Расмий услубнинг лексик хусусиятлари
Расмий услубда ёзиладиган ҳужжатлар турли-туман бўлганлигидан,
уларнинг лингвистик хусусиятлари ҳам бошқа услублардан фарқ қилади.
Бу услубда қўлланиладиган луғавий бирликлар, терминлар бошқа
услубларда учрамайди. Айниқса, юридик ҳужжатлар тилига назар ташласак,
мазкур ҳужжатлар матнлари таркибида қўлланиладиган сўз ва терминлар катта
бир лексик қатламни ташкил этади: маъмурий жавобгарлик, босқинчилик,
товламачилик, фирибгарлик, айбдор, рецидив жиноят, жабрланувчи,
судланувчи, гувоҳ ва ҳоказо.
Расмий услубнинг термин ва сўзларини қуйидагича таснифлаш мумкин:
1. Дипломатияга оид терминлар: элчи, консул, делегация, баёнот,
декларация, вакил, ультиматум, битим, шартнома, нота, консулхона,
элчихона, декрет, доктрина, аҳднома, коммюнике, конвенция, ратификация,
меморандум, дипломат, протест, музокара, учрашув, расмий визит,
мурожаат, симпозиум, резолюция, парламент, конгресс ва ҳ.к.
2. Ҳуқуқ, қонунга оид терминлар: ҳуқуқ, қонун, конституция, қонунлар
лойиҳаси, модда, жиноят, жазо, босқинчилик, фирибгарлик, нотариус,
криминалистика, енгил жазо, оғир жазо, айблов ҳукми, жиноят объекти,
маҳкум, ўта хавфли реци-дивист, ҳуқуқий онг, даъво ва ҳ.к.
3. Давлат қурилиши ва бошқаруви билан боғлиқ терминлар: давлат,
суверен давлат, унитар давлат, тоталитаризм, республика, давлат герби,
45
давлат байроғи, давлат мадҳияси, конституция, президент, парламент,
Вазирлар Маҳкамаси, президент девони, туман, вилоят, ҳоким ва б.
4. Расмий услуб ҳужжатларида эскирган сўз ва иборалар маълум мақсадда
қўлланади: жаноб, жаноби олийлари, шоҳ, шаҳзода, малика ва ҳ.к. Бундай сўз
ва иборалар, асосан, ҳукуматлараро табрик хатларида қўлланилади.
Расмий услуб ўзига хос грамматик хусусиятлари билан ҳам бошқа
услублардан ажралиб туради:
а) шахс отлари кўп қўлланилади: гувоҳ, даъвогар, терговчи, прокурор,
ижрочи, жавобгар, жиноятчи, эр, хотин, Давлат маслаҳатчиси, вазир,
Вазирлар Маҳкамасининг раиси;
б) феълнинг буйруқ майлидаги луғавий бирликлар фаол ишлатилади:
юклансин,
топширилсин,
аниқлансин,
тайинлансин,
озод
қилинсин,
бажарилсин;
в) феълнинг мажҳул нисбатдаги шакллари ҳам расмий услубга хосдир:
кўрилади, тайинланади, сайланади, бажарилади;
г) қисқартма отлар ҳам қўлланилади: МДҲ, БМТ, ЖК, ЖПК,ФК, ФПК,
ИИВ, ЮНЕСКО ва б.
Расмий услубнинг синтактик қурилиши қатъий ва одатдаги сўз тартибига
риоя қилади, яъни эга гапнинг бошида келса, кесим гапнинг охирида келади.
Шунингдек, аниқловчи бўлаклар аниқланмишлардан олдин қўлланса,
тўлдирувчи феъл кесимга бошқарув йўли билан боғланади.
Расмий ҳужжатлар матни учун асосан икки бош бўлакли содда гаплар ва
мураккаблашган синтактик бутунликлар хос бўлиб, бу гапларнинг аксарияти
дарак ҳамда буйруқ мазмунида бўлади. Бундай гапларнинг кесими, асосан,
буйруқ майлида, мажҳул нисбатдаги феъллар билан ифодаланади. Уюшиқ
бўлакли ва турли мураккаблашган қурилмалар, олмошли ва боғловчи синтактик
алоқалар, расмий-юридик матнларга хос (ёйиқ аниқловчилар, уюшиқ бўлаклар
билан кенгайиб келадиган )...га мувофиқ, -га асосан,- биноан каби киритмалар
расмий услуб синтаксисининг асосий лисоний белгиларидир.
Юристлар амалиётида расмий услуб хизмат қилиши шубҳасиз. Шунинг
учун бу услубнинг лингвистик ва экстралингвистик (тилга боғлиқ бўлмаган)
хусусиятларини етарли ўрганиш уларнинг келгуси ижтимоий ҳаётида сув ва
ҳаводек зарур. Юристлар тузган ҳужжатларнинг барчаси расмий услубда,
адабий тил меъёрлари асосида тузилмоғи лозим. Бунга риоя қилмаслик услубий
хатоларни келтириб чиқаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |