2385-м о д д а. Суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги аризани
қабул қилишни рад этиш асослари
Судья суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги аризани қабул қилишни ушбу Кодекснинг 152-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этади. Бундан ташқари судья қуйидаги ҳолларда аризани қабул қилишни рад этади, агар:
1) арз қилинган талаб ушбу Кодекснинг 2382-моддасида назарда тутилмаган бўлса;
2) қарздор Ўзбекистон Республикаси судлари юрисдикцияси доирасидан четда бўлса;
3) арз қилинган талабни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса;
4) ҳуқуқ тўғрисида низо мавжуд деб ҳисобланса;
5) аризанинг шакли ва мазмуни ушбу Кодекс 2383-моддасининг талабларига жавоб бермаса;
6) ариза берганлик учун давлат божи тўланмаган бўлса.
Судья аризани қабул қилишни рад этиш тўғрисида ариза судга келиб тушган кундан эътиборан уч кунлик муддат ичида ажрим чиқаради.
Аризани қабул қилишнинг рад этилиши ундирувчининг ана шу талаб бўйича даъво ишини юритиш тартибида даъво тақдим этиш имкониятига тўсқинлик қилмайди.
Шарҳланаётган моддада суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этиш асослари ўз ифодасини топган.
1. Судья суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги аризани қабул қилишни ФПКнинг 152-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этади. Мазкур моддага мувофиқ, суд қуйидаги ҳолларда аризани қабул қилишни рад этади, агар:
1) ариза судда кўришга тегишли бўлмаса;
2) суднинг айнан тарафлар ўртасида, айнан бир нарса тўғрисида ва айнан бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан қабул қилиниб, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёхуд даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечганлигини қабул қилиш ёки тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими мавжуд бўлса;
3) суд айнан бир тарафлар ўртасида, айнан бир нарса тўғрисида ва айнан бир асослар бўйича чиққан низо юзасидан иш юритаётган бўлса;
4) тарафлар ўртасида ушбу низони ҳал қилиш учун ҳакамлик судига топшириш ҳақида ҳакамлик битими тузилган бўлса;
5) иш шу суднинг судловига тааллуқли бўлмаса;
6) ариза муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилган бўлса;
7) манфаатдор шахс номидан аризани иш юритиш ваколатига эга бўлмаган шахс берган бўлса.
Судьянинг ушбу модда 5, 6 ва 7-бандларида назарда тутилган асослар бўйича аризани қабул қилишни рад этиши, башарти йўл қўйилган хатолар бартараф этилса, шу иш бўйича судга иккинчи марта ариза билан мурожаат этишга тўсқинлик қилмайди.
Ундан ташқари, шарҳланаётган модда судья томонидан суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этишнинг махсус асосларини ҳам назарда тутади.
2. Суд буйруғи мазкур Кодекснинг 2382-моддасида назарда тутилган талаблар мавжуд бўлгандагина чиқарилиши мумкин. Мазкур моддада назарда тутилмаган талаблар юзасидан суд буйруғи чиқариш ҳақида мурожаат қилинганда судья аризани қабул қилишни рад этади. Ундирувчи ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида бошқа барча талаблар билан судга умумий асосларда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
3. Қарздор Ўзбекистон Республикаси судлари юрисдикцияси доирасидан четда бўлса ҳам суд буйруғи чиқарилиши мумкин бўлмайди. У мумий қоида бўйича суд мажлисида иштирок этишга жалб қилинмаган тарафга нисбатан чиқарилган суд қарорлари чет давлатлар томонидан, шунингдек, чет давлатларнинг шу тартибда қабул қилинган суд қарорлари Ўзбекистон Республикаси томонидан тан олинмайди ва ижро қилинмайди. Бир вақтнинг ўзида ижро ҳужжати ҳам бўлган суд буйруғини чиқариш тарафларни суд мажлисига чақириб, уларнинг тушунтиришларини эшитиш имкониятидан маҳрум қилиши сабабли қарздорнинг яшаш жойи ёки жойлашган манзили Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида эканлиги суд буйруғини чиқариш ҳақидаги аризани қабул қилишни рад этиш учун ҳам асос бўлади. Қолаверса, 1993 йил 22 январдаги “Фуқаролик, оила ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги Минск Конвенциясининг 55-моддаси б-бандига кўра, жавобгарга ёки унинг вакилига суд чақируви ўз вақтида ва тегишли тартибда топширилмаганлиги муносабати билан процессда иштирок эта олмаган бўлса, қарорларни тан олиш ва ижро этиш рад этилиши мумкин. Шунинг учун ҳам бундай ҳолда ундирувчининг ҳуқуқлари қарздорга суд мажлиси ўтказилиши вақти ва жойи тўғрисида хабар берилган ҳолда ишни суд муҳокамасида кўриш орқали ҳимоя қилинади.
4. Судья суд буйруғини қачонки, ФПКнинг 2382-моддасида назарда тутилган талаблар мавжуд бўлгандагина ҳамда ушбу талабни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилгандагина чиқаради. Шунга кўра, ундирувчи ўз талабини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши лозим, тақдим этилган ҳужжатларда эса ҳуқуқ тўғрисида низо мавжуд бўлмаслиги талаб этилади. Ҳуқуқ тўғрисида низо мавжуд бўлса, мазкур низоли ишлар судда даъво тартибида кўрилиши лозим. Ундирувчининг ўз талабини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмаслиги суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этиш учун асос бўлади.
5. Ундирувчи томонидан ФПКнинг 2384-моддаси талабларининг бажарилмаслиги, яъни ариза берганлик учун давлат божининг тўланмаганлиги суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Ариза берганлик учун давлат божининг тўланмаганлиги сабабли суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги ариза қабул қилиш рад этилгач ҳам ундирувчи қонунда белгиланган миқдордаги давлат божини тўлаши мумкин. Ушбу ҳолатда мазкур суд ажрими суд буйруғини чиқаришга тўсқинлик қилмаслиги керак.
6. Суд буйруғини чиқариш ҳақидаги аризани қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ажрим уч кунда чиқарилиши ва мазмуни бўйича Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 153-моддаси талабига жавоб бериши шарт. Суд буйруғини чиқариш ҳақидаги аризани қабул қилишни рад этиш асосларини суд буйруғини чиқаришни рад этиш асосларидан фарқлай билиш керак. Чунки, Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 2385-моддасида кўрсатилган суд буйруғини чиқариш ҳақидаги аризани қабул қилишни рад этиш асосларидан фарқли равишда, суд буйруғини чиқаришни рад этиш учун ариза қабул қилинганидан кейин тарафлар ўртасида ҳуқуқ тўғрисидаги низонинг мавжудлиги, шунингдек, арз қилинган талабнинг ФПК 2382-моддасида назарда тутилмаганлиги асос бўлади. Аризани қабул қилишни рад этиш ҳамда суд буйруғини чиқаришни рад этиш ундирувчини шу талаб билан даъво тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилмаслиги сабабли, бу тўғрида чиқарилган суд ажримлари устидан шикоят берилмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |