда ҳайкалчалари ўраб турибди. Меҳроб деворлари ҳам ёзувлар билан қопланган. Деворлардан бирида иккита тик турган Будда сурати тасвирланган бўлиб, уларнинг ҳар икки тарафида икки аёл қиёфаси тасвирланган. Қарама-қарши деворда совға улашувчи эркаклар тасвирланган. Бундан ташқари бошқа мазмундаги суратлар ҳам мавжуд. Чизмаларнинг ўта қимматбаҳолигидан ташқари буддаларнинг бу жонли тасвирлари дунёдаги энг қадимги ёдгорлик ҳисобланади. Улар милодий I–II асрларга тегишли. Тадқиқотчиларнинг фикрича, Қоратепа фақат роҳиблар жамоаси учун эмас, балки Термиз ва унинг атрофида яшаётган ва бошқа шаҳарлардан келган буддавийлар учун ҳам ибодатхонаси сифатида хизмат қилган.
Қоратепа ва Фаёзтепа ибодатхоналари одатда ер ости ва ер усти қисмларидан иборат бўлган. Будда ҳайкалчалари билан безатилган «Зўрмала» ступаси маҳобати билан ажралиб турган. Ступалар бир неча баландликда тўртбурчак шаклда бунёд этилган. Ступа усти гумбазсимон қилиб ишланиб, унга ёғоч ёки тошдан ясалган лангар ўрнатилган. Бу лангарларда тошдан ясалган бир неча соябон бўлиб, буддавийлар уни «чатра» деб аташган. «Чатра» муқаддас дарахт тимсолидир. Ступа коинот рамзи ҳисобланган. Уйларда Будда ҳайкали қўйилган махсус ибодат қиладиган хоналар бўлган. Кейинчалик Будда ҳайкаллари ёнига боддҳисаттваларнинг лойдан пиширилган кичкина ҳайкалчалари қўшилган. Ушбу ҳолат ҳам шаҳар аҳолиси ҳаётида буддавийлик алоҳида аҳамият касб этганини кўрсатади.
Кушон подшолигининг дастлабки пойтахти Далварзинтепа (қалинлиги 10 метргача бўлган қудратли мудофаа девори билан ўраб олинган қалъа шаҳар) ўрнида бўлган. Кушонлар ҳукмдори Канишка даврида Далварзинтепа шаҳар сифатида шаклланиб, савдо-сотиқ марказларидан бирига айланган. Бу ерда Ўрта Осиё ҳудудларида биринчи марта Будданинг лойдан ясалган, яхши сақланган тасвири, кўплаб ҳайкалчалар, безаклар, диний маросим буюмлари ва тангалар топилган, улар II аср охири III аср бошидаги будда ибодатхонасининг марказий бинолари ичида сақланган. Ибодатхонани тадқиқ қилиш 1983 йилдан бошланган. Далварзинтепа мажмуасидаги Будда ибодатхонаси ва аслзодалар дафн этилган даҳма, шунингдек, олтин хазина тўлдирилган икки ярим метрли сопол кўза буддавийликнинг ўша давр халқлари ижтимоий-маънавий ҳаётидаги мавқеи ва бошқа маҳаллий динлар ўртасида эгаллаган ўрнини кўрсатади.
Шимолий Ҳиндистон ва Марказий Осиё ҳудудларининг Кушонлар салтанати ҳукмронлиги остида бирлаштирилиши натижасида буддавийлик Узоқ Шарққа ҳам кириб борди. Кейинчалик Шарқий Туркистон, Хитойга ёйилди. Канишка, Вима Кадфиз ва улардан кейинги Кушон императорлари буддавийлик дини анъаналарини амалда ривожлантириш, бошқа халқлар ўртасида тарқатиш учун Балх, Марв, Термиз, Самарқанд, Бухоро, Шош, Туркистон, Қува, Косон, Ўш, Болосоғун, Кошғар ва бошқа шаҳарларда ибодатхоналар қуриб, унинг муқаддас китоблари, сутра (санскритча - ип, тўплам, баён, диний-фалсафий ибора)ларни ўрганиш, таржима қилиш ва шарҳлаш учун шароит яратдилар.
Ғарбда Орол ва Каспий денгизи бўйлари, Жанубда Ҳинд дарёсининг қуйи оқими, Шарқда Хўтан (Хитой)дан Банорас (Ганг дарёси бўйидаги шаҳар)гача чўзилган Кушонлар империясининг бошқа мамлакатлар билан иқтисодий, сиёсий ва маданий алоқаларининг яхшиланиши, савдо-сотиқнинг ривожи янги шаҳарларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Кушонлар даврида буддавийликка катта аҳамият берилгани, диний расм-русумларни бажаришга алоҳида эътибор билан қаралгани боис махсус ибодатхоналар бунёд этилиб, буддавийлик халқ турмуш тарзининг муҳим таркибий қисмига айланиб борди, маданият ривожига кучли таъсир кўрсатди.
Марказий Осиё халқлари қадимги тарихи ва маданияти ривожида буддавийлик муайян ўрин эгаллайди. Бунга Марказий Осиё ҳудудида жойлашган Далварзинтепа, Қува, Зартепа, Қоровултепа, Айритом мавзеларидан топилган археологик қазилмалар, жумладан, Шакьямуни санамлари, ҳайкалчалар, рамзий ғилдираклар ва ступа қолдиқлари, шунингдек, мармардан ясалган ва жуда яхши сақланган Будда ҳайкали аниқ далолат беради. Археологик қазилмалар натижасида топилган ёдгорликлар буддавийликнинг ўша даврдаги мавқеи ҳақида хабар беради. Шунингдек, аждодларимизнинг юксак моддий маданияти, дини, урф-одати, тафаккур тарзи ҳақидаги тасаввуримизни бойитишга хизмат қилади.
Ҳозирги даврда буддавийлик Жанубий, Жанубий-шарқий, Шарқий Осиё мамлакатлари Шри Ланка, Ҳиндистон, Таиланд, Лаос, Мўғулистон, Камбоджа, Въетнам, Хитой, Сингапур, Бутан, Нeпал, Малайзия, Корeя, Япония, қисман Европа ва Америка қитъаси, Россиянинг Тува, Бурятия ва бошқа ҳудудларда кенг тарқалган. 700 миллиондан ортиқ киши буддавийликнинг турли йўналишларига эътиқод қилади. Ҳозирда буддавийлик Япониянинг давлат дини ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |