Жиноий жавобгарлик асослари
III БОБ. Жиноят тушунчаси
1-§ Жиноят тушунчаси ва унинг белгилари
Жиноят ҳуқуқининг Умумий қисми иккита асосий тушунча билан боғлиқ бўлиб, улар жиноят ва жазо тушунчаларидир. Шунга кўра жиноят тушунчаси жиноят ҳуқуқининг энг муҳим ва асосий категориясидир.
ЎзР ЖКнинг 2-моддасида Жиноят кодексининг вазифалари белгиланар экан, шахсни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини, мулкни, табиий муҳитни, тинчликни, инсоният хавфсизлигини жиноий тажовузлардан қўриқлаш, шунингдек, жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларни республика Конституцияси ва қонунларига риоя қилиш руҳида тарбиялашдан иборатлиги кўрсатилиб, жиноятларнинг доираси умумий тарзда баён қилинади. ЎзР ЖКнинг 14-моддасида эса жиноят тушунчаси берилади. Унда Жиноят кодекси билан тақиқланган айбли ижтимоий хавфли қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик) жазо қўллаш таҳдиди билан жиноят деб топилади, дейилади. Демак, жазолаш билан қўрқитиб, жиноят қонунида тақиқланган ижтимоий хавфли қилмишни (ҳаракат ёки ҳаракатсизликни айбли содир этиш жиноят деб топилади. Жиноят — инсоннинг онгли фаолияти, алоҳида кишининг онгли қонун билан тақиқланган ижтимоий хавфли қилмишидир.
Кишининг ҳуқуққа хилоф қилмиши фаол ҳаракат ёки ҳаракатсизликда ифодаланиши мумкин. Инсоннинг ҳар бир ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги унинг онги билан бошқарилган бўлиши керак. Ана шундагина унинг ижтимоий хавфли қилмиши жиноят ҳисобланади.
Инсоннинг ҳар бир яхши ёки, ҳуқуққа хилоф ёхуд жиноий қилмиши, аввало, унинг муайян қилмишни содир қилиш фикридан бошланади. Инсон ҳар бир ҳаракатни бажаришдан олдин уни онгида шакллантириб олади. Аммо жиноят содир қилиш ҳақидаги фикрнинг мавжудлиги жиноий қилмиш ҳисобланмайди. Чунки қилмишни жиноят деб ҳисоблаш учун қилмишда қонунда назарда тутилган шартлар бўлиши керак, яъни жиноят таркибининг барча аломатлари бўлиши керак. Жиноят содир қилиш фикрида эса ҳали шу фикрни амалга ошириш учун шахс ҳеч қандай бирон бир ҳаракат қилмаган ва шу туфайли жиноят таркибининг объектив томонини ифодаловчи ҳаракатлар ҳали содир этилмаган бўлади. Яъни жиноят таркибини ифодаловчи белгилар юз бермаган ва қонун билан қўриқланадиган ижтимоий муносабатларга хавф солинмаган. Ушбу масалалар жиноят босқичлари мавзусида батафсил таҳлил қилинади. Жиноят содир этиш тўғрисидаги фикрнинг мавжудлиги жиноят ҳисобланмаслигини барча жиноят ҳуқуқларида умумий қоида тариқасида қабул қилинган. Аммо айрим юридик адабиётларда таъкидланишича ҳар доим ҳам шундай бўлмаган. Масалан, қадимги Германлар ҳуқуқида ўғрилик жинояти содир қилиш тўғрисидаги фикр ва содир қилинган ўғрилик ўртасида фарқ ажратилмаган: «Агар сен қўрққанинг туфайли ўғрилик қилиш тўғрисидаги ўз фикрингни амалга оширмаган бўлсанг, бари бир ўғриликни ўз фикринг билан амалга оширгансан», деб ёзилган экан17[17].
ЎзР ЖКнинг 14-моддасида жиноятга берилган таърифни таҳлил қилиш орқали унинг белгиларини аниқлаш мумкин ва улар қуйидагилардан иборат:
1) қилмишнинг ҳуқуққа хилофлиги;
2 ижтимоий хавфлилиги;
3) айбнинг мавжудлиги;
4) қилмиш учун жиноят қонунида жазо белгиланганлиги (жазога сазоворлиги).
Ҳар қандай ижтимоий хавфли қилмишда ана шу белгиларнинг барчаси бир вақтда мавжудлиги уни жиноят деб топишга асос бўлади. Ана шу белгилардан биттаси бўлмаса қилмиш жиноят деб топилмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |