10-§. Ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш
Ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш фақат қўшимча жазо тариқасида тайинланадиган жазо туридир. Бу жазо тури ҳарбий ёки махсус унвонга эга бўлган шахс оғир ёки ўта оғир жиноят содир қилган тақдирда, содир этилган жиноятнинг хусусиятига қараб, асосий жазога қўшимча жазо сифатида тайинланиши мумкин.
ЎзР ЖК 52-моддасининг биринчи қисмида ҳарбий ёки махсус унвонга эга бўлган, оғир ёки ўта оғир жиноят учун ҳукм қилинган шахс суд ҳукми билан мазкур унвондан маҳрум қилиниши мумкин.
Ушбу жазо тури содир этилган жиноятнинг оғирлиги ва жиноят содир қилишда айбланаётган кишининг шахсини ҳисобга олган ҳолда, суд ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилишни лозим топса тайинланиши мумкин. Шундай унвон шахснинг олдин эгаллаб турган мансаби, касби юзасидан ҳамда муайян соҳалардаги хизматлари учун тақдирланган бўлиши мумкин. Суд маҳкумни ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилар экан, ҳукмда шахс оғир ёки ўта оғир жиноятни содир қилиб ўз обрўйини тўкканлигини ва бундай унвонга эга бўлишга лойиқ эмаслигини ва ундан маҳрум қилиниши зарурлигини кўрсатади.
Шахс ҳарбий ва махсус унвондан маҳрум қилинар экан, шу унвонга эга бўлганлиги билан боғлиқ бўлган барча имтиёзлардан ҳам маҳрум қилинади.
ЎзР ЖК 52-моддасининг иккинчи қисмида олий ҳарбий ёки махсус унвонга ёхуд Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотига эга бўлган шахс оғир ёки ўта оғир жинояти учун ҳукм қилинганида суднинг ҳукми асосида киритиладиган тақдимномага биноан мазкур унвон ёки мукофотдан маҳрум қилиниши мумкинлиги баён қилинган.
Демак, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳарбий ёки махсус унвондан суднинг ўзи маҳрум қилиб, маҳрум қилинганлигини ҳукмда кўрсатади ва шу ҳарбий ёки махсус унвонни берган идорага маълум қилади.
Олий ҳарбий ёки олий махсус унвон ёхуд Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотидан суднинг ўзи тўғридан-тўғри маҳрум қилмай суднинг ҳукми асосида шундай ҳарбий ёки махсус унвон ёхуд давлат мукофотини берган давлат органига тақдимнома киритади. Суднинг ана шу тақдимномасига биноан шундай олий унвон ёки давлат мукофотини берган давлат органи шахсни олий унвон ёки махсус унвон ёхуд давлат мукофотидан маҳрум қилади.
Ҳарбий унвон — Ўзбекистон РеспубликасиҚуролли кучларида ўрнатилган унвонлардир. ЎзР ЖКнинг 52-моддасида офицерларни ҳарбий унвондан маҳрум қилиш ҳақида гап кетади.
Олий ҳарбий унвон давлат томонидан бериладиган олий унвон бўлиб, бундай олий унвондан маҳрум қилиш ҳақида суд фақат тақдимнома киритади.
Махсус унвон деганда профессор, фан номзоди, фан доктори, мансаб поғонаси бўйича прокуратура ходимларига бериладиган махсус класслар ва ҳоказоларни тушуниш мумкин.
Фахрий унвонлар — масалан, «Республикада хизмат кўрсатган артист» «Ўзбекистон халқ артисти», «Хизмат кўрсатган юрист», «Хизмат кўрсатган қурувчи» ва ҳоказолар ҳам давлат томонидан берилган фахрий унвон ҳисобланади. Бундай фахрий унвонлардан маҳрум қилиш масаласини қонунга биноан, уни берган давлат органи ҳал қилади.
Ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш учун иккита асоснинг ишда бўлиши талаб қилинади:
1) содир этилган жиноятнинг оғир ёки ўта оғир жиноят эканлиги;
2) айбдорнинг шахси: жиноий жавобгарликка тортилгунча ёмон хулқ-атвори, алкоголизм ёки гиёҳвандлик билан шуғулланганлиги, айбдорнинг оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишида ўта раҳмсизлик қилганлиги, қисқаси шундай унвонга эга бўла туриб, нолойиқ ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолда оғир ёки ўта оғир жиноят содир қилганлигидир. Бундан ташқари, ана шундай унвон ва у туфайли берилган имтиёзлардан фойдаланган ҳолда жиноий фаолият билан шуғулланганлиги ва ҳоказолар бўлиши мумкин.
Ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш жазосини ижро этиш жиноят-ижроия кодекси (161-моддаси) билан тартибга солинади.
Маҳкумни ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилишга ҳукм қилган суд, шундай унвондан маҳрум қилиш тўғрисидаги ҳукмнинг нусхасини ана шу унвонни берган органга юборади. Захирадаги ҳарбий хизматчига нисбатан шундай қўшимча жазо тайинланган бўлса, ҳукмнинг нусхаси унинг яшаш жойидаги мудофаа ишлари бўлимига юборади.
Унвон берган органнинг мансабдор шахси маҳкумни унвондан маҳрум қилиш тўғрисидаги ёзувни белгиланган тартибда тегишли ҳужжатларга киритади, бу унвон билан боғлиқ бўлган ҳуқуқ ва имтиёзларни тугатиш чораларини кўради ҳамда ҳукм чиқарган судга ҳукмнинг нусхасини олган кундан бошлаб бир ойлик муддат ичида унинг ижро этилганлиги ҳақида хабар қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |